Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:56

Сардоба техноген фалокатидан зиëн кўрган уйларни қурилишдан бехабар арзон ишчилар таъмирламоқда


Сардоба тошқинида вайрон бўлган уйларни, асосан, вилоятлардан келган қурувчилар таъмирламоқда.
Сардоба тошқинида вайрон бўлган уйларни, асосан, вилоятлардан келган қурувчилар таъмирламоқда.

Расмий маълумотга кўра¸ Ўзбекистондаги вилоят ҳокимликлари зиммасига Сардоба тошқини оқибатида вайрон бўлган уйлардан 1813тасини бир ой муҳлат ичида таъмирлаб, эгаларига топшириш юклатилган.

Таъмирталаб ушбу уйлар учун ҳар вилоят ҳокимлигига 5 миллиарддан жами 70 миллиард сўм ажратилган.

Қурилиш ишларида қатнашаётганлар ҳисоб-китобича, таъмирталаб ушбу уйларни қайта тиклаш учун тахминан 300 миллиард сўм маблағ зарур.

Айни пайтда ҳокимликлар ажратилган маблағ камлиги боис қурилишни тадбиркорлар маблағи ва арзон ишчи кучи ҳисобига амалга оширмоқда.

Сирдарё вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, бир ой муддат ичида Оқолтин, Сардоба ва Музработ туманларидаги тошқиндан вайрон бўлган 1813та уйни таъмирлаб эгаларига топшириш лозим.

“Бу ҳукумат комиссияси томонидан белгиланган тадбирлардан бири. Оқолтин туманидаги тўртта маҳаллада 675 та уй, Музработ туманидаги учта маҳаллада 631 та уй, Сардоба туманидаги учта маҳаллада 507 та уйни бир ой муддат ичида таъмирлаб топшириш лозим. Тошқинда лойдан қурилган уйларнинг ҳаммаси бузилиб кетди. Бу уйлар бетондан тикланган бўлгани учун уларни қайта ремонт қилиш мумкин деб топишган”, деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб аноним қолишни сўраган ҳокимлик масъули.

Қурилиш ишларида қатнашаётган усталардан бирининг Озодликка айтишича, таъмир ишларида асосан арзон ишчи кучидан фойдаланилмоқда:

“Мен 12 кун ишлаб салкам 1 миллион сўм пул олдим. Бу жуда арзон. Карантин бўлгани учун шу пулга рози бўлдим. Аслида¸ бир неча баробар қиммат бўлиши керак. Мен ўзим Оқолтин туманида яшайман. Сурхондарё вилоятига ажратилган Учтом маҳалласидаги уйларни ремонт қилаётган гуруҳда ёлланма ишчи сифатида қатнашдим. Қурилишда қатнашаётганлар орасида арзонлигига қарамай рози бўлган мен каби маҳаллий ишчилар жуда кўп. Ҳамма карантинда ишсиз ўтиргани учун рози бўлган”.

Музработ туманининг Навбаҳор маҳалласидаги уйлар таъмирида иштирок этаётган яна бир маҳаллий устага кўра, таъмир ишларига қурилишдан бехабар кишилар жалб қилингани сабаб аксар уйлар сифатсиз битказилмоқда:

“Навбаҳор маҳалласидаги 134 та уйни таъмирлаш Наманган вилоятига топширилган. Наманган ҳокимлиги мингга яқин ишчини ишлатмоқда. Улар орасида қурилишдан умуман бехабар одамлар жуда кўп. Наманганнинг ўзидан қанча одам олиб келинганини билмадим. Улар марказдаги клуб биносида яшаяпти. Мен улар билан бирга ишлаганим учун биламан, кўпчилиги фақат оддий ишларни қила олади. Суваш, ғишт узатиш, томга шиферларни етказиб бериш каби оддий ишларни қила олишади. Улар Намангандаги турли ташкилотларнинг ишчилари экан, яъни қурилишга умуман алоқаси бўлмаган одамлар. Шунинг учун ҳам айрим уйларнинг қурилиши сифатсиз бўляпти. Бир нечта уй томининг маълум қисмини ҳатто бузиб, қайта қилдик. Чунки улар қийшиқ қилиб қоқишган экан”.

