Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:39

Суриядаги ўзбек жангарилари - ортда қамоқ, олдинда-чи?


Суриядаги ўзбек жангарилари (сурат ижтимоий тармоқларга ўтган икки ҳафта ичида жойланган видеолардан олинди)
Суриядаги ўзбек жангарилари (сурат ижтимоий тармоқларга ўтган икки ҳафта ичида жойланган видеолардан олинди)

Сурияда 11 кун ичида президент Башар Асадни ҳокимиятдан ағдарган қуролли исломий мухолифатнинг Дамашққа юриши чоғида тармоқларда ўзбек тилида сўзлашувчи жангариларнинг ўнлаб видеолари тарқалди.

8 декабрь куни Сурияда Асадлар хонадонининг ярим асрдан кўп давом этган ҳукмронлиги ниҳоясига етди - Башар Асад режими қулади.

Бу режимни қулатган “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” номли қуролли гуруҳ сафида ўнга яқин, жумладан “Тавҳид ва Жиҳод” деб номланган ўзбек жангарилари гуруҳи бор.

АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Туркия, Россия ва БМТ томонидан террорчи сифатида таснифланган “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” шу кунда Сурияда янги ҳукуматни шакллантиришга уринмоқда.

Сўнгги 13 йиллик фуқаролар уруши даврида бу мамлакатда бўлган турли хорижий қуролли гуруҳлар, хусусан, юзлаб жангари ўзбекларга Суриянинг янги иқтидорида ўрин борми ва уларни энди нима кутади?
------------------------------------

Асад режимининг қулаши

28 ноябрь куни ўзини “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом”, деб танитган қуролли жангарилар гуруҳи Сурияда президент Башар Асад армиясига қарши йирик ҳужум бошлади.

Бу гуруҳ ва унинг сафига бирлашган бошқа кичик жангари гуруҳлар Сурия армияси ва унга иттифоқдош бўлган эронпараст гуруҳларнинг Ҳалаб ғарбидаги позицияларига кенг кўламли ҳужумларни амалга оширди.

Асаднинг қуролли мухолифлари ва иттифоқчиларини Суриянинг маҳаллий аҳолиси қўллаб қувватлагани, Сурия армияси аскарлари жиддий қаршилик кўрсатмагани кузатилди.

Аксар экспертлар бундай натижани кутилган ҳол сифатида баҳоламоқда. Уларга кўра, ҳозир Асад режимининг иттифоқчиси бўлган Ҳизбуллоҳ Исроилнинг Ливандаги амалиётларига жавоб бериш билан овора. Асаднинг яна бир иттифоқчиси Россиянинг эса Украинадаги уруш боис, силласи қуриган палла.

“Эронда Ҳизбуллоҳ, Россияда эса “Вагнер” гуруҳлари бор эди. Мана шу гуруҳлар қуролланган мухолифатнинг Асад режимига қарши 2011 йилдаги илк ҳужумларида шу гуруҳлар Асад армиясига ёрдам бериб, рағбатлантирган эди. Бу гал Россия ва Эрондан ёрдам келмаслиги маълум бўлгач, Сурия армиясининг руҳи тушиб кетди. Иккинчидан, Башар Асад режими ўтган йилларда ўзининг иқтисодий ресурслари базасини йўқотди. Ўз аскарларига улар истаган маош, яъни режимга хайриҳоҳликни сақлаши мумкин бўлган маошни бера олмади. Учинчиси ва энг муҳими, қуролланган мухолифат Россия-Украина уруши ёки Тоғли Қорабоғни қайтариб олиш тактикасидаги тажрибани ўзлаштирди, масалан дрон ва бошқа технологияларни қўллашди. Шунинг натижасида Асад армияси таҳликага тушиб, тум-тарақай бўлиб қочиб кетди”, дейди Германиядаги ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи Хуршид Ҳабиб.

Сурия режимининг қуролли мухолифлари 10 кун ичида - жиддий қаршиликларсиз, президент Асадни ҳокимиятдан ағдарди. 8 декабрь куни эса Башар Асад оиласи билан Сурияни тарк этиб, Россиядан бошпана топгани маълум бўлди.

