Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:06

Ўзбекистонда нақд пул айланмаси ҳажми ошди. "Соя иқтисодиёти" қисқармоқдами?


Таҳлилчилар фикрича, банкларда нақд пул айланмасининг ортишига яна бир сабаб конвертациянинг нисбатан барқарорлашганидир. 
Таҳлилчилар фикрича, банкларда нақд пул айланмасининг ортишига яна бир сабаб конвертациянинг нисбатан барқарорлашганидир. 

Ўзбекистонда йил бошидан буён банклар орқали нақд пул айланмаси ҳажми 300 триллион сўмдан кўпроқни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 50 фоизга ошган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банки 14 сентябрь куни маълум қилди.

МБ маълумотига ишонилса, йил бошидан буён банклар кассаларига нақд пул тушумлари 157 триллион 600 миллиард сўмни, банк кассалари ва банкоматлардан чиқим қилинган нақд пуллар 159 триллион 800 миллиард сўмни ташкил этган.

Ўтган саккиз ой ичида банк карталарига 178 триллион 100 миллиард сўмлик маблағлар келиб тушиб, банк карталаридаги 58 триллион 800 миллиард сўмлик (33 фоиз) маблағ аҳоли томонидан нақдлаштириб олинган.

Январдан августгача банк кассаларидан (шу жумладан, банкоматлар орқали) берилган нақд пуллар 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 50 триллион 800 миллиард сўмга ошган.

Марказий банкнинг қайд этишича, бу ўсишнинг асосий қисми банк карталаридан нақд пул ечиш ҳажми 21 триллион 400 миллиард сўмга ҳамда банклар томонидан аҳолидан нақд чет эл валютасини сотиб олиш учун 16 триллион 600 миллиард сўмга ошиши ҳисобига юзага келган.

Инфляция

Нақд пул айланмасининг кўпайиши айни пайтда инфляциянинг ортиши билан боғлиқ хавотирларни ҳам келтириб чиқарган.

Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраев 13 сентябрь куни Тошкентдаги матбуот анжуманида Ўзбекистонда инфляцияни 5 фоизгача пасайтириш режаларини эълон қилди.

Унинг таъкидлашича, мамлакатдаги иқтисодий ўсиш макроиқтисодий барқарорлик ва инфляция билан узвий боғлиқ: "Инфляцияни барқарор иқтисодий ўсишдан ажратиб бўлмайди", - деди Ҳамраев.

Аммо Ўзбекистон Молия вазирининг собиқ ўринбосари Абдулла Абдуқодиров бу фикрга қўшилмайди. Унинг Фейсбук саҳифасида ёзишича, "инфляциянинг йиллик 15% дан 10% гача пасайиши билан шу пайтгача ҳеч нарса ўзгармаган".

"Нега бизда шунча пул бўлса, ҳар йили 5 миллиард доллар қарз оламиз?
Агар бюджетдан инвестиция харажатларини молиялаштириш манбалари бўлмаса, нима учун бюджет тақчиллиги ялпи ички махсулотнинг (ЯИП) 2, 5 фоизини ташкил қилади? Қачонгача давлат ўз имкониятидан ташқарида яшайди ва аҳолининг соф даромади камаяверади? Энергия нархи осмонга кўтарилаётганда, улар инфляцияни қандай ушлаб туришади?, -
деб ёзди Абдуқодиров.

Айни пайтда озиқ-овқат нархлари йил бошидан буён барқарор ўсаётгани кузатилмоқда. Тошкент бозорлари ва супермаркетларида мол гўшти ва қўй гўшти шу кунларда 70 мингдан 100минг сўмгача (7-10 доллар) сотилмоқда.

Бу бир йил олдингига нисбатан 30-40 фоизга юқори.

Йил бошидан ўсимлик ёғи нархи 30 фоизга ошди.

Нарх-навонинг ўсиши аҳоли реал даромадларининг тушиб кетиши манзарасида юз бермоқда.

