Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:48

Сайлов арафасида ўзбек ОАВларига босим кучайди - журналистлар


YouTube'даги Vatandosh TV каналининг “Нуқталар” лойиҳаси тайёрлаган кўрсатув бир неча соат ўтиб тармоқлардан олиб қўйилган.
YouTube'даги Vatandosh TV каналининг “Нуқталар” лойиҳаси тайёрлаган кўрсатув бир неча соат ўтиб тармоқлардан олиб қўйилган.

27 август куни Qalampir.uz нашрида эълон қилинган Ўзбекистоннинг Париж олимпиадасидаги иштирокига доир журналистик суриштирув тафсилотлари акс этган материал олиб ташланди.

Бош вазир Абдулла Арипов томонидан имзоланган ҳукумат қарори, мазкур ҳужжат орқали давлат бюджети маблағларининг сарфланиши, қарори ижроси доирасидаги коррупция ва непотизм очиқланган видео нашр сайти ва унинг YouTube'даги каналида бир неча соат турди, холос.

Мазкур журналистик суриштирувда Париж олимпиадаси бўйича ташкилий қўмита вакилларининг бюджет маблағлари ҳисобига Франция пойтахтига сафар қилгани, муҳташам меҳмонхоналарда яшагани ҳақида сўз боради.

Исмини очиқламаслик шарти билан Озодликка гапирган таҳририят ходимига кўра, материал Ўзбекистон Президенти Администрацияси эътирозидан сўнг тармоқдан олиб ташланган

Блогерлар “ови” давом этмоқда
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:14 0:00

Qalampir.uz журналистининг сўзларига кўра, мамлакатда мустақиллик байрами ва парламент сайловларига тайёргарлик арафасида "кўнгилни хира қилувчи негатив материаллар" эълон қилмаслик тавсия этилган.

Шунингдек, Gazeta.uz сайти ҳам Ўзбекистоннинг олимпиададаги иштирокига доир суриштирувини ҳам бир неча соатдан сўнг олиб ташлаган.

Чоп этилиб, кўп ўтмай ўчирилган мақолада Париж Олимпиадасидаги ҳар бир медал ўзбекистонлик солиқ тўловчилар зиммасига 4,1 миллион долларга тушгани, бу маблағга совриндорларга берилган мукофотлар қиймати ҳам қўшиб ҳисобланса, яна-да ортиб кетиши таъкидланган.

Таҳририят ходимига кўра, бу мақола кейинги бир неча кунда ўчиртирилган ўнлаб мақолалардан бири, холос.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йилдаги харажатларига тўхталган Anhor.uz нашри ҳам ўзининг сайловолди жараёнларига бағишланган таҳлилий мақоласини сайтдан ўчирган.

Мақолада 2023 йил май ойидаги референдумдан сўнг “муддатсиз таътил”га чиқиб кетган Марказий сайлов комиссиясига бюджетдан ажратилган маблағлар ҳақида сўз боради.

Журналист Илёс Сафаровнинг “Нуқталар” лойиҳаси сиёсий таҳлилчилар билан ўтказган суҳбати “Ўзига ишонган ҳукумати бор мамлакатдагина кучли парламент ёқланади” деб номлаган.

Кўрсатув анонсида: “Бугун 26-август, душанба. Яна икки ойдан кейин Ўзбекистонда парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. МСК Ўзбекистондаги 5 та сиёсий партияга сайловларда қатнашиш учун рухсат берган.

Алламжонов пайдо бўлди ва "дезинформация"дан огоҳлантирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:08 0:00

Маҳаллий ОАВлар кутилаётган сайлов, унда сиёсий партияларнинг иштироки, улар илгари сураётган ғоя ва ташаббусларга оид материалларни эълон қилишни бошлаган. YouTube'даги Vatandosh TV каналининг “Нуқталар” лойиҳаси мавзуга чуқурроқ ёндашиб, Ўзбекистонда парламентаризм, унинг фундаментал муаммолари ҳамда сайловчиларнинг сайлов ва парламентга ишонч, ишончсизлиги масалаларини таҳлил қилган эди.

Сиёсатшунос Фарҳод Толипов, социолог Дилсора Фозилова ва журналист Сардор Салим қатнашган кўрсатув YouTube каналида эълон қилинганидан бир неча соат ўтиб олиб ташланди.

Мазкур ҳодисани изоҳлаган журналист Илёс Сафаров ўзининг телеграм-каналида: “Авваллари таҳририят ва журналистлар бир-бирини ўзаро қўллаб-қувватларди. Мақолалар турли орган ва шахслар томонидан ўчиртирилганда бу ҳақда бонг уриларди. Афсуски, бугун бу бирдамлик тўлиқ тугаб битди. Ҳеч ким бир-бири учун жон куйдиргиси, унинг бўғилган овози ҳимояси йўлида бирлашгиси келмайди”, деган пост қолдирди.

Илёс Сафаровга кўра, Ўзбекистондаги ОАВ миллий контент яратиш, хориждаги бузғунчи ва қора кучларга жавоб кўрсатувлар тайёрлаш билан машғул.

Сайлов-2024: "Янгича", аммо мухолифатсиз сайлов
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:25:45 0:00

“Сўз эркинлиги инқирозга юз тутган давлат”

Олдинроқ Ҳьюман Райтс Уотч ташкилоти Ўзбекистонда фаоллар, блогерлар ва ҳукумат танқидчиларини таъқиб қилиш ҳолатлари кўпайиб бораётганига эътибор қаратганди.

HRW'нинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мира Риттманга кўра, 2016 йилда президент Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан кейин кўп ўтмай сиёсий мотивлар сабаб қамалган ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар озодликка чиқди. Гўё «янги» Ўзбекистон пайдо бўлаётгандек тасаввур уйғонди. Ўзбекистон Ислом Каримов давридагидан кўра ҳамкорликка, инвестицияларга ҳамда ислоҳотларга очиқ мамлакатдек кўрина бошлади.

Аммо бу қисқа давр ортда қолди ва яна эски одатлар яна бўй кўрсата бошлади.

2023 йилнинг март ойида 40 нафар журналист ва блогерлар ўзлари дуч келган цензура ва таъқиблардан хавотир билдириб Мирзиёевга мактуб йўллаган эди. Яна бир қанча журналистлар эса фаолиятини тўхтатишини эълон қилди. Президентни ижтимоий тармоқларда танқид қилгани учун қамоққа олинганлар сони сезиларли даражада ошди. Бу модда Жиноят кодексига 2020 йилда киритилган ва беш йиллик қамоқ жазосини ўз ичига олади.

“Чегара билмас мухбирлар” (RSF) халқаро ташкилотининг Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан шу йил май ойида эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистонда матбуот эркинлиги ўтган бир йил ичида 11 та позицияга ёмонлашиб, 137-ўриндан 148-ўринга тушиб қолгани қайд этилганди.

Қароргоҳи Британияда жойлашган Article 19 ҳуқуқбонлик ташкилоти эса Ўзбекистонни жаҳондаги 161 та давлат ичида 132-ўринга қўйган.

Ташкилотга кўра, Ўзбекистон ҳали-ҳамон “сўз эркинлиги инқирозга юз тутган” мамлакатлар қаторида турибди.

Форум

XS
SM
MD
LG