Қуролли тўқнашув сабаблари

10 кун ичида Асадни ҳокимиятдан ағдарган бу қуролли тўқнашув тарихи аслида 2011 йилда бўлган “араб баҳори”дан бошланади.

2011 йилнинг январида Тунис, февралда Миср, Баҳрайн, Ливия каби араб давлатларида аҳолининг оммавий норозиликлари бошланиб кетди.

Бу давлатларда турмуш даражасини ошириш, ҳақ ва ҳуқуқларни таъминлаш ҳамда демократик қадриятларни тиклашни сўраб чиққан халқ намойишлари кузатила бошланди.

Бу давлатлар орасида Сурия ҳам бор эди ва бу намойишлар Асад кучлари томонидан ваҳшиёна бостирилди, аммо тўхтамади.

Боиси, айнан Суриядаги намойишлар илдизи, бошқа араб давлатларидагидан ҳам чуқурроқ тарихга - 1970 йилларда Сурияда бошланган Башар Асаднинг отаси - Ҳофиз Асад бошчилик қилган ҳарбий тўнтариш ортидан алавийларнинг ҳокимиятга келишига тақалади.

Ўшанда Сурияда “алавий” ва “сунний” диний жамоалари ўртасидаги зиддият бошланган ва у 55 йилдан буён тинмаётган эди. Асадлар оиласи “алавий”лардан. Нисбатан секуляр бу диний оқим аввалига Ислом динининг бир бўлаги ҳам ҳисобланмаган. Аммо, 1963 йилда айнан Сурияда бу оқим шиа мазҳабининг бир бўлаги, деб эълон қилинган.

“Ҳар қандай авторитар режимни барқарор ушлаб турадиган тўртта устун бор. Биринчиси, иқтисодий ресурслар базаси. Иккинчиси, ҳарбийлар ва куч ишлатар органларнинг режимга хайрихоҳлиги ёки садоқати. Учинчиси, қудратли ташқи кучларнинг режимга хайрихоҳлиги, манфаатдорлиги ва шу орқали қўллаши. Тўртинчиси, режимнинг бу мамлакатни юксак марраларга олиб кетаётганини кўрсатувчи ва уни оқловчи мафкура. Башар Асад режими мана шу тўрт устуннинг бирин-кетин қулаши оқибатида чил-парчин бўлди”, деб ҳисоблайди Хуршид Хабиб.

1970 йилда ҳарбий тўнтариш ортидан ҳокимиятга келган Ҳафиз Асад мамлакатни ўта қаттиққўл диктатура остида бошқарди. Ҳатто, 1962 йилда эълон қилинган фавқулодда ҳолат режими 2011 йилга қадар ҳам бекор қилинмаган эди.

Гарчи бу намойишлар вақтида салкам 50 йиллик фавқулодда ҳолатни бекор қилган бўлса-да, Башар Асад ҳам отаси каби, намойишларни шавқатсиз қуролли куч билан бостирди.

Бу эса мамлакатда зимдан тинмаган “шиа” ва “сунний” мазҳаблараро низони баттар кучайтирди оқибатда, бу низо Сурия чегараларидан чиқиб, халқаро қуролли можарога айланиб кетди.

Дунёнинг турли давлатларидан “сунний” ва “шиа” мусулмонлари жангчилар сафига қўшилиш учун Сурияга борди. Булар орасида минглаб ўзбекистонлик ҳам қўлига қурол олгани кузатилди.

Бу низо 2017 йилгача - Асад режими Россия ва Эрон кўмагида мухолифларини тор-мор қилгунича давом этди.

“Асад энг тоталитар тизимлардан бирини яратди, бу ерда болалар ўз ота-оналарига, хотин эса эрига қарши шикоят аризасини ёзиб бериши мумкин эди. Асад давлат қурмади, аҳолининг содиқлигини таъминламади, ўз қуролли кучларига сармоя қилмади. Аксинча, ташқаридан ёрдам кутди - биринчи навбатда Ҳизбуллоҳдан, руслардан, мижозлари Эрон ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпусидан ёрдам умид қилди. Қўшинлар ва ижро аппарати учун бу урушга киришига арзийдиган ғоя йўқ эди. Бунинг устига улар ёлчитиб ҳақ ҳам тўланмаган. Натижада, аскарлар қоча бошладилар. Бир кун ичида бутун бошли корпус ғойиб бўлди - 10 мингга яқин ҳарбий жиҳодчилар билан жанг қилмаслик учун шунчаки уйларига кетишди, тарқалиб ҳар тарафга қочди", дейди Сергей Данилов, Россия Яқин Шарқ тадқиқотлари директори.