Жиззахликлар Сирдарёдаги 131та уйни таъмирлашда иштирок этмоқда.
Жиззахликлар Сирдарёдаги 131та уйни таъмирлашда иштирок этмоқда.

Сардобадаги қурилиш ишларида қатнашаётган тошкентлик ҳашарчи-қурувчилардан бири ўзининг мажбуран ушбу ишларга жалб қилинганини иддао қилди.

“Ишхонамиздан Сардобага борасизлар, деди. Бордик, ишлашгаям, яшашгаям шароит йўқ, амаллаб қайтиб келдик. Энди “яна боринглар” деди, “йўқ бормаймиз” десак, “бўшашга ариза ёз”, деб дўқ қилишмоқда. Сардобадаги қурилишларда ишлаётганларнинг кўпчилиги ўз хоҳиши билан бормаган, ишидан айрилишдан қўрқиб, боришган. Фақат бизнинг ташкилотни айтманг. Мен доим ҳақиқатни талаб қилганим учун мендан кўришади”, деди Тошкентдаги бюджет ташкилотларидан бирининг ишчиси исмини ҳам ошкор қилмаслик шарти билан.

Озодлик билан шахси очиқланмаслигини сўраб 8 июнь куни гаплашган сардобаликлардан бири ҳам Дўстлик маҳалласидаги таъмирланаётган уйлар қурилишида ​Қорақалпоғистондан келган бюджет ташкилотлари ходимлари иштирок этаётганини айтган эди.

Сирдарё вилоят ҳокимлигидаги Озодлик суҳбатлашган (юқоридаги) масъул тошқиндан вайрон бўлган уйларга арзон ишчи кучи жалб қилингани сабабини шундай изоҳлади:

“Ҳукумат ҳокимликларга атиги 5 миллиард сўмдан ажратди. Бу пул нимага ҳам етади? Xомчўт ҳисоб-китоб қилинса, битта уйнинг таъмири учун 140-170 миллион сўмдан кетяпти. Битта Навоий вилоятига 167 та уйни таъмирлаш топширилган. Бу уйлар таъмири учун камида 20 миллиард сўм кетади. Қурувчилар ҳисоб-китобича, таъмирталаб 1813та уйни қайта тиклаш учун тахминан 300 миллиард сўм маблағ зарур. Шунинг учун энг арзон йўли изланяпти. Вилоят ҳокимлиги туман ҳокимлигига топширяпти, туман ҳокимлиги тумандаги катта тадбиркорларга юклаяпти. Тадбиркорлар эса¸ табиий ўз ҳисобидан қатнашиши керак, улар Россияга кета олмай, карантинда ўтирган йигитларни арзон пулга ёллаб жўнатган”.

Молия вазирининг ўринбосари Ёрқин Турсунов Сардобадаги уйлар қурилишига бағишланган йиғилишда бюджетдан ҳар бир вилоятга 5 миллиард сўмдан жами 70 миллиард сўм ажратилганини билдирган эди.

16 май кунги йиғилишда Турсунов Сардобадаги қурилиш учун пулни давлат тўлаб беришини таъкидлай туриб:

"Чунки буни муҳтарам президентимиз алоҳида таъкидладилар: “Сизлар ишни бажариб берасизлар, давлат пулини тўлаб беради”¸ деган эди.

Сардоба сув омборининг ўпирилиши оқибатида юзага келган сув тошқини оқибатида 4 435та хонадон зарар кўрган. Шундан 2 390 таси яроқсиз, 2 045 таси таъмирталаб ҳолатда. Бу ҳақда 2 июнь куни АОКАда ўтган брифингда Қурилиш вазирлиги матбуот котиби Жамолиддин Қаландаров маълум қилди.

Режага кўра, таъмирталаб уйлардан 1813 таси июнь ойи охиригача эгаларига топширилиши лозим.

Озодликка маълум бўлишича¸ айни кунларда Ўзбекистон Қурилиш вазири ва унинг ўринбосарлари Сардоба техноген фалокатидан талафот кўрган учта тумандаги қурилиш ва таъмирлаш ишларини бевосита кўздан кечирмоқда.

XS
SM
MD
LG