Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:03

Тожикистонда барча радиоларга президент китобларини ўқиб эшиттириш буюрилди


Имомали Раҳмон
Имомали Раҳмон

Тожикистон давлат телерадио қўмитаси қарорига биноан, жорий ҳафтадан бошлаб мамлакатдаги давлатга қарашли ва хусусий радиостанциялар президент Имомали Раҳмоннинг китобларини аудио шаклда эшиттиришни бошлайди. Қарор талабларини ижро этмаган радиостанциялар фаолияти тўхтатилади.

Тожикистон давлат радиоси раиси Фаррух Зиёевнинг Озодлик радиосига айтишича, бу тадбир “мамлакат ватандошлари орасида ўз-ўзини англаш ва ватанпарварлик туйғусини юқори даражага чиқариш” мақсадини кўзлаб йӯлга қўйилмоқда.

Унинг билдиришича, президент Раҳмоннинг китобларини ўқиб эшиттириш учун хушовоз актёрлар ва санъаткорлардан иборат 10 кишилик гуруҳ тузилган.

Имомали Раҳмон асарларида, асосан, ўтмиш ва бугунги кунда миллат тақдирига таъсир этаётган сиёсий жараёнлар ҳақида сўз боради. “Ориёндан Сомониёнгача” ва “Тожикистон тарих кўзгусида” асарлари шулар жумласидандир.

Имомали Раҳмон қаламига мансуб китоблар сони 20 дан ошган.

Бу китобларнинг ҳаммаси у ҳокимият тепасига келганидан сўнг битилган.

Тиражи 50 мингдан 200 минг донагача бўлган бу асарлар жуда юқори сифатли қоғозда ва диққатни тортувчи муқова ҳамда ном билан чоп этилган.

Тожикистондаги хусусий радиолардан бири масъул ходимининг Озодлик радиосига айтишича, Президент Раҳмон китобининг аудиоси узун ва зерикарли бўлиб, бундай эшиттиришлар тингловчилар сонининг озайишига олиб келиши мумкин.

Аммо унинг таъкидлашича, агар телерадио қўмитаси қарори бажарилмаса, қўмита радиони бутунлай беркитиб юбориши мумкин.

Таҳлилчи Хуршед Атовулло фикрича, бундай “бадиий эшиттиришлар”ни шахсга сиғинишнинг ёрқин намуналари сирасига киритиш мумкин.

“Бу шунчаки хўжакўрсинга қилинаяпти, президент асарларига ишқибоз эканликларини кўз-кўз қилишмоқчи. Менимча, кўпчилик бундай “бадиий эштиришлар”га эътибор қаратмайди”- деди Хуршед Атовулло.

Имомали Раҳмон Тожикистонни қарийб чорак асрдан бери бошқариб келади.

Охирги пайтларда тожикистонлик хонандалар Имомали Раҳмонни улуғлаб қўшиқлар ижро эта бошлаганлар.

Тожикистон раҳбари бундан олдин бир неча бор мулозимларини ўзига лаганбардорлик қилмасликка чақирганди.

Жумладан ўз шарафига уюштираётган тўкин-сочин зиёфатлардан хижолатда эканини айтиб, бу каби лаганбардорликни бас қилишга буйруқ берганди.

XS
SM
MD
LG