"Соя иқтисодиёти"

Ўзбекистон Молия вазирлигининг собиқ мулозими, Нурсултондаги Евросиё университети доценти Сапарбой Жубаевнинг фикрича, банклар орқали нақд пул айланмасининг кўпайиши аҳолининг банкларга бўлган ишончи ортаётганини кўрсатади.

"Авваллари Ўзбекистондаги нақд пулнинг эллик фоизи, баъзиларга кўра олтмиш фоизи соя иқтисодида айланарди. Банкка тушмасди. Қўлдан-қўлга ўтиб, асосан бозорда айланарди. Бунинг сабаблари кўп - конвертация йўқ эди, одамлар банкларга ишонмасди, пулни банкоматлардан чиқариб олиш мушкул эди, чиқариб олса ҳам айрибошлаш курслари ҳам юқори эди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда бу нарсалар ўзгаряпти. Кўланкали иқтисоддан очиқ иқтисодга ўтиш темпи ошяпти. Одамларнинг банкларга ишончи ортяпти. Бунинг натижасида банкларда нақд пул айланмаси кўтарилиб, мана бу йил шундай натижа бўляпти”, - дейди Жубаев.

Йил бошидан бери Ўзбекистонда нақд пул ҳажми қарийб 50 фоизга ошди.Иқтисодчи Сапарбай Жубаев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:45 0:00
Бевосита линк

Таҳлилчи фикрича, банкларда нақд пул айланмасининг ортишига яна бир сабаб конвертациянинг нисбатан барқарорлашгани.

“2017 йилдан буёғига банкларда конвертация реал курсда бўляпти. Чекловлар борку, лекин олдингига қараганда анча эркин. Олдинига одамлар конвертация тизимига ишонқирамай қараган бўлса, ҳозир ишонч кучайган. Россияда ишлаётганлар ҳам пулини банклар орқали юборяпти, хоҳласа амалдаги реал курсда оляпти. Олдингидай қора бозор ва давлат курси орасида катта фарқ йўқ. Бу ҳам банк орқали пул айланиш ҳажми ошишининг яна бир омили”, - дейди Жубаев.

Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги 2018 йил январида мамлакатдаги "соя иқтисодиёти" ҳажмига доир рақамларни эълон қилган эди. Унга кўра, норасмий иқтисодий айланмалар ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ярмига тенг. Расмийлар миллий валюта конвертациясининг очилишини норасмий иқтисодий айланмаларни соядан олиб чиқиш йўлидаги қадамлардан бири бўлганини айтишган.

Президент Мирзиёев мамлакатда яширин иқтисодиёт ҳажми катталигича қолаётганини 2019 йил январидаги чиқишида ҳам такрорлаган.

"Ҳозирда Ялпи ички маҳсулотда яширин иқтисодиётнинг улуши катта. Бу мамлакат ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда. Яширин иқтисодиёт улуши катта эканини депутатлар ҳам, бошқалар ҳам, ҳамма яхши билади", деб айтган президент.

Давлат Солиқ сўмитаси эълон қилган рақамларга кўра, 2020 йилнинг биринчи ярмида яширин иқтисодиёт ҳажми ЯИПнинг 48 фоизини ташкил этган.

Ўтган вақт мобайнида банклардан ташқаридаги пул айланмалари ҳажми камайган ёки ортганига доир расмий рақамлар мавжуд эмас.

Кузатувчилар Ўзбекистондаги "соя иқтисодиёти" ҳажми расмийлар келтираётган рақамлардан каттароқ бўлиши мумкинлигини айтишади.

Мавсумий омиллар

“СтавИнвест” аудит корхонаси молиявий директори Тоҳир Алламурадов пул айланмасининг ошишини мавсумий факторлар билан боғлайди.

“Банкларда пул айланмасида четдан пул ўтказмалари муҳим ўрин тутади. Чунки бу банклар орқали амалга оширилади. Шу йилнинг январь ойидан буён ўтган саккиз ой ичида Ўзбекистонга четдан қарийб 5 миллиард доллар юборилган - мигрант ишчилар ва бошқалар тарафидан. Аввалги йилдагига қараганда 40 фоизга кўп пул келиб тушяпти ва ўз-ўзидан бу ҳам банклар орқали нақд пул ошишига туртки бўляпти”, - дейди Алламурадов.

