Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:58

"Ал-Азҳар", сохта паспорт ва Миср ҳибсхонаси. Сурияга кетгани иддао қилинган марғилонлик оила ҳикояси


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Мисрда ҳибсга олинган марғилонлик Абдужаббор Ташбалтаевнинг (паспорт бўйича фамилияси - таҳр.) оиласи унинг бегуноҳлиги ва асоссиз равишда қидирувга берилгани, Ўзбекистонга қайтарилгани тақдирда қийноқларга юз тутишини айтмоқда.

6 ойдан бери ҳибсда қолаётган 37 яшар Абдужаббор Ташбалтаев, яқинларининг айтишича, 2014 йилда унга нисбатан Ўзбекистонда Жиноят Кодексининг 159, 222-1, 244-2-моддалари бўйича сиртдан айблов эълон қилинган.

Ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари уни ўзбекистонликларни Сурияга урушга ёллашда гумон қилиб, қидирувга берган.

Яқинлари Мисрда қалбакилаштирилган паспорт билан ушланган ва маъмурий жавобгарликка тортилган Ташбалтаев Ўзбекистонга қайтарилгани тақдирда асоссиз айблов ва қийноқларга юз тутиши мумкинлигидан хавотирда.

У билан бирга Мисрда яшаётган икки укаси, синглиси ҳамда Марғилондаги онаси Ташбалтаевнинг Миср ҳибсхонасидан озод этилишида кўмак сўраб, инсон ҳуқуқлари ташкилотларига мурожаат қилишган.

Мисрдаги ҳибс

Оиласи тақдим қилган ҳужжатларга кўра, асли марғилонлик 37 яшар Абдужаббор Ташбалтаев ўтган йилнинг 17 октябрида Мисрнинг Марса Матрух шаҳрида қўлга олинган.

Ташбалтаевнинг, у билан бирга Мисрда яшаётганини айтган укаси Абдулазиз Мамасодиқов (акаси отасининг фамилиясида, укаси эса бобосининг исми билан берилган фамилияда эканини айтмоқда - таҳр.) Озодликка Марса Матрух прокуратурасидан берилган ҳужжатни ҳамда ҳужжатнинг инглиз тилига таржимасини тақдим қилди.

Абдулазиз Мамасодиқов тақдим этган ҳужжат. Озодликда бу ҳужжат ва ундаги маълумотларнинг ҳақиқийлигини тасдиқловчи маълумот йўқ.
Абдулазиз Мамасодиқов тақдим этган ҳужжат. Озодликда бу ҳужжат ва ундаги маълумотларнинг ҳақиқийлигини тасдиқловчи маълумот йўқ.

Марса Матрух прокуратураси томонидан 16 январь санаси билан берилган ҳужжатда, А. Ташбалтаевга нисбатан очилган маъмурий иш тафсилотлари қайд этилган. Унда прокурорнинг биринчи ўринбосари имзоси акс этган. (Озодликда бу ҳужжат ва ундаги маълумотларнинг ҳақиқийлигини тасдиқловчи қўшимча маълумот йўқ.)

Ҳужжатда қайд этилишича, 2021 йилнинг 17 октябрида шаҳарда ўтказилган текширув пайтида Абдужаббор Ташбалтаев ёнида икки давлат - Украина ва Ўзбекистон паспорти билан қўлга олинган. Қайд этилишича, паспортларда Ташбалтаевнинг расми айни, аммо шахсига оид маълумотлар ҳар- хил.

Абдулазиз Мамасодиқовга кўра, шундан буён акаси ҳибсхонада сақланмоқда ва уни Ўзбекистонга қайтаришлари мумкин.

“Акам 6 ойдан бери ҳибсда. Сохта ҳужжат билан ушланди, деб олинган. Уни Ўзбекистонга бериб юборади, деб хавотир қиляпмиз. Ўзбекистонда ноҳақ айблов қўйилган, қидирувга берилган ва уни ерда қийноққа солишлари мумкин, зулм бўлиши мумкин. Ҳозир бир неча кундан бери акамдан дарак йўқ, адвокатлари ҳам жим",- деди Абдулазиз Озодлик билан суҳбатда.

