Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:55

Россия муҳожир ўзбеклар ҳуқуқлари масаласида Келишувни тасдиқлади (ВИДЕО)


Ўзбек муҳожирлари назорат остида Россияга жўнатилади
Ўзбек муҳожирлари назорат остида Россияга жўнатилади

Россия парламентининг иккала палата депутатлари Ўзбекистон билан меҳнат муҳожирларини жалб этиш тўғрисидаги битимни ратификация қилди. Унга биноан ўзбек мигрантларига меҳнат таътили берилади ва нафақа тайинланади. Бироқ, рус депутатлари бу Келишув “қувончсиз қабул қилинаётганини” таъкидлаб қўйди.

Келишув ўзбек мигрантлари ҳуқуқлари ҳимоясига турди

2017 йилнинг 29 ноябрида Россия парламентининг юқори палатаси - Федерация Кенгаши Россия ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида Ўзбекистон ватандошларини Россия ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ёллаш ва жалб этиш тўғрисидаги Келишувни ратификация қилди.

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги “миграция” Келишуви ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари аҳволини сезиларли даражада яхшилашга қаратилган. Ҳужжатда, жумладан:

- Ўзбекистоннинг ваколатли идораларига ватандошларига Россияда ишга жойлаштириш бўйича маълумот бериш,

- рус иш берувчилар учун талаб этилувчи малака ва иш тажрибасига эга номзодларни танлаш,

- россиялик иш берувчилар билан номзодлар ва меҳнат шартномалари лойиҳалари матнларини мувофиқлаштириш,

- муҳожирларнинг Россиядаги иш жойига етиб бориши ва Ўзбекистонга қайтишини ташкиллаштириш,

- Ўзбекистондан Россияга кетаётганларнинг чиқиб кетишига қадар юқумли касалликлар йўқлиги бўйича тиббий текширувдан ўтказилиши,

- ўзбекистонларни халқаро ёки давлатлараро қидирувда эмаслигини текшириш,

- мигрантларда Ўзбекистон ҳудудида жиноятлар учун судланганлик мавжудлиги-мавжуд эмаслигини аниқлаш бўйича мажбуриятлар юкланиши қайд этилди.

Келишув Россияда меҳнат қилаётган Ўзбекистон гражданларининг асосий ҳуқуқларини таъминлаб бериши белгиланди.

Хусусан, Россияда бугунги кунда энг ҳуқуқсиз қатлам бўлиб қолаётган ўзбек мигрантларига меҳнат қилиш, дам олиш, ижтимоий суғурталаниш (мажбурий тиббий суғуртадан ташқари), Россия қонунчилигига мувофиқ нафақа билан таъминлаш ҳамда ўзининг миграция ҳолатига оид расмий идоралардан маълумот олиш ҳуқуқи берилди.

Шу тариқа, ўзбек ишчиларини ёллаган россиялик иш берувчиларга ҳам муайян мажбуриятлар юкланди: ишчиларни яшаш жойи билан таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш, иш ҳақини кафолатлаш.

Бундан буён Ўзбекистондан ёлланган ишчи билан меҳнат шартномасини бекор қилмоқчи бўлган иш берувчи бу ҳақда Ўзбекистон расмий идораларини огоҳлантирмоғи лозим. Агарда меҳнат шартномаси россиялик иш берувчи томонидан бузилса, у муҳожирни ўз ҳисобига юртига қайтариши мажбур экани белгиланди.

Ўзбекистон Россияга жўнатилаётган ишчиларни судланганлиги, қидирувда эмаслиги ва хатарли инфекция касалликларига бўлган текширувлардан ўтказишни ўз зиммасига олди.

Рус парламенти бу ҳужжатдан “қувончда” эмас...

Бу қарор Россия парламентининг қуйи палатаси – Давлат Думаси йиғилиши давомида 24 ноябр куни қабул қилинган эди, аммо катта тортишувларни келтириб чиқарди.

