Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:24

Сурхондарёда президент “кўзи” учун қурилган иссиқхоналар бузиб олиб кетилди


Қудуқсой маҳалласига қурилган ўнлаб иссиқхонадан шу қолган, холос.
Қудуқсой маҳалласига қурилган ўнлаб иссиқхонадан шу қолган, холос.

Сурхондарё вилоят, Бандихон туман, Қудуқсой маҳалласига қурилган ўнлаб иссиқхона бузиб олиб кетилди.

Қудуқсойликларнинг айтишларича, президент ташрифи учун қурилган иссиқхоналар Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига 1-2 июнь кунлари қилган сафари чоғида Бандихон туманига ўтмаганидан сўнг бузилган.

Аввал сув олиб келинмай қурилган бу иссиқхоналарга аҳоли ҳеч нарса эка олмаган ва президент вилоятга келиб-кетганидан сўнг, қурувчи фирмалар бузиб олиб кетган.

Туман ҳокими Ўткир Чориев бу иссиқхоналар кўзбўямачилик учун қурилганини инкор қилар экан, айни пайтда ўша жойга сув чиқариш ва иссиқхоналарни қайтадан барпо этиш учун ҳаракат олиб борилаётганини айтди.

Янги ташкил этилган Бандихон туманининг Қудуқсой маҳалласида қарийб икки гектар ерга эрта баҳорда қурилган иссиқхоналар президентнинг Сурхондарё вилоятига 1-2 июнь кунлари қилган сафаридан сўнг, қурувчи ташкилотлар томонидан бузиб олиб кетилди.

Қудуқсойликларнинг Озодликка юборган шикоятида айтилишича, аҳоли иш билан таъминланаётганига мисол сифатида қурилган ва президентнинг ўзи ташкил этган туманга келиб қолиши эҳтимоли борлиги учун қурилган бу иссиқхоналар кўзбўямачилик мақсадида, аввал сув олиб келинмасдан бунёд этилган:

Президент ташрифи учун хўжакурсинга қурилган иссиқхоналар кимга керак.

“Туманимизга президентнинг эҳтимолий ташрифи кутилиб, ишсиз камбағал оилалар учун туну кун меҳнат қилиниб анчагина иссиқхоналар қурилган эди. Лекин президент Бандихонга келмаганидан сўнг иссиқхоналар бузилиб, олиб кетилди. Бу жойда фақат биргина авария ҳолатидаги иссиқхона қолди. Президент ташрифи учун хўжакурсинга қурилган иссиқхоналар кимга керак. Туман ҳокимлиги халқни ва президентни шу усул билан алдамасдан, қурилган тайёр ўнлаб иссиқхонани бузмасдан, камбағал ишсиз оилаларга бўлиб берса яхши ва савобли бўлмасдими?”

Исми сир қолишини сўраган қудуқсойликлардан бирининг Озодликка айтишича, аввал сув чиқармасдан чўл ҳудудда иссиқхона қилиш, ҳожатхонасиз уй қуриш демакдир:

Президент келгунча иссиқхоналар қаққайиб ётди, кейин қурувчи ташкилотлар яна бузиб олиб кетишди.

“Ҳокимимиз халқни ўйлаб қурган бўлса, нега аввал бунча гектар жойни халқ қандай суғоради, сувни қаердан олади, деб ўйламади. Сув канали биздан бир ярим километр узоқликда. У ерда битта насос бор, фермер пахтасига ўша ердан сув олади ва ўзига аранг етказади. Баҳорда қурилиш бошланганда биз жуда хурсанд бўлган эдик. Аҳолига ҳам кредит олинглар, 10-15 сотихдан бўлиб берамиз, дейишди. Лекин одамлар ҳам гўл эмас, кредитни олиб қўйиб, кейин сувсиз қолиб, емаган сомсаси учун пул тўлашни хоҳламади ва одамлар бундан бош тортди. Президент келгунча иссиқхоналар қаққайиб ётди, кейин қурувчи ташкилотлар яна бузиб олиб кетишди”.

Бошқа бир қудуқсойликнинг айтишича, ҳозир у ерда битта бузилиб ётган иссиқхона қолган:​

Қишлоғимиздаги эркакларнинг 80 фоизи ишсиз, йигитларимиз ҳар жойда устачилик қилиб кун кўради.

“Иссиқхонага яқин жойда Эшон бова деган одамнинг уйи бор. Битта ўша водовоз билан сув ташиб деҳқончилик қилди. Лекин мошина билан сув ташиб етказиш қийин, уловидан тушови қимматга тушади. Қишлоғимиздаги эркакларнинг 80 фоизи ишсиз, йигитларимиз ҳар жойда устачилик қилиб кун кўради. Агар шу иссиқхоналарга сув етказилиб берганда эди, ҳақиқатан ҳам анча одам ишли бўлиб қолар эди. Энди уни нима учун қуришдию, нима учун бузиб олиб кетишди? Бу саволга фақат ҳоким жавоб бериши мумкин?”

Озодлик ҳам қудуқсойликнинг айнан шу саволини Бандихон тумани ҳокими Ўткир Чориевга берди. Ҳоким иссиқхоналар аҳолини ишли қилиш учун қурилганини айтар экан, аммо сув масаласини ҳал қилишга иқтисодий имконият етмай қолганини таъкидлади:

Бир ҳафтанинг ичида сув масаласи ҳал бўлади!”

“Бу иссиқхона насоси ва трубасига 600 миллион сўмлик маблағ талаб этиларди, ҳозир шу ҳал бўлди, плюс ўша ердаги аҳоли ҳам сув билан таъминланади. Иссиқхоналарни қурган таъминотчилар ўзлари бузиб олиб кетишди, чунки талабгорлар бўлмади. Сув масаласи ҳал бўлса талабгорлар бор. У ерда 30 гектар майдонга иссиқхоналар қурилади. Президент ташрифи учун қурилиб, кейин бузиб олиб кетилди, деган иддаоларда умуман асос йўқ. Бир ҳафтанинг ичида сув масаласи ҳал бўлади”.

2010 йил 24 декабрда ҳукумат қарори билан Сурхондарё вилоятининг Бандихон тумани тугатилиб, унинг ҳудуди Қизириқ туманига бирлаштирилганди.

Президент топшириғи билан 2020 йилнинг 31 январида «Сурхондарё вилояти таркибида ташкил этилган Бандихон тумани ҳокимлигининг ташкилий масалалари ҳамда 2020—2022 йилларда туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарори қабул қилинди ва янги туман расман ташкил этилган эди.​

Ўзбекистонда президент ташрифига кўзбўямачилик қилиш марҳум президент Ислом Каримов даврида муҳим сиёсий тадбирларнинг бир қисмига айланган эди.

Мирзиёев иқтидорга келганидан кейин ўзининг жойларга ташрифи олдидан вилоят, туман ва шаҳарлардаги мутасадди раҳбарлар томонидан қилинаётган кўзбўямачиликларни бир неча бор қоралаган.

Аммо бу танқидларга қарамай, кўзбўямачилик ҳолатлари давом этаётгани кузатилмоқда.

XS
SM
MD
LG