Галатой маҳалласидаги йиғилиш

Оиласи берган маълумотга кўра, А. Ташбалтаев Ўзбекистонда Жиноят кодексининг 159, 222-1, 244-2-моддаларида айбланиб, қидирувга берилган.

Укаси Абдулазизнинг даъвосича, аслида акаси 2012 йилда ўқиш учун Мисрга борган ва “Ал-Азҳар” университетида ўқиган, буни тасдиқловчи ҳужжатлари бор.

Абдулазиз 2012-2014 йиллар орасида, икки ука ва бир сингил ҳам, оиласи ва болаларини олиб, акасининг олдига - Мисрга кетишгани, шундан буён у ерда яшаётганини иддао қилмоқда.

"Лекин булар акам ва унга қўшиб бизниям орқамиздан айблашган. 2014 йилнинг охирларида мактабда йиғилиш қилишиб, отамни турғизиб қўйишиб, изза қилишган. Отам: “Болаларим Мисрда, ўқишга кетган" деса, гапиртиришмаган. Ўша йиғилишни съёмка қилиб, 2015 йилнинг январ ойида олдин Марғилон телеканалида, кейин Ўзбекистон телеканалида кўрсатишган, маҳаллани олдида изза қилишган, маҳалладан кўчирамиз, дейишиб", - дейди Абдулазиз Мамасодиқов.

Матбуотдаги чиқишлар

2015 -2016 йиллар орасида бир неча Интернет нашрларида А. Ташбалтаевга қўйилган айбловга оид тафсилотлар берилди.

Жумладан, 12news.uz нашри 2015 йилнинг 24 июль куни, Ташбалтаевнинг “Туркияда туриб, марғилонликларни ИШИД (“Ислом давлати” террор гуруҳи - таҳр.) сафига ёллагани”, шунингдек, “ўз оиласи 20 аъзосининг мамлакатдан чиқишини ташкиллаштиргани фош қилинди”, деб хабар қилган.

Сentral.asia-news.com ва 365info.kz сайтлари, 2016 йилнинг август ойида, Адлия вазирлиги вакили Жаҳонгир Темировга таяниб, “Марғилонда яшовчи Ташбалтаев, ўз қариндошларидан 20 кишини Сурияга кетишга ёллаган”, деган хабарга ўрин берган.

РИА Новости агентлиги эса, Сурияга бораётган фуқароларга пора эвазига паспорт ясаб берган Фарғона вилояти ИИБ подполковниги Одилжон Солиев қамалганини ҳам илова қилди.

Аммо Озодликнинг аниқлашича, 2016 йилда Одилжон Солиев ва яна бир неча масъул шахс ҳамда фуқароларга нисбатан Фарғона шаҳар судида кўрилган жиноят иши материалларида "Сурияга бораётган фуқароларга паспорт ясаб берилгани" билан боғлиқ айблов эпизоди йўқ.

Одилжон Солиевнинг ўзи Андижон вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 17 март кунги ажрими билан тўлиқ оқланган (Ажрим нусхаси Озодликда мавжуд).

Бу воқеалар содир бўлган пайт - 2014 йилнинг июнь ойида, Сурияда “Ислом давлати” террорчи гуруҳи ҳалифалик эълон қилганди. Ғарб давлатлари махсус хизматлари гуруҳга қўшилганлар орасида юзлаб ўзбекистонлик борлигини айтган.

Озодликнинг Марғилон шаҳридаги манбалари 2015 йилнинг октябрь ойида Марғилоннинг Галатой маҳалласидаги оила, унинг 18 аъзоси Сурияга кетди, деган айблов билан маҳалла қўмиталари ва ҳокимиятда бир неча бор муҳокама қилинганини тасдиқлашган.

Фарғона вилоят прокуратураси шаҳардаги жоме масжидлари имомларидан аҳолини огоҳлантиришни талаб қилаётгани айтилган.

