Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:23

Сургун. Ўзбекистонга депортация қилинган қрим-татарлар ҳикояси


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

1944 йилнинг 18-20 май кунлари бир кечада ватани Қримдан юк вагонларига ортилиб, 150 минг қримлик Ўзбекистонга сургун қилинган эди.

Москванинг буйруғи билан сургун қилинган қримликлар Ўзбекистоннинг совхоз, колхоз ва ишлаб чиқариш ҳудудларидаги бўш турган жойларга ерлаштирилди.

Уларнинг 56 мингдан ортиғи Тошкент, 31 минг нафари Самарқанд, қолганлари эса Андижон, Наманган, Қашқадарё ва Бухорога жўнатилган.

Гарчи 1990-йиллар бошида қримликларнинг катта қисми она ватанига қайтган бўлса-да, Ўзбекистоннинг турли вилоятларида ҳануз қрим-татар қишлоқлари бор.

Россиянинг Украинага уруши ортидан Ўзбекистонда паноҳ топган қрим-татарларни ватанларига репатриация қилиш дастури тўхтаб қолгани айтилади.

Бу йил қримликлар сургуннинг 80 йиллигини хотирлашмоқда.


------------------------------------
1944 йилнинг 8 июнида Ўзбекистон ССР Ички ишлар халқ комиссари Йўлдош Бобожонов СССР Ички ишлар халқ комиссари Лаврентий Берияга ёзган мактубида республикадаги қрим-татарлар сонини 151 минг 529 киши, деб кўрсатган.

Сталин ҳукумати, қрим-татарларни кўчириш қарорини уларнинг айрим вакиллари "фашистлар Германияси тарафида урушгани" билан изоҳлаган.

Бутун-бошли халқларнинг ўз тупроқларидан бадарға қилиниши Сталин қатағонларининг алоҳида кўриниши сифатида тарихга кирган.

Жумладан, жиззахлик Наргис Қосимованинг онаси Нария Умерова асли қримлик, Ўзбекистонга сургун қилинган 150 минг қрим-татарлардан бири эди.

Наргис Қосимова, марҳум онаси Нария Умерова билан
Наргис Қосимова, марҳум онаси Нария Умерова билан

Наргиснинг хотирлашича, онаси ўтирган юк поезди эшелонида жами 32 минг Қрим татари бор эди. Эшелон Ўзбекистонгача 1 ой йўл босган:

"Бир ой ичида ўша 32 минг одамдан деярли 8 мингдан кўпроғи йўлда қирилиб кетган. Кейин яна битта нарсани даҳшат билан эслардилар: "Ўликларни кўмишга беришмаган. Агар ёш бола ўлган бўлса, шундоқ вагоннинг деразасидан чиқариб ташлашган. Катта одамларни эса поезд тўхтаганда йўл четига мурдасини чиқариб ташлашарди", дердилар. Бу ўша халққа маънавий зарба берилганидан далолат. Қрим татарлари жуда кўп азият чекди".

Москванинг буйруғи билан сургун қилинган қримликлар совхоз, колхоз ва ишлаб чиқариш ҳудудларидаги бўш турган жойларга ерлаштирилди.

Украинага босқин: 821-кун | Зеленский Марказий Осиё президентларини Украинага чақирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:17 0:00


Уларнинг 56 мингдан ортиғи Тошкент, 31 минг нафари Самарқанд, қолганлари эса Андижон, Наманган, Қашқадарё ва Бухорога юборилган.

Самарқанд вилоятининг қрим-татарлар жойлаштирилган Нарпай тумани кейинчалик Навоий вилояти таркибига қўшилди. У ерда ҳануз қрим-татар қишлоғи бор.

1953 йилнинг 1 январига оид, яъни депортациядан қарийб 10 йил ўтиб муҳрланган расмий қайдларга кўра, Ўзбекистондаги қрим-татарлар сони 20 мингга камайган эди.

