Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:40

Ҳукумат энергетик бўҳрон учун "исрофгарчилик"ни айблади. Муллалар халқни сабрли бўлишга чақирмоқда (ВИДЕО)


Ҳали ҳақиқий қиш бошланмай турибоқ¸ Ўзбекистон аҳолиси пулига ҳам газ¸ свет ва ëнилғи тополмай қолган.
Ҳали ҳақиқий қиш бошланмай турибоқ¸ Ўзбекистон аҳолиси пулига ҳам газ¸ свет ва ëнилғи тополмай қолган.

Бош вазир Абдулла Ариповнинг 28 ноябрь кечқурун “аҳолидан келиб тушаëтган муаммолар”¸ биринчи навбатда эса¸ газ-свет тақчиллиги масаласида “ўта шошилинч” видеоселeктор йиғилиши ўтказгани ҳақида Озодлик йиғилиш арафасида хабар қилган эди.

Йиғилишда қатнашган мулозимларнинг 29 ноябрь куни Озодликка хабар қилишича¸ Абдулла Арипов газ-свет йўқлиги аҳолининг очиқ норозилигига сабаб бўлган Сирдарë ва Қорақалпоғистон газ таъминоти раҳбарларини ишдан олган.

“Йиғилишда мамлакатда ҳали қиш келмай туриб бошланган энергетик бўҳрон сабаблари ва уни қандай ҳал қилиш ҳақида гап бўлмади. Фақат¸ хўжакўрсинга бир-икки амалдор жазоланди¸ халқнинг ўзи айбдорга чиқарилди¸ холос”¸ деди 28 ноябрь кунги видеоселектор қатнашчиларидан бири.

Озодликка шахси сир қолишини сўраб гапирган мулозимга кўра¸ мажлис сўнггида аҳоли орасида “энергоресурслар тежамкорлиги бўйича тушунтириш ишлари”ни кучайтиришни буюрилган.

Айни пайтда¸ президент махфий қарори билан фаолияти расман ДХХ назоратига топширилган ўзбекистонлик муллалар халқни газ танқислиги пайтида "сабрли бўлиш"¸ "жазавага тушмаслик"¸ "миллат ва юрт шаъни"га доғ туширмасликка даъват қилишга киришди.

“Бла-бла-бла – аравани қуруқ опқочишди”

Бу таърифни 28 ноябрь куни Бош вазир Абдулла Арипов раислигида ўтказилган “ўта шошилинч” тунги мажлисга қатнашганлардан бири берди.

Суҳбатдош¸ ўзи мансуб ҳукумат фаолиятини танқид қилиш оқибатидан чўчигани боис¸ шахси сир қолишини сўради:

Республикадаги деярли барча давлат тизимлари раҳбари қатнашган бу йиғилишда халқнинг ҳаëт-мамотини белгиловчи энергетик кризисдан қандай чиқиш ҳақида бирор жўяли гап бўлмади¸ бирор конкрет ечим ўртага қўйилмади. Энергетика вазири Алишер Султонов¸ муаммони “халқнинг кўп энергия исроф қилаëтгани” билан изоҳлади. Вазир халққа электр энергияси ва газни тежашни ўргатишни тавсия қилди. Мажлис протоколига ҳам шу тавсиялар киритилди”.

Озодлик билан суҳбатда мулозим¸ “электр ва газни энг кўп исроф қилаëтган – ҳукумат идораларининг ўзидир”¸ деган фикрни алоҳида таъкидлади.

Агар кимнидир тежамкорликка ўргатиш керак бўлса¸ айнан давлат идоралари¸ вазирликлардан бошлаш керак. Тошкентни қоронғу тушгандан кейин бир айланиб чиқинг¸ давлат идораларининг ҳаммасида чироқ тонггача ëнаëтганига гувоҳ бўласиз. Нега – чунки ҳамма ўзини хўжакўрсинга ишлаëтган қилиб кўрсатиш учун¸ бошлиқлар кетмагунча ишхонасида ўтиради. Бир ҳисоблаб чиқишсин¸ фойдалилик коэффиценти қарийб нолга тенг бундай тунги ишларга қанча энергия сарф бўлаëтганини. Булар уялмай-нетмай яна халқнинг ўзини айбдор қилди. Бунинг ўрнига ҳамма жойда кечки 6 дан кейин ишлашни тўхтатишсин¸ ҳукумат биноларида чироқ 6 дан кейин ўчирилса¸ ана ўшанда тежамкорлик бошланади”¸ деди 28 ноябрь кунги тунги мажлис қатнашчиларидан бири.