Парламент кўпчилиги мулоҳазасини билдирган “Единая Россия” депутати Константин Затулин Ўзбекистон-Россия ўртасидаги “миграция” ҳужжатига “эйфориясиз” овоз бераётгани, аммо бу ерда “геосиёсий мақсадлар” кўзланаётганини эслатиб қўйди.

- Биз мамлакатимиз иқтисодиётига мигрантлар зарур эканидан қувончда эмасмиз, бу ҳужжат масаласида ҳам эйфория ҳолатида эмасмиз. Аммо бундан бошқа йўлимиз йўқдир! Бугунги кунда меҳнат заҳираларидан воз кечиш Евросиё интеграцияси илдизига сиёсий, геосиёсий жиҳатдан болта уриш билан баробардир. Мигрантларга Россияга киришни тақиқлаш билан бир вақтда Евросиё иттифоқини қандай ривожлантира оламиз?!

Эътибор қаратинг, Ўзбекистон янги президент Мирзиёев даврида ўзгармоқда. Ўзбекистон янги ҳукумати билан имзоланган ушбу шартнома барча тадбирларимизга дам аъзо бўлаётган, дам тарк этаётган Ўзбекистоннинг изоляция сиёсатидан воз кечаётганидан даракдир. Бу муҳим сўзлашувларга қўйилган қадамдир, деди парламентнинг МДҲ масалалари бўйича қўмита раиси муовини депутат Константин Затулин.

Рус парламенти аъзолари Россия бундай шартномани дунёнинг ҳеч қайси бир давлати билан имзоламагани, ваҳоланки Ўзбекистон бу каби келишувларни аллақачон Жанубий Корея ва Польша билан имзолаганини билдирди.

Бу қонунни Думада ҳимоя этишга келган Россия Ички ишлар вазирлиги расмийси Игорь Зубов “агарда жорий этилажак хорижликларни ишга жалб қилиш механизми ўзини оқласа, у бошқа Марказий Осиё давлатлари, жумладан Тожикистонга нисбатан ҳам қўлланилиши"ни маълум қилди.

Полиция расмийси сўзларига кўра, Россияда меҳнат қилаётган муҳожирларнинг 10 фоизи ёки 1 миллионни ўзбекистонликлар ташкил этади, берилаётган патентларнинг ярмидан кўпи айнан Ўзбекистон гражданларига расмийлаштирмоқда.

Бироқ, парламент муҳокамасида Ўзбекистон билан Келишувни имзоламаслик тарафини ёқлаб чиққан депутатлар ҳам кўп бўлди.

Ўзбекистон билан бу Келишув имзоланишига ҳатто коммунистлар партияси қарши чиқди.

- Бунчалик миқдорда ўзбекистонлик ишчилар кимга кераги бор? Бу камайиб бораётган рус аҳолисининг ўрнини босувчи миграция эмасми, мабодо? Миграция – бу рус миллатига қаратилган тўғридан-тўғри зарба. Русларни бу ҳақда биров сўрадими? дея миллатчилик оҳангида хавотир билдирди коммунист Владимир Бортко.

Айни пайтда, депутат Олег Нилов визасиз мамлакатлардан келаётган барча мигрантларни мажбуран дактилоскопия қилишни жорий қилиш керак, деди. Бошқа парламент аъзолари Ўзбекистондан ишчиларни олиб келиш ўрнига ҳукумат рус миллатига мансуб юртдошларини кўчириб келтириш жараёнини авж олдириши кераклигини уқтирди.

Қизғин тўполонларга қарамасдан, Ўзбекистон билан меҳнат муҳожирларини жалб этиш тўғрисидаги бу битим кўпчилик овоз билан қабул қилинди.

Дума депутатлари меҳнат муҳожирлари ишчи патентларидан олинаётган солиқлар маҳаллий бюджетларни йилига 42 миллиард рублга бойитаётганини эсламади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу келишув Москвада 2017 йилнинг 5 апрел куни имзоланганди.

XS
SM
MD
LG