Қуролли исломий мухолифат

ҲТШ - исломий жангари гуруҳ, аъзолари асосан салафийлар, яъни сунний исломнинг ўта радикал оқими вакиллари сифатида кўрилади.

Бу гуруҳ ва иттифоқчилари Сурияда шариат асосида бошқариладиган давлат ўрнатишга интилишини билдирган.

Гуруҳ Туркия билан алоқаси борлиги айтиладиган “Сурия озодлиги” қуролланган мухолиф гуруҳига байъат келтирганини билдирган ва айни пайтда ушбу мухолифатнинг энг қувватли қаноти кўрилади.

БМТ маълумотларига кўра, 2022 йилда бу гуруҳ таркибида 6 - 15 минг атрофида жангари бўлган. АҚШ разведкасининг баҳолашича, бу гуруҳнинг 5000 дан 10000 гача аъзоси бор.

Гуруҳ 2012 йилда, Суриядаги фуқаролар уруши бошланганидан бир йил ўтиб пайдо бўлган. Дастлаб у “Жабҳат ан-Нусра” ёки “Нусра фронти” номи билан, “Ал-Қоида”нинг Суриядаги тармоғи сифатида фаолият бошлаган.

Унинг етакчиси Абу Муҳаммад ал-Жўлоний, аввалига Ироқдаги “Ал-Қоида” раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодийга бўйсунган.

Кейинчалик Бағдодий “Ал-Қоида” билан алоқаларини узиб, "Исломий давлат" (ИШИД) экстремистик гуруҳини тузгач ва 2014 йилда Сурия ҳамда Ироқнинг бир қисмини ўз ичига олган ҳалифаликни эълон қилгач, Жўлоний бу гуруҳга қўшилишдан бош тортганди.

“Исломий давлат” террорчи гуруҳи 21 аср бошида Яқин Шарқда пайдо бўлган ва дунёнинг ўнлаб давлатини унга қарши курашда бирлашишига сабаб бўлган жуда катта жиноий-террорчи гуруҳ сифатида тарихда қолди.

Бу ташкилотга қарши уруш 4 йил - 2019 йилгача давом этди ва уруш асосан Сурия ҳудудида бўлди. Бу жангларда фаол қатнашган “Нусра фронти” ҳар доим Сурия президенти Асад режимига қарши кураш бош мақсади эканини даъво қилиб келган.

2017 йилда Асад режимидан енгилгач, Жўлоний гуруҳи Суриянинг шимоли-ғарбига чекинди ва у ерда қолган-қутган мухолифлар билан бирлашиб, “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” гуруҳини тузганини билдирди.

Гуруҳ 2018 йилда Вашингтон томонидан террорчи ташкилот сифатида қора рўйхатга киритилган ва унинг раҳбари Жўлонийнинг бошига 10 миллион доллар мукофот эълон қилинганди.

Бунинг ортидан, ҲТШ Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Туркия, Россия ва БМТ томонидан террорчи ташкилот сифатида таснифланган.

Абу Муҳаммад ал-Жўлонийнинг ўзи эса 2016 йилгача Ал-Қоида ташкилотининг Суриядаги бўлими раҳбари сифатида танилганди. Кейинчалик у “Ал-Қоида”дан ажралиб чиқиб, глобал жиҳодга қўшилишни истамаган ва асосий мақсади алавий Асад режимини ағдаришни истаган жангариларни ҲТШга бирлаштирди.

Ҳозирга келиб, 42 яшар Жўлоний ўзини кўпроқ сиёсий лидер сифатида тақдим қилмоқда. У ғарбдаги қатор телеканаллар, жумладан CNN да ҳам чиқиш қилиб, Сурияда ҳукумат тинч йўл билан алмашишини ваъда қилди, унгача Сурия давлат муассасалари амалдаги бош вазир назорати остида қолишини айтди.