Озодлик мухбири Ташбалтаевларнинг Галатой маҳалласида истиқомат қилувчи оиласидан такрор-такрор изоҳ олишга уринган, оила Озодликка маълумот беришдан бош тортган эди.

Ўзбекистондан кетиш

Жорий йил апрель ойида Озодликка Мисрдан боғланганини айтган Абдулазиз Мамасодиқовнинг даъво қилишича, акасига қўйилган айблов асоссиз.

У акаси ва у билан бирга Сурияга кетди, дея қидирувга берилган оиланинг яна 3 аъзоси - икки ўғил ва бир қиз, уларнинг турмуш ўртоқлари - Сурияга боришмаган.

“Акам Мисрда ўқиш учун 2012 йилда кетган ва “Ал-Азҳар” университетида ўқиган. Кейин акамни орқасидан 2013 йилда опам оиласи билан кетган. Кейин 2014 йилда яна бир акам ва кейин мен кетганман. Ҳеч биримиз Сурияга бормаганмиз. Ҳамма гап ёлғон, туҳмат”, -деди Абдулазиз Мамасодиқов.

Озодлик билан гаплашган оиланинг яна бир аъзоси, 39 яшар Абдусамат Ташбалтаев ҳам айни иддаони такрорлади. Унинг айтишича, юртдан бирин -кетин чиқиб кетишларига, оиласи диндор бўлгани учун 2008 йиллардан бошлаб таъқиб остида қолгани сабаб бўлган.

“Тазйиқ биринчи Абдужабборга нисбатан бошланган. Россияда ишлаб юрган пайтларида, зулмга қарши гапиргани, жим турмагани учун. Озодликка ҳам интервью берганман, деган кейин, бизга айтмаган, билмаганмиз. Кейин Ҳиндистонга қонуний йўл билан 6 ойга ўқишга бориб келганидан кейин, зулм яна кучайган. Бутун оиламизга нисбатан. Энди у пайтда мусулмонларга зулм жуда кучли эди. Шунинг учун, биз Ўзбекистондан чиқиб кетганмиз. Мисрга борганмиз, ўшандан бери Мисрдамиз. Уйимизга МХХдан (ҳозирги ДХХ - Давлат хавфсизлик хизмати) одамлар келганда, бу ердаги ҳужжатларимиз, уйларимизни расми, видеоларини ҳам ташлаганмиз, кўришган. Билишади қаерда эканимизни. Лекин ҳеч қайсисини инобатга олишмаган”, дейди Абдусамат Ташбалтаев.

Марғилонлик ака-укалар, ҳозир ҳибсда қолаётган иниси Абдужаббор Ташбалтаев Ўзбекистонда айбланиб қидирувга берилгани боис Мирсда қамалиб қолгани, шунинг учун ҳужжатларининг муддати тугаб, бошқа давлат фуқаролигини олаётганда алданиб қолганини иддао қилмоқда.

Уларга кўра, Абдужаббор ўзбек махсус хизматлари сўрови билан Мисрда ҳам қидирилган.

“2017 йили акам Мисрда ҳам қидирилган. Aкам қўлга тушмаган, аммо мен ва опамнинг турмуш ўртоғини Миср хавфсизлик хизмати ходимлари ушлаб кетишган ва уларда акамнинг паспорти нусхалари бор эди. Ҳозир акамдан ҳеч қандай хабар йўқ. Бутун оила хатар остида қолган. Бизларга инсон ҳуқуқлари ташкилотлари зудлик билан кўмак беришларини сўраймиз”, - дейди Абдулазиз Мамасодиқов.

Ака-укалар Сурияга бормагани ва террорчи гуруҳлар сафига кирмаганини тасдиқлайдиган ҳужжатларга эга экани ва уларни тегишли идораларга тақдим қилишга ҳозирлигини айтмоқда.

Айбсизлик презумпцияси

Озодликка тақдим этилган 30 дан ортиқ ҳужжат орасида паспорт, виза ва Мисрда берилган шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари мавжуд. Аммо Озодлик бу ҳужжатлар ва улардаги маълумотларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш имконига эга эмас.