Расмий манбалар буни қрим-татарларининг шахсига оид ҳужжатларида маҳаллий "татар" деб қайд этишни истагани билан изоҳланади.

Аммо, қрим-татар фаоллари буни ўз жамоасининг оғир ҳаёти ва меҳнати боис касаллик ва очликдан нобуд бўлгани билан изоҳлайди.

Оч-юпун ҳолда сургун қилинган татарлар аввалига Ўзбекистонда жуда қийин шароитларда, КГБ назорати остида яшаганлар.

Озодлик журналистлари ўтган йили Украинага сафар чоғида Киевда суҳбатлашган 78 яшар Ҳабиба Эрматова асли Тошкент вилоятидан. Отаси ўзбек, онаси Қрим татари.

У ҳам Қримдан қувғин қилинган онасининг Ўзбекистондаги ҳаётини яхши хотирлайди. Айтишича, қримликларни ҳаётда ушлаб қолган асосий нарса - уларнинг меҳнаткаш, яхши деҳқон ва тадбиркорлиги бўлган.

Қрим яримороли географик жойлашуви ҳамда қадимий бой ўтмиши боис, аҳолиси савдо, сиёсат ва деҳқончилик ҳамда чорвани яхши билган.

Қрим яримороли ғарбдан шарққа ёки шарқдан ғарбга йўналган савдо оқими билан бир пайтда, ҳарбий низолар ва урушлар учун ҳам дарвоза бўлиб келган.

Аҳоли тил, дин ва маданияти билан бирга моҳир жангчилари ҳамда қудратли ҳоқонлари билан ҳам минтақада катта ўрин тутгани маълум.

Олтин Ўрда қулагач - 1441 йилда ташкил топган Қрим хонлиги то 1783 йилгача, яъни 350 ҳукм сурган.

Бу хонлик, олти юз йил ҳукм сурган Усмонли ҳалифалигининг вассали бўлган ва қрим татарлари Усмонли тарихида ҳам алоҳида ўрин тутганлар.

Қрим - Марказий Осиёдаги хонликлар учун ҳам муҳим минтақа. Ҳозирга қадар Қримда Бухоронинг сўнгги амири Олимхоннинг саройи сақланади.

Қрим тарихини яхши ўрганган Синовер Қодиров ҳам депортация қилинган қримликларнинг авлоди - Самарқандда туғилган.

Қодиров қримлик сиёсий фаоллардан бири, собиқ совет даdрида сиёсий фаолияти учун қамалган, Ўзбекистонда суд қилинган.

1953 йилга келиб, Иосиф Сталин вафот этгач, Ўзбекистонга сургун қилинган қримликларнинг ҳаёти бироз енгиллашди.

1960-йилларда СССР бўйлаб депортация қилинган барча миллатларга ўз юртларига қайтишгв рухсат берилди, аммо қрим-татарларга рухсат тегмади.

Тарихий ҳужжатларда бунинг сабаби ватанида уларга ер-жой қолмагани, бу жойлар СССР раҳбарияти кўчириб келган бошқа аҳоли томонидан эгаллангани айтилади.

Қримлик фаоллар ўшанда Марказқўмга иккита таклиф киритилганини эслашади. Бири ғ қримликлар учун Жиззах ҳудудида алоҳида автономия ташкил қилиб бериш, яна бири эса шундай ҳудудий бирликни Қашқадараё вилоятининг Муборак туманида ташкил қилиш.

Синовер Қодировга кўра, бу таклифни ўша кезларда Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси Марказий қўмитаси биринчи котиби бўлган Шароф Рашидов қувватлаган.