NBC News телеканали берган сўнгги хабарларга кўра, шу кунда Байден маъмурияти ҲТШни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқаришни кўриб чиқмоқда. Аммо, бу хабар ҳали Оқ Уй томонидан расман тасдиқлангани йўқ.

“Сурияда давлат ва жамият структураси жуда мураккаб. Бу кўп миллатли ва кўп динли мамлакат. Араблар, курдлар, туркманлар ва бошқа миллатлар бор. Диний жиҳатдан эса сунний мусулмонлар, шиалар, алавийлар, дарзийлар бор ва ҳоказо. Шу маънода, бу ерда мухолфат ҳам бутун, якдил бир ҳаракат эмас. Бундан ташқари, мухолифат сафидаги қуролли гуруҳларни қўллаб турган, турли ташқи кучлар ҳам бор. Ҳозир бу минтақада асосий ўйинчи Туркия бўлиб олмоқда. Аммо, бу ерда курдларни қўллаётган АҚШ ҳарбийлари ва шу кунда Сурияга ҳаводан ҳужум қилаётган Исроил бор. Шунинг учун, кейинчалик Сурияда ташкил қилинган ҳукуматида бошқа дин ёки миллат вакиллари ҳам иштирок этадими? Сурия федератив давлат бўладими ёки унитар бўладими? Президент қандай сайланади ёки тайинланади? Олдиндаги бу жараён аслида қуролланган муҳолифатнинг 13 йил давом этган урушидан ҳам оғирроқ кураш бўлиши мумкин”, деб ҳисоблайди сиёсий таҳлилчи Хуршид Ҳабиб.

Суриядаги жангари ўзбеклар

2000 йилдан бери Сурия ҳокимиятида ўтирган ва бу бошқарувининг сўнгги 13 йилини фуқаролик уруши билан ўтказган Асад режими қуролланган мухолифлари сафида ўзбек жангариларидан иборат “Тавҳид ва Жиҳод” жамоати кўринди.

Ўзининг ўзбекистонлик эканини айтаётган ўндан ортиқ жангари шу кунларда ижтимоий тармоқларда Суриядаги жанг ҳаракатларини фаол ёритмоқда.

Аксари 30 - 40 ёшлар атрофида, жангларда тобланган кўринади. Улар Сурия ҳудудидаги жангларда қатнашиш, унда шаҳид кетишни ўзлари учун олий мақсад, деб айтмоқда. Шунингдек, улар шу кунгача президент Асад ҳокимиятини ағдарган бугунги жангга ҳозирлик кўрганини иддао қилишади.

Аммо, бу ўзбекларнинг Суриядаги бугунги жангларга қаерда ва кимнинг кўмагида ҳозирлик кўргани ҳақида Озодликда аниқ тасдиқланган маълумот йўқ. Айни пайтда, Суриядаги жангларда қатнашган ўзбекистонлик жангариларнинг умумий сони ҳам маълум эмас.

Ижтимоий тармоқларда жорий йил 20 ноябрдан бери қолдирилган постларда Озодлик камида 15 нафар ўзбек кўринганини қайд этди. Уларнинг ҳаммаси ўзбекистонликми ёки қирғизистонлик ўзбекларми - буниси номаълум.

Тармоқларга жойлаган видеоларидан жангариларнинг қўлларида турли русумдаги қуроллар борлиги ва уларнинг тақрибан, Суриянинг шу кунга қадар Асадга мухолиф жангарилари назорати остидаги минтақаларида жон сақлаганини тахмин қилиш мумкин.

Жумладан, куни кеча тармоқларда чиқиш қилган ва ўзини “Тавҳид ва Жиҳод” жамоати бош қўмондони Сайфуддин, деб тақдим қилган ўзбек жангариси ўз гуруҳининг Сурия шимоли-ғарбидаги Идлиб вилоятида жойлашганини айтади.

Озодлик сўнгги икки ҳафта ичида афтидан Суриядан туриб, тармоқларда улашилган чиқишлар ҳамда таҳририятга келаётган маълумотлардан, ҳозирда 200 атрофидаги ўзбек жангариси жангларда қатнашаётгани ва уларнинг асосий қисми ўзини “Тавҳид ва Жиҳод” катибаси аскари, деб аташини аниқлади.