Озодлик ихтиёрида Ташбалтаевлар оиласидан бирон киши, жумладан, ҳибсда қолаётган Абдужаббор Ташбалтаевнинг ўзи Сурияга боргани ёки бормаганини мустақил равишда тасдиқловчи маълумотлар мавжуд эмас.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов, Ташбалтаевлар оиласи ҳақида Озодликка маълумот бера олмаслигини айтди.

Матбуот котибига кўра, алоҳида шахсларнинг қидирувга берилгани, уларга нисбатан тергов-суриштирув ишлари ҳақидаги маълумотлар, айбсизлик презумпциясига биноан жамоатчиликка ошкор қилинмайди.

Ғиёсов, шунингдек, Жиноят кодексининг конкрет моддалари билан айбланиб, қидирувга берилган фуқаролар хорижда ҳибсга олинса, қонуний тартибда Ўзбекистонга қайтарилиши ва уларга нисбатан очилган жиноят иши мантиқий якунига етказиб, иш судда ечим топишини эслатди.

Ҳимоячилардаги хавотир

Марғилонлик оила ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Атаева, Ўзбекистонда ҳануз одил судлов йўқлигини таъкидлайди.

Париждаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Атаева.
Париждаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Атаева.

Ҳимоячига кўра, агар Абдужаббор Ташбалтаев юртига қайтарилса, айби исботини топмай туриб қийноққа солиниши ва асоссиз қамалиши эҳтимоли катта:

Ташбалтаев терроризмга алоқадорликда айбланган ва гўёки, Сурияда жанг қилган, деб халқаро қидирувга берилган. У тақдим қилган ҳужжатларга кўра, бу пайтда у Мисрда яшаган ва университетда ўқиган. Ҳозир уни Миср қамоқхонасида қийноққа солишяпти ва ўзбек махсус хизматлари қўйган айловни тан олиб, иқрорлик кўрсатмаси беришган мажбурлашяпти. Худди шундай сабаблар билан оиланинг бошқа аъзолари ҳам таъқиб қилинмоқда. Улар ҳам ҳибсга олиниш ва қийноққа солиниш хавфи остида. Унинг ота-онаси ва Ўзбекистонда яшаётган бошқа қариндошлари ҳам дискриминацияга учраган. Агар Ташбалтаев​ Ўзбекистонга экстрадиция қилинса, унга нисбатан суд адолатли бўлишига умид қилиш, соддалик бўларди. Ўзбекистонда террорга қарши курашиш шиори остида ўта оғир жиноятлардаги асоссиз айбловлар илгари сурлиши ҳоллари кам эмас. Ҳар бир инсоннинг, унга нисбатан қандай айблов илгари сурилишидан қатъий назар, ўзини ҳимоя қилиш ва қийноқлардан ҳимояланиш ҳуқуқи кафолатланган бўлиши лозим”.

Шавкат Мирзиёев 2016 йилда президентликка келганидан сўнг, турли диний оқим ва радикал гуруҳларга алоқадорликда гумон қилинган 16 мингдан кўпроқ фуқаро "қора рўйхат"лардан чиқарилди.

Шунингдек, "Ислом давлати" террорчи гуруҳи назоратидаги Сурия ва Ироқда бўлган юзлаб ўзбек оилалари ватанига қайтарилди.

Айни пайтда Каримов даврида радикал диний гуруҳларга алоқадорликда айбланиб, қидирувга берилган, аммо Мирзиёев давридаги афвлардан сўнг ҳам хориждан қайтишга қўрқаётган ўзбекистонликлар ҳам кўп. Уларнинг аниқ сони борасида биронта расмий маълумот мавжуд эмас.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, бу каби вазиятда қолаётган ватандошларнинг хавотирларига сабаб мамлакатда ҳануз мустақил ва одил судловнинг қарор топмаганидир.

XS
SM
MD
LG