Аммо, буни Рашидов эмас, охир-оқибат Москва ҳал қиларди. Рашидов эса бу лойиҳаларга қарши эмас эди, сабабини айтай: биринчидан, биз тил жиҳатдан яқин эдик, эътиқодда яқин эдик, шунингдек меҳнаткашлик, турмуш маданияти, ўқимишлилик даражаси бўйича ҳам биз Рашидовга кўпроқ маъқул эдик. Чунки, бу пайтда Москва нафақат бизни келтирди, айни пайтда у рус тилидаги аҳолини ҳам келтириш, ўзбеклар билан қориштириш ва ассимиляция қилишга уринаётган эди. Яъни, Рашидов ва атрофидагиларнинг тушунчасида биз уларга яқинроқ эдик. Қолаверса, яна бир нарсани унутмаслик керак, бизнинг вакилларимиз 1930-йиллардаёқ Ўзбекистонда эди, мамлакатда ўша кездаги ҳукумат билан ишлаган эдилар.

Бизда миллий ҳаракатнинг энг эски фаолларидан бири бор эди – унинг лақаби Мустафо большевик эди - Мустафо Ҳалилев. У сиёсий раҳбарият билан яқин алоқада эди. Яъни, ўша кезда биз кетмасак ўрнимизни кимдир эгалларди ва бу ўзбеклар бўлмасди. Шу ерда мен сизга яна бир нарсани айтаман, бу масалада диаметрал қарама-қарши позиция бор эди. Ўзбекистон бизнинг кетишимизни истамаса, Украина келишимизни истамасди. Чунки, Қримни Украина ўз ҳудуди, деб ҳисоблай бошлаганди. Шунинг учун Ўзбекистонда биз уйларимизни сотолмасдик, қайддан чиқолмасдик ва айни пайтда Қримдан уй ололмасдик ҳамда қайдга туролмасдик, у ердан иш тополмасдик”, дея хотирлайди Қодиров.

Лекин бу зидидятларга қарамасдан қримликлар тарихий ватанларига қайтишни исташарди. Ўзбекистондаги қрим- татарлар бу борада СССР Марказқўмига мурожаат ҳам йўллашди, аммо уларнинг мурожаати инобатга олинмади.

Натижада, Ўзбекистонда қрим-татарларининг яширин жамоалари ташкил бўла бошлади.

Бундай ҳаракатлар тузилиши ва умуман собиқ Совет иттифоқидаги Қрим татарлари бирлашувида катта рол ўйнаган миллат вакилларидан яна бири Мустафо Жамилевдир.

Ҳозирда Украина парламенти депутати ва президент Зеленскийнинг маслаҳатчиси бўлган Жамилев Ўзбекистонга сургун қилинган пайт 6 ойлик чақалоқ бўлган. Бугунга келиб миллат лидерига айланган Жамилев 1961 йилда "Қрим татарлари иттифоқи"га асос солди.

Аммо, бунинг ортидан тақиб ва тазйиқларга учради. Илк бор Тошкент Ирригация институтида ўқиб юрган кезлари антисовет ташвиқотида айбланиб, ўқишдан ҳайдалди.

Кейин эса, 1966 йилда шўро армиясида хизмат қилишдан бош тортгани учун бир ярим йилга "Тоштурма"га ташланди.

1969 йилда илк бор ташкил этилган "СССРда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Ташаббус гуруҳи" таъсисчиси бўлган Жамилев яна 3 йилга қамалди.

Шу тариқа жами олти марта қамоққа ташланди ва асосан, Ўзбекистондаги турмаларда ўтирди. Жамилев Ўзбекистон қамоқхоналарида энг узоқ - 303 кун очлик қилган маҳкум сифатида тарихга кирган, буни академик Сахаров ўз хотираларида ёзади.

1989 йилда СССРнинг охирги раҳбари Михаил Горбачëв рухсати билан тарихий ватанига қайтишига рухсат берилганида Мустафо Жамилев ва Синовер Қодиров ҳам минглаб қримликлар каби ватанга қайтишди.

Юртга қайтиш 2014 йилгача давом этди, аммо ўша йили Қрим Россия томонидан аннексия қилингач, татарлар яна бир бор юртидан мосуво бўлди.

