Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:51

Сирғали бозорини милиция босди: Аҳмадбойга тегишли машиналар чиқарилмаяпти


17 июнга ўтар кечаси ва эрта тонгда Тошкентдаги Сирғали машина бозорида сотуви тақиқланган енгил автомашиналарнинг бир миқдори олиб кетилиши ортидан бозорни милиция босди. Ҳозирда ўнлаб ички ишлар ходимлари Сирғали маъмурияти бозордан чиқаришни тақиқлаган автомобилларнинг қолганини қўриқламоқда.

Бозордаги харидор ва сотувчиларнинг айтишича, сотуви тақиқланган машиналарнинг ҳаммаси жисмоний шахсларга тегишли бўлса-да, улар чинозлик тадбиркор Аҳмад Турсунбоевнинг “Авто Ҳамкор” ширкати воситасида сотувга қўйилгани учун хатланган.

Чинозликлар орасида “Аҳмадбой” исми билан машҳур 38 яшар Аҳмад Турсунбоев молиявий пирамида яратишда айбланиб, 15 июнда ҳибсга олинганди.

Орадан бир кун ўтиб Сирғали машина бозори маъмурияти сотувда бўлса-да, бозордан чиқариши тақиқланган автомобиллар рўйхатини эълон қилди.

Сирғали бозорини милиция босди: Аҳмадбойга тегишли машиналар чиқарилмаяпти
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:56 0:00
Бевосита линк

Машина бозори маъмурияти эълонлар тахтасига ёпиштирилган мазкур рўйхатга “Авто Ҳамкор” ширкати воситасида сотувга қўйилган 106 дона енгил автомобилнинг ҳаммаси киритилган.

Фотосурати Озодликка Whats App воситасида етиб келган рўйхатда автомобиллар тури, ранги ва номерлари ҳам битилган.

Cирғали бозоридан чиқиши тақиқланган машиналар рўйхати
Cирғали бозоридан чиқиши тақиқланган машиналар рўйхати

​Рўйхатдан икки “Каптива”, 25та “Ласетти жентра”, 40та “Нексия”, 16та “Спарк”, 13та “Матиз” русумли автомобиллар ўрин олган.

Мана Сергелида спискани осишди. Мана шу машиналар бозордан чиқмайди. Аҳмадбойнинг машиналари экан,” деди суратни юборган Озодлик мухлиси.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, йўқолган ёки хатланган машиналар эгалари Сирғали бозорига келиб, жанжал кўтаришган:

Маълум бўлишича, Аҳмад Турсунбоев пирамидасига қўшиш учун одамлардан олган машиналарини сотувга қўйган. Сергели автомобиль бозорига. Натижада, ўша машиналарнинг ярими йўқ - Аҳмадбой қаерга қўйганми, ёки бозор маъмурияти яширганми - маълум эмас. Машинаси йўқолиб қолган одамлар келиб жанжал қилаяпти. Ундан ташқари бевосита Аҳмадбойга машинасини бозорда сотишга бериб, машинасини стоянкага қўйганлар машинасини олиб чиқиб кетишга ҳаракат қилаяпти. Лекин машиналарининг ҳужжатлари ҳаммаси Аҳмадбойга тегишли ширкатда экан. Яъни машиналар турибди, лекин ҳужжатлари йўқ. Шунга одамлар билан озгина можаро бўлаяпти. Милиция ходимлари келиб, хавфсизликни таъминлашга ҳаракат қилаяпти,” дейди Абдураҳмон Ташанов.

Чиноз "Авто Ҳамкор" ширкати раҳбари Аҳмад Турсунбоев устидан ҳозирда Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 165-моддаси (товламачилик),168-моддаси (фирибгарлик) ва 170-модда (алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш) бўйича жиноий иш очилган. Шунингдек Турсунбоев 177-модда - валютани қонунга хилоф равишда олиш ва 178-модда - чет эл валютасини яшириш бўйича ҳам айбланмоқда.

16 июнь куни Ўзбекистон давлат телеканаллари чинозлик тадбиркорнинг молиявий пирамида тузгани ва у бошқарган ширкат устидан текширув бошлангани ҳақида "фош қилувчи" руҳдаги кўрсатувни эфирга узатган эди.

Озодликка келган суратлардан Аҳмад Турсунбоевнинг қимматбаҳо машиналарни хуш кўргани англашилади.

Озодлик манбаларидан бирининг айтишича, милиция ходимлари ўз машинасини бозордан олиб чиқиб кетмоқчи бўлганларга Аҳмад Турсунбоев ишини олиб бораётган тергов ходимлари билан учрашишни тавсия қилмоқдалар.

XS
SM
MD
LG