Ўзбекистон банкларида нақд пул йўқлиги сурункали муаммолардан бўлиб келган.

Озодликка кейинги йиллар ва ойлар давомида йирик стратегик корхона ишчи-хизматчиларидан тортиб¸ пенсионер ва нафақахўрларга қадар банкларда нақд пул етишмовчилиги сабаб ойлик ва нафақалар берилиши кечикаётгани ҳақида шикоятлар келиши тўхтамасди.

Нақд пул етишмовчилиги сабабли Ўзбекистонда одамлар хориждан яқинлари жўнатган пулни ололмаётганликлари ҳақида ҳам айтиб келишган.

Сапарбай Жубаев фикрича, агар банклар орқали нақд пул айланмаси шу зайлда ошишда давом этса, бу муаммо йўқолади.

“Ўзбекистон банкларида нақд пул йўқлиги катта муаммо эди. Агар шу тенденция сақланса, бу муаммо ўз-ўзидан йўқолади. Қўшни давлатларда банкларда нақд пул йўқлиги билан боғлиқ муаммонинг ўзи йўқ. Одамлар тезроқ қўлига тушган пулини банкка қўяман, дейди. Депозит қилади. Муҳими банклар одамларнинг ишончини сўндирмасин, уларни пул депозит қилишга рағбатлантирисин”, - дейди Сапарбай Жубаев.

"Ёстиқ остидаги пуллар"

Шу йил февраль ойида Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев мамлакат аҳолисининг фойдаланилмасдан ёстиқ остида сақланаётган 10 миллиард долларга яқин маблағи ҳақида гапирганди. (www.kun.uz, 25 февраль).

“Ҳар бир жамиятда бўлгани каби бизнинг аҳолимизда ҳам маблағ бор. Агар шу маблағларни ишлаб чиқаришга йўналтирсак, гапнинг очиғи, бизга хорижий инвестициялар ҳам бугунгичалик долзарб бўлмайди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, аҳолида 10 миллиард долларга яқин маблағ бор. Лекин у пуллар ишлаб чиқариш эмас, уй-жой, тўйхоналарга сарфланади ёки халқ ибораси билан айтганда, ёстиқ тагида ётган маблағлар”, деганди С. Сафоев.

Сенат раиси ўринбосарига кўра, пул ўз қийматини ошириши, маблағ янги иш ўринлари яратишга йўналтирилиши лозим.

“Банкларимиз, афсуски, мижоз учун курашаётгани йўқ. Тафовутни кўрдик, жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, банклар қачон мижоз учун курашса, унинг учун рақобат қилса, ўшанда ривожланади. Агар у фақатгина берилган маблағларни сақлаб ўтириш билан кифояланса, иқтисодиётда уларнинг роли камаяди”, деган эди Сафоев.

Тармоқларда Сафоевнинг бу баёноти ижтимоий тармоқларда мунозараларга сабаб бўлганди.

“Борингки, ўша 10 миллиард долларнинг барчаси амалдору бойваччалар қўлида ёки "ёстиғи ости"да йиғилиб қолган тақдирда ҳам, уларни фоизу даромадлар билан қизиқтириб, бу пулларни реал иқтисодиётга жалб этиш мамлакат банк-молия тизимининг вазифаси эмасми?! Ахир, бу пуллар реал иқтисодиётда айланса, минг-минглаб иш ўрни яратилиб, ўша оддий халқнинг фойдасига хизмат қилмайдими?”, - деб фикр билдирганди Facebook фойдаланувчилардан бири.

Telegram тармоғида тарқалган видеода тармоқ фойдаланувчиларидан бири ёстиғини кўтариб, унинг тагида бир неча тангаси борлигини кўрсатиб, сенатор фикрини мазах қилган.

XS
SM
MD
LG