2014 йилда Қримни иккинчи бор тарк этган татарлар ҳозир Киев ёки Европанинг бошқа давлатларида яшамоқда.

Улар орасида Ўзбекистонга қайтганлар қарийб йўқ ҳисоби. Ўзбекистондаги диаспора вакиллари ҳисобича, республикада ҳозир 80 мингдан 100 мингга қадар қрим-татарлар истиқомат қилишади.

Уларнинг аксари Ўзбекистонда туғилган иккинчи ёки учинчи авлод вакиллари. Диаспора вакилларига кўра, улар орасида Қримга кетишни истовчилар кўп эмас.

2014 йилда Россиянинг Қримни аннексия қилиши ҳамда 2022 йилдаги босқини, афтидан, Ўзбекистондаги қримликлар учун оғриқли ва ноқулай мавзулардан бири.

Озодлик, Ўзбекистондаги Қрим татарларининг “Авдет” маданият марказига боғланди, бу марказдан бирор изоҳ ололмади.

Озодлик суҳбатлашган аксар ўзбекистонлик қрим-татарлар эса, Россия назоратидаги яриморолда яқинлари борлиги, уруш ва аннексия ҳақида гапириш уларнинг яқинлари хавфсизлигига таҳдид бўлишидан хавотирда эканликларини яширишмади.

Айни пайтда, Украинанинг Россияга қарши мудофааси кучларида Қрим татарларининг ўрни ҳам катта. Шу боис яриморолда Россия назоратида яшаётган қрим-татарлар устида кучли босим ва тазйиқ бор.

Украинанинг жорий Мудофаа вазири Рустам Умеров ҳам Ўзбекистонда туғилган қрим-татарлар вакили. У Қрим татарларининг Украина тарихида вазир лавозимига тайинланган биринчи намояндаси.

Умеровнинг Украина Қуролли кучлари қадам-бақадам Қрим маъмурий чегарасига томон силжиётган паллада ушбу масъул лавозимга қўйилиши тасодиф эмас.

Аллақачон Ўзбекистон фуқароларига айланган бу қримликларнинг она юрти бугунги тақдири ҳақида сукут сақлашига яна бир сабаб - яшаб турган юртидаги сиёсатдир.

Ўзбекистон ҳукумати Украинадаги уруш борасида нейтрал позицияни тутишини билдирган. Аммо, Ғарб дипломатлари ва украин томони Тошкентнинг урушга нисбатан гўёки нейтрал позицияси аслида Россияга яқинроқ эканини айтишади.

Украинадаги урушдан буён ўтган икки йилдан кўпроқ вақт мобайнида президент Шавкат Мирзиёев бирон марта Украина номини тилга олмади, президент Зеленский билан мулоқот қилгани йўқ.

Бу орада у бир неча бор Москвага сафар қилди, ўтган ҳафта эса уруш жиноятларида гумон қилинаётган президент Путинни нафақат Кўксаройда, балки ўзининг Тошкентдаги уйида ҳам меҳмон қилди.

Тошкентда экан, Путин Украина ва унинг иттифоқчиларига қарши навбатдаги таҳдидли баёнотларини қилди.

Россия президенти Украина бу урушда ғалаба қозона олмайди ва Украинага ёрдам бераётганлар глобал уруш истайдими, дея очиқ-ошкор таҳдид қилди.

Қримнинг келажаги ҳануз қоронғи - бу уруш якунида Қрим Украинага қайтадими ва агар қайтса, қримликлар орзу қилгани каби бир кун Украина таркибидаги мухториятга айланадими, деган саволлар очиқ қолмоқда.

Ҳозирча қримликлар тезроқ уруш тугаб, тарихий орзулари рўёбга чиқиши учун украинлар билан бир сафда жанг қилмоқдалар. Ўзларининг сўзларига кўра, бу улар учун ягона тўғри йўлдир.

Форум

XS
SM
MD
LG