Ҳукуматнинг газ¸ электр ва сув таъминотидаги кескин узилишларга бағишланган «ўта шошилинч» йиғилишида¸ ҳукумат мулозимининг айтишича¸ Сирдарë ва Қорақалпоғистондаги газ таъминоти учун масъуллар ишдан олинган.

Озодлик кейинги кунлар давомида айнан Сирдарëда аҳолининг метан газ шохобчаларида километрларга чўзилган навбатлар¸ Қорақалпоғистонда эса¸ газ йўқлигидан норозиликка чиққани ва йўлларни тўсиб қўйгани акс этган видеоларни жамоатчиликка тақдим этган эди.

Ҳайдовчилар метан гази тақчиллигидан норози бўлиб автойўлни тўсиб қўйди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:29 0:00

Вилоятлардаги 2-3 нафар амалдор алмашгани билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди. Лекин халққа кимнидир айбдор қилиб¸ сувдан ўзлари қуруқ чиқиш учун¸ шунақа қурбонлик қилишди. Бутун энергетик секторни издан чиқарганлар яна ўз жойида қолди. Вилоятлардаги газ идоралари мутасаддиларини обдон қўрқитишиб¸ тарқалишди”¸ деди 29 ноябрь куни Озодлик гаплашган Тошкент ҳукуматидаги мулозим.

Муллалар ҳукумат пропагандасини бошлаб юбордими?

28 ноябрь кунги ҳукуматнинг шошилинч йиғилиши ниҳоясида халқ орасида турли тушунтириш ишларини кучайтириш топширилган.

29 ноябрь куни Озодликка «муллалар пропаганда бошлашиптими?” деган савол билан видеомурожаат юборилди.

Унда Сирдарё вилоят, Сирдарё туманидаги “Ахмад ибн-Малик” жоме масжиди имом-хатиби Улуғбек Қобилов 27 ноябрь куни Сирдарё туманидаги автомобилларга газ қуйиш шохобчасидаги норозиликни “миллатимиз¸ юртимиз шаънига ярашмайдиган” ҳаракат сифатида қоралайди.


Кейинги йилларда мамлакатда газ қуйиш шохобчалари кўпайиб¸ одамлар “навбaтларни эсдан чиқариб қўйганини писанда қилган мулла¸ телефони олдига қўйилган матнга қараб¸ халқни шукурли бўлиш ва юрт шаънини ўйлашга чақиради.

Бу йилги совуқ тўсатдан кеганлиги учун мана шунақанги газ танқислиги бўп қолиб¸ газ заправкаларимизда танқислик бўп қолди. Шунда биззи халқимиз оғир бўлишлиги керак. (қоғоздан ўқийди) Насиҳатимиз¸ динимиззи насиҳати шундан ибоартки¸ бундай пайтларда инсон ғазабланганда сўкиниши¸ жазавага тушиши керак эмас. Биззи ўзбеклигимизга ¸ миллатимизга¸ юртимизга¸ юртимиззи шаънига бу тўғри кемийди албатта. Сабрли бўлайлик¸ Оллоҳ таоло иншооллоҳ яна аввалгиданам бир яхши ҳолатларга келтиради¸ иншооллоҳ”.

Озодлик сентябрь ойида эълон қилган президент Мирзиëевнинг 4437м -сонли махфий қарорида имом-хатибларга ижтимоий тармоқлар орқали “тинч-осойишта кунларга шукроналик ва эртанги кунга ишонч ғояларини тарғиб қилиш” буюрилган эди.

29 ноябрь куни Ўзбекистон масжидларида ўқилган жума маърузаси¸ Мусулмонлар идораси томонидан белгиланган ягона мавзу –ҳалол ризқ мавзуида бўлганига қарамай¸ жума намозининг тинч ва мусаффо осмон учун шукур қилишликка чақириқ билан тугагани айтилди.

XS
SM
MD
LG