Бундан ташқари, сўнгги ҳафталарда Сурияда бўлган қуролли низони жангарилар сафидан туриб, ўзбек тилида ижтимоий тармоқларда фаол улаша бошлаган ўзбеклар ҳам кузатилмоқда.

Ҳозиргача Сурия ва Ироқ ҳудудида ҳаракатланган ўзбек жангариларининг 2 та гуруҳи маълум - “Имом Бухорий” катибаси ҳамда “Тавҳид ва Жиҳод” катибаси.

2012-2017 йилларда “Имом Бухорий” катибаси - Сурия ҳудуди шаклланган энг йирик ўзбек жангарилари гуруҳи ҳисобланган. Ўзини Шайх Салоҳиддин номи билан танитган асли наманганлик Акмал Жўрабоев "Имом Бухорий" катибаси асосчиси кўрилади. У 2017 йилнинг апрелида ўлдирилган.

Бу гуруҳ ҳали ҳам борми, бўлса, қанча жангариси бор ва улар қаерда - бу ҳақда Озодликда аниқ маълумот йўқ.

Аммо, норасмий манбалар, 2017 йилда етакчиси ўлгач, гуруҳ раҳбарлари ўртасида низо бўлгани, охир-оқибат гуруҳ тарқалиб, унинг бир гуруҳ жангариси “Тавҳид ва Жиҳод” катибаси, бир қисми бошқа маҳаллий террорчи гуруҳларга бирлашгани, яна бир қисми эса Сурия ва Туркияда маҳаллий аҳоли орасига сингиб кетганини айтади.

Турли манбалар, жумладан АҚШдаги The Soufan Group маркази тадқиқотларида, 2014 - 2017 йиллардаги қуролли низолар пайтида Сурияда бўлган бу икки гуруҳ сафида жами 900 га яқин ўзбек жангариси борлиги тахмин қилинган. Аммо, уларнинг аниқ сонига оид таслиқланган маълумот Озодликда йўқ.

“Тавҳид ва Жиҳод” террорчи - АҚШ ва Ўзбекистон

"Тавҳид ва Жиҳод" катибаси 2014 йилда Сурияда ташкил этилган ва тармоқларда эълон қилинган илк кундан буён Сурия президенти Асад армиясига қарши курашишини иддао қилган.

Бу жангари гуруҳ 2014 йилда қирғизистонлик Абу Салоҳ Ўзбекий томонидан тузилгани эълон қилинган. Унинг таркибида асосан, ўзбекистонлик ва қирғизистонлик ўзбек жангарилари борлиги айтилади.

Сўнгги 11 кун ичида бошланиб кетган жанг ҳаракатлари ортидан Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Сурияда юрган икки ўзбекистонликка нисбатан айблов эълон қилди.

Булардан бири 1995 йилда Жиззах шаҳрида туғилган Давлат Тиллабердиевдир.

“Ушбу шахснинг Туркиядаги халқаро террористик ва экстремистик ташкилот таъсирига тушгани, шунингдек, 2019 йилнинг сентябрь ойида айланма йўллар орқали Сурияга чиқиб кетгани аниқланган. Ўша йили Тиллабердиев мазкур давлат ҳудудида “Тавҳид ва Жиҳод катибаси” халқаро террорчилик ташкилотининг Ҳавон ҳарбий базасида махсус тайёргарликдан ўтиб, Сурия ҳукуматига қарши қуролли ҳаракатларда иштирок эта бошлаган”, дейилади расмий айбловда.

Ҳозирда Тиллабердиев, Жиноят кодекси 155-2-моддаси 1-қисми, 244-2-моддаси ҳамда 244-1-моддаси 3-қисмида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбланиб, қидирувга берилгани айтилди.

Яна бири шу кунларда Суриядан туриб ижтимоий тармоқларда Абу Валид лақаби билан тармоқларда чиқиш қилаётган риштонлик жангари.

“Айни вақтда «Абу Валид» лақаби билан интернет тармоқларига видео тасвирлар жойлаб бораётган Нуриддинов Худоёр Бахтиёр ўғлига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қидирув эълон қилинган. Ушбу шахс иштирокидаги видео тасвирларни сақлаш, олиб юриш ва тарқатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади”, дейилади расмий айбловда.

