Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:04

“Путиндан воз кечиш ва ҳамма айбни унга тўнкаш керак”. Экспертдан Россия элитасига маслаҳат


Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, мудоаа вазири Сергей Шойгу ва президент Владимир Путин. Сочи, 14 февраль, 2019
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, мудоаа вазири Сергей Шойгу ва президент Владимир Путин. Сочи, 14 февраль, 2019

Россиянинг Украинага уруши 10 кундан буён давом этмоқда, украин шаҳарлари оғир қуроллардан ўққа тутилмоқда.

Россия 24 февралга ўтар кечаси Украинани “денацификация қилиш бўйича махсус амалиёт” бошлагани ортидан Ғарб ва бошқа давлатларнинг бемисл санкцияларига дучор бўлди.

Кремлнинг ўнлаб мулозимлари, Путинга яқин тадбиркорлар ва пропагандачилар персонал санкцияларга олинди: уларга ЕИ мамлакатлари, АҚШ ва яна баъзи давлатларга бориш тақиқлаб қўйилди. Россиянинг пешқадам банклари SWIFT халқаро тизимидан узилди, авиа ишлаб чиқарувчилар Россия авиаширкатлари билан тузилган лизинг шартномаларини бекор қилиб, учоқларга хизмат кўрсатишни тўхтатди. Бир қанча автобиль ишлаб чиқарувчилар, Apple, Nike, Disney ва бошқа кўплаб ширкатлар Россиядаги бизнесини ёпди.

Санкциялар Россия иқтисодиётига қанчалик талафот етказади, Путин ва мулозимлари санкциялар оқибатларини тасаввур қила олишадими? Сиёсий фанлар номзоди, халқаро алоқалар ва хавфсизлик бўйича эксперт Павел Лузин фикрича, Россия тўлиқ иқтисодий қамал шароитида давлат ўлароқ яшаб қолиши маҳол.

Россиялик сиёсий таҳлилчи Павел Лузин.
Россиялик сиёсий таҳлилчи Павел Лузин.

“Саноат тараққиёти, технологиялар, инсон капитали ва бошқа соҳаларда етакчи мамлакатлардан бири бўлмасангиз бутун дунёга қарши уруша олмайсиз. ХХ аср бошларида дунёнинг энг ривожланган мамлакати бўлган Германия ҳам буни уддалай олмаганди”, дейди у.

– Россияга қарши қўлланган ва ҳали яна қўлланажак санкцияларида дунё мамлакатлари шу қадар якдил ва қаттиққўл бўлишини кутганмидингиз?

– Ғарб мамлакатларининг ниҳяотда аҳиллиги, яъни Қўшма Штатлар, Европа, Канада ва Япония ёнига бу сафар Тайван, Жанубий Корея, Сингапур ҳам қўшилиши мени, очиғи, ҳайратга солди. Россия ҳарбий-саноат комплексига қарши қаттиқ санкцияларга келсак, Россия космонавтикасини йўқ деса ҳам бўлади, бундан ажабланмадим, чунки бу соҳа билан анчадан бери шуғулланиб келяпман. Умуман, шунақа бўлишини тахмин қилиш мумкин эди, бу санкциялар жуда оғриқли, ҳалокатли бўлади, саноат коллапсига олиб келади.

– Нима деб ўйлайсиз, Россия раҳбарияти буларнинг барини идрок этяптими?

– “Роскосмос” раҳбари Дмитрий Рогозин жазавага тушаётганига қараганда, назаримда, бир нарсаларни фаҳмлай бошлади.

Буни улар Украинага бостириб киргунча тушунишганми, йўқми? Менимча, йўқ. Ҳатто фуқаровий ҳукумат ҳам тушунмаган, уруш режаларидан унинг хабари бўлмаган, деб ўйлайман. Путинга, олий раҳбариятга тақдим этилган таҳлилий маълумотлар бир тийинга қиммат бўлган. Бунга ўзлари айбдор. Чунки улар ўзларини қониқтирмайдиган, истакларига терс мазмунли таҳлилларни қабул қила олишмайди.

– Бунақа иқтисодий қамал шароитида Россия давлат ўлароқ яшай оладими?

– Қайдам, бунга ишончим комил эмас. Қанчадир вақтга дош бера олади, албатта: бирмунча захиралари бор, заводлар учун электроника, бутловчи қисмлар, хомашё ва ҳоказолар олиб қўйилган бўлиши мумкин. Лекин қамал ҳолатида бу захиралар тез тугаби битади. Саноат тараққиёти, технологиялар, инсон капитали ва бошқа соҳаларда етакчи мамлакатлардан бири бўлмасангиз бутун дунёга қарши уруша олмайсиз. ХХ аср бошларида дунёнинг энг ривожланган мамлакати бўлган Германия ҳам буни уддалай олмаганди.

– Сизнинг-ча, Россия раҳбарияти нима қилиши керак? Кремль мулозимларининг ва Путиннинг ўзини тутишига қараб, улар урушдан воз кечишини ва чекинишини тахмин қилиш мумкинми? Бунақа қамал ҳолатида яшаб қолиш имконсиз деб айтяпсиз, у ҳолда Москва олдида қандай йўл қолади?

– Энг яхши йўл – Владимир Владимировични сотиш ва унинг гавдаси билан ўзларининг кетларини пана қилