Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:30

Россиянинг Украинага ҳужуми: Хитой ким томонда?


Владимир Путин ва Си Цзинпин. Пекин, февраль, 2022.
Владимир Путин ва Си Цзинпин. Пекин, февраль, 2022.

АҚШ президенти Жо Байден пайшанба куни Россиянинг Украинага ҳужумини қўллаб-қувватлаган ҳар қандай давлат “ёппасига қораланишини” айтди. Хитой Москванинг ҳаракатларини босқинчилик деб аташдан бош тортиб, барча томонларни вазминликка чақирди.

Москва Украинага қуруқликдан, денгиздан ва ҳаводан ҳужум бошлагач, Украина Россия босқинчиларига қарши уч томондан жанг қилишига тўғри келди. Бу Иккинчи жаҳон урушидан кейин Украинага бўлган энг йирик ҳужум бўлди.

Байден Оқ уйда журналистларга иттифоқчилар билан келишилган ҳолда Россияга қарши янги қаттиқ санкциялар ҳақида эълон қилди. Шунингдек, Байден Россия президенти Владимир Путиннинг хатти-ҳаракатлари бутун дунё эркинлигига раҳна солаётгани айтди.

“Путин халқаро майдондан яккаланиб қолади. Россиянинг Украинага қарши тажовузкорлигини зимдан қўллаб-қувватлаган ҳар қандай давлат дунё жамоатчилиги томонидан қораланади”, дея Байденнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Reuters агентлиги.

"Хитойни Россияни яккалашга ундамоқчимисиз?" деган саволга Байден "Ҳозирча бу ҳақда изоҳ беришга тайёр эмасман", дея жавоб қилди.

Байденнинг таъкидлашича, Путиннинг ҳаракати "дунё келажаги ҳақидаги даҳшатли тасаввурлар, яъни давлатлар ўзлари хоҳлаган нарсани куч билан олишлари ҳақидаги таассуротларни пайдо қилади".

Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки "айни ҳозирги палла Хитой ҳам ҳар қандай бошқа давлат учун тарихнинг қайси томонида туришини ҳал қиладиган пайт" деди.

Унинг таъкидлашича, Энтони Блинкен шу ҳафта хитойлик ҳамкасби билан Украина ҳақида гаплашган ва Байден Хитой етакчиси Cи Цзинпин билан “гаплашишга очиқ”лигига ишора қилган.

Баъзи геосиёсий таҳлилчиларнинг айтишича, Россиянинг бу ҳаракати Хитойни Тайванга нисбатан тажовузкорликка руҳлантириши мумкин. Пекин Хитойнинг бир қисми бўлган ва демократик тарзда бошқариладиган Тайван оролини керак бўлса, куч билан қайтариб олишга ваъда берган.

Байденнинг Украина ҳақидаги баёноти олдидан Хитой ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Хуа Чунин “вазият назоратдан чиқиб кетишининг олдини олиш учун барча томонларни вазминликка” чақирди, бироқ Россия ҳаракатларини таъриф бермаган.

"Бу Хитой ва сиз ғарбликлар ўртасидаги фарқдир. Биз хулоса чиқаришга шошилмаймиз", деди у.

"Босқин таърифига келсак, менимча, Украинадаги ҳозирги вазиятга қандай қараш кераклиги ҳақида ўйлаб олиш керак. Украина муаммоси ўта мураккаб тарихга эга ва бугунгача давом этиб келаётган можаро. Балки, бу ҳамма айтаётган нарса бўлмаслиги мумкин".

Маълум қилинишича, Хитой ташқи ишлар вазири Ван Йи россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан гаплашган.

Хитой ташқи ишлар вазирлигига кўра, Ван Украина масаласи "мураккаб" тарихга эга эканлигини айтиб, Хитой Россиянинг хавфсизлик бўйича "қонуний хавотирлари" ни тушунишини яна бир бор таъкидлаган.

Халқаро экспертлар Си Цзинпин ва Путин яқин ҳамкорликни ривожлантирган бўлсада, Россиянинг Украинадаги хатти-ҳаракатлари ташқи сиёсатга аралашмаслик принципига эга Хитойни ноқулай аҳволга солиб қўйганини айтмоқда.

“У ўзининг стратегик мулоҳазаси ва манфаатларидан келиб чиқиб, ўз дипломатияси ва стратегиясини мустақил равишда ҳал қилади ва амалга оширади”, деди Хуа Чунин.

Чоршанба куни АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Хитой ва Россияни янги “чуқур нолиберал” дунё тартибини яратиш устида ҳамкорликда ишлаётганликда айблади ва Москванинг Украинага нисбатан ҳаракатларини бунинг бир қисми сифатида кўрсатган.

Reuters агентлигига кўра, Вашингтон Хитой компаниялари Москвага ўрнатилган экспорт чекловидан қочишга ҳаракат қилса, бунинг салбий оқибатларига дучор бўлиши ҳақида огоҳлантирган.

АҚШ расмийси Россиянинг хатти-ҳаракатлари "бошқалар қатори Хитой учун ҳам хавф туғдиришини" айтди. Расмий "Европадаги ҳалокатли можарони қўллаб-қувватлаш ва ўзи қадрлаётган суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилларига қарши чиқиш Хитойнинг манфаатларига тўғри келмайди"- дея қўшимча қилди.

Хуа Европани ўз тинчлигини ҳимоя қилиш ҳақида ўйлашга чақирди ва баъзи мамлакатларни “ АҚШга эргашиб оловни алангалатишда” айблади.

“Биз урушни авж олдирадиган ҳар қандай ҳаракатга қаршимиз”, деди у.

"Тайван Украина эмас"

Ўтган ҳафта Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон Ғарб давлатлари Украина мустақиллигини қўллаб-қувватлаш бўйича берган ваъдаларини бажармаса, дунё миқёсидаги ҳалокатли оқибатлар ҳақида огоҳлантириб, Тайван учун ҳам хавф туғилиши мумкинлигини эслатиб ўтди.

Аммо Хитой ташқи ишлар вазирлиги чоршанба куни Тайван "Украина эмас" ва ҳар доим Хитойнинг ажралмас қисми бўлиб келган, дея баёнот берди.

Тайванни ўз ҳудуди деб даъво қилаётган Хитой сўнгги икки йил ичида ўзини-ўзи бошқарадиган орол яқинида ҳарбий фаолликни кучайтирди. Бироқ Тайван Украина инқирози авж олган бир паллада Хитой кучларининг ноодатий ҳарбий маневрлар ўтказгани ҳақида хабар бермаган.

Пекинда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Хуа Чунин Украина ва Тайван муаммолари ўртасидаги ҳар қандай боғлиқликни рад этди.

“Тайван Украина эмас. Тайван ҳар доим Хитойнинг ажралмас қисми бўлиб келган. Бу шубҳасиз ҳуқуқий ва тарихий ҳақиқат", деди у.

XS
SM
MD
LG