Ўзбекистонда сўнгги йиллар давомида "Тавҳид ва Жиҳод" катибасига алоқадорликда айбланиб, ўнлаб одам қамоқ жазосига ҳукм қилингани расман айтилган. Адвокат Муҳсинжон Мадаминовга кўра, ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари бу масалага қаттиқ киришган.

“Ўзбекистон фуқаросининг бирор террорчи, деб топилган ташкилотга аъзолиги Ўзбекистонда билиниб қолса, масалан Интернетда, YouTube тармоғида қўйган видеоларидан аниқ кўринса, бундай шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Халқаро қидирувга берилади ва терроризмда айбланган шахсларга Интерпол орқали яшил ранг бериб қўйилади, адашмасам. Ўзбекистон бу нарса бўйича кескин курашади. Биқинимизда Афғонистон бор. Ўзбекистонда, тан олшимиз керак, Ислом тез радикаллашиб қолади. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Масалан мен буни Ислом динининг тақибга олиниши натижаси, деб ҳисоблайман. Лекин шундай ҳолат бор. Террорчилик ташкилотига аъзо бўладиган шахс ташкилотга аъзоликка қабул қилиниши билан боғлиқ маълум бир процедурадан ўтади. Мен иш фаолиятимда террорчилик ёки экстремизмда айбланган бирор шахс шундай процедурадан ўтганини тасдиқловчи далил мавжуд бўлган жиноят иши билан тўқнаш келмаганман. Бизда бу амалиёт бироз инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади. Авваламбор, аҳоли онгига таъсир қиладиган даражада - аҳолини диндан қўрқитмасдан, диндор бўлгани учун эса давлатдан қўрқитмасдан, босиқлик билан буни тушунтириш керак”, дейди Муҳсинжон Мадаминов.

Глобал қочқинлар муаммоси

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, Суриядаги можаро қурбонлари сони 220 мингдан ортиқни ташкил қилади.

БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссари берган маълумотга кўра, 2018 йилнинг 1 декабрь ҳолатига, 45 давлатда 6 миллион 664 минг 415 суриялик қочқин расман рўйхатга олинган.

Улардан 1 миллион 999 минг 325 нафари аёл ва 3 миллион 398 минг 852 нафари боладир. Қочқинларнинг асосий қисми Туркияда - 3,6 миллион, Ливанда - 950 минг, Иорданияда - 675 минг, Германияда - 535 минг, Ироқда эса - 252 минг атрофида бўлган.

Яъни, Суриядаги уруш - Европада улкан миграция инқирозини яратди. Ҳозир қатор Европа давлатлари раҳбарлари олдига сайловчилари қўйган асосий талаблардан бири - айнан шу миграция инқирозини ҳал қилиш ва унинг оқибатларини бартараф қилиш бўлиб қолмоқда.

Аксар Ғарб экспертлари, Суриядаги кутилмаган қуролли исённинг айнан ҳозир бўлиши ва Туркия қўллаган мухолифатнинг қисқа муддатда Башар Асад режимини қулатиши ортида - Туркия, Европа Иттифоқи ҳамда АҚШ президентлигига сайланган Дональд Трамп маъмуриятининг муштарак мақсадлари турганини тахмин қилади.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон эса сўнгги йилларда муттасил суриялик қочқинларни юртига қайтаришини ваъда қилиб келаётган эди. Шу кунда ижтимоий тармоқларда минглаб сурияликнинг юртига қайтаётгани акс этган видеолар ёйилмоқда.

Айни пайтда, қатор Европа давлатлари суриялик муҳожирларга бошпана бериш амалиёти ҳозирданоқ тўхтаганини ҳам эълон қилмоқда.

Ҳозирда Сурия президенти Башар Асаднинг қуролланган мухолифларини қўллаган Туркия - сўнги икки ҳафта ичидаги қуролли можародан энг кўп манфаат кўрган давлат бўлиб қолмоқда.

Миллионлаб қочқинга бошпана берган Туркия, айни пайтда, юзлаб эҳтимол минглаб жангари ва террорчига ҳам жон сақлайдиган маконга айланиб қолган эди.

