Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:04

Бош прокуратура Солиқ ва Божхона қўмиталарида текширув ўтказмоқда


Ўзбекистон давлат солиқ қўмитаси
Ўзбекистон давлат солиқ қўмитаси

Ўзбекистон Бош прокуратураси терговчилари президент топшириғига мувофиқ Давлат солиқ қўмитасида кенг кўламли текширув олиб бормоқда. Солиқ қўмитаси мулозимларидан кўрсатмалар олинмоқда ва ҳужжатлар муҳрланмоқда.

Озроқ миқёсда, ўхшаш текширувлар Давлат божхона қўмитасида ҳам олиб борилмоқда.

Озодлик исмларини сир сақлаш кафолати билан солиқ, ички ишлар ва божхона мулозимлари билан бу борада алоқада бўлди.

31 январь куни Миллий хавфсизлик хизматининг қудратли раҳбари Рустам Иноятов лавозимидан четлаштирилгач, унинг қудаси Солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев узра қора булутлар пайдо бўлди,” деди текширувлар ҳақида биринчи бўлиб хабар тарқатган журналист Сергей Ежков.

Генерал Ботир Парпиев
Генерал Ботир Парпиев

Ўзбекистон Бош прокуратураси ходимининг Озодликка шахси сир қолиш шарти билан билдиришича, Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси бошлиғи, генерал Ботир Парпиев бир неча кундан буён шифохонада даволанмоқда.

Жараёндан хабардор солиқчининг Озодликка айтишича, прокуратура ва Ҳисоб палатаси ўтган ҳафтада Солиқ қўмитасида бошлаган текширув давомида кўп миллион долларлик (дастлабки маълумотларга кўра, 70 миллиард сўм) камомадни аниқлаган ва натижада текширув кўлами жиддийлашиб кетган.

Ўзининг махфий манбаларига таянган ҳолда хабар тарқатган "Узметроном" сайти дастлаб 20 кишидан иборат “терговчилар десанти” 65 кишига етгани ҳақида ёзди.

Сайтга кўра, текширувдан кўзланган мақсад солиқ текширувларини амалга ошириш жараёнида эҳтимолий жиноий ва коррупцион схемаларни аниқлашдан иборат.

Текширувларнинг 15 апрелгача давом этиши,натижаларнинг эса Президент Мирзиёвга тақдим этилиши айтилмоқда.

28 декабрда Озодлик Ботир Парпиевнинг октябр ойида истеъфога чиқишни сўраб президент номига ариза топширганини хабар қилганди.

Давлат солиқ қўмитасидаги мулозимнинг айтишича, олиб борилаётган текширувлар натижасида, ҳеч бўлмаганда, солиқчилар сони янада қисқартирилиши мумкин.

2017 йил 1 август куни имзоланган президент қарорига кўра¸ солиқ хизмати жами ходимлари сони 12 131 нафар, марказий аппарат бошқарувидагилар сони эса¸ 263 нафар этиб белгиланганди.

Кичикроқ қўламда бироқ ўхшаш текширувлар Давлат божхона қўмитасида ҳам бораётир.

Озодликнинг бу идорадаги манбасига кўра, текширув натижасида Божхона қўмитаси функциясининг Молия вазирлигига ўтказилиши ҳақидаги гап-сўзлар тарқаган.

Шу боис тизимда кўп йиллар хизмат қилган ходимлар нафақага чикиш ҳаракатида. Бугунгача тахминан 266 та ходим ўз хоҳиши билан ишдан бўшашни сўраб ариза ёзган. Қўмита марказий аппаратида қисқартириш ишлари олиб борилмоқда,” дея маълум қилди Божхона ходими.

Журналист Сергей Ежков Ўзбекистон раҳбариятида Японияда мавжуд тизимга ўхшаш Божхона ва Солиқ қўмиталарини Молия вазирлиги тасарруфига ўтказиш ғояси мавжудлигини айтди.

XS
SM
MD
LG