Ўз вақтида Британиянинг The Guardian нашри Туркияда расмий визалар ёпиштирилган қалбаки паспорт ҳозирлашга ихтисослашган онлайн бизнесни фош қилган.

Нашр, бундай жиноий тармоқлардан бирига Сурия ва Ироқ ҳудудига ўтишни кўзлаган жангарилар учун ҳар бир қалбаки паспортни 15 минг АҚШ долларига сотган Туркияда яшовчи ўзбек етакчилик қилишини аниқлаган эди.

Туркия қуролли кучлари ҳам муттасил равишда террорчи гуруҳларга қарши рейдлар ўтказиб туради ва уларда ўзбекистонликларнинг бот-бот қўлга олиниши кузатилади.

Ҳозир бошланган қуролли низолар, Суриянинг қуруқликдаги энг узун чегараси бўлган Туркияда яширинган жангари ва террорчиларни яна Сурияга жалб қилгани эҳтимоли катта.

Аммо, айни пайтда, Сурияда шунинг билан тинчлик бошланадими ёки бу қуролли конфликтнинг янги даврига бошланғичми - бу ҳам мавҳум. Боиси, Асад режимига қарши Идлибда бирлашган исломий жангари гуруҳлар ўртасида ҳам катта-кичик конфликтлар бор ва шу кунга қадар ҳам улар орасида кичик қуролли низолар кузатилаётган эди.

Бундан ташқари, бу ердаги жангари гуруҳларнинг мақсади ҳам бир-биридан фарқли ва аксари, Асад режими қулагач, жиҳодий ҳаракатларини Сурия ҳудудидан ташқарига кўчириш - яъни, глобал жиҳод истагини илгари суради.

Аммо, Асад ҳокимияти ағдарилгач, сўнгги 10 йиллардан буён Сурияда юрган минглаб жангари, жумладан ўзбекистонлик исломий жангариларни нима кутади?

“Бирор давлатда норасмий жангари гуруҳларнинг бўлиши шунақа талотўплар пайтида, фуқаролар уруши ва марказий ҳокимият бошқарув зандири бузилган пайтда вужудга келади. Шунинг учун, бу жангарилар олдида икки имконият берилади. Биринчиси ва қулайроғи, Сурия жамиятига интеграциялашув. Иккинчи ва қийин йўли, уларнинг мамлакатига қайтиши. Бу муаммоли масала. Аввало, уларнинг жангариликда биринчи қиладиган иши ўз паспортини ёқиш анъанаси бўлган. Уларнинг фуқраолигини аниқлаш ва қаердан чиққанини аниқлаш ҳозир осон масала эмас. Энг қулай ечими - ўзлари авторитар режимига қарши курашган Сурияда жамиятига ёпишиб, ўзбекча айтганда, киришиб кетишлари - ўзлари учун ҳам, оиласи учун ҳам яхши”, дейди Хуршид Ҳабиб.

Сўнгги маълумотларга кўра, Сурияда Башар Асад режими ағдарилиши ортидан Муҳаммад ал-Башир ўтиш даври ҳукуматининг муваққат бош вазири этиб танланди.

У 10 декабрь кунги телемурожаатида мазкур лавозимда 1 мартгача ишлашини айтди. Сўнгги ҳужумларга қадар у қуролланган мухолифат тузган “Сурияни қутқариш ҳукумати”ни бошқариб келган.

Бу тузилма Идлиб вилояти дохил мамлакат шимоли-ғарбидаги ҳудудларни назорат қилган. Ал-Башир АҚШ ва бошқа мамлакатларда террор ташкилоти деб тан олинган “Ҳайъат Таҳрир аш-Шом” (ҲТШ) гуруҳи лидери Абу Муҳаммад ал-Жўлонийнинг яқин сафдоши ўлароқ кўрилади.

Ҳозирга қадар қуролли исёнчилар лидерлари янги ҳукумат сайлов йўли билан шакллантирилишини ваъда қилмоқда. Аммо, бу қандай амалга ошади ва олдинда Сурияни нима кутмоқда - буни ҳозирча тахмин қилиш қийин.

Форум

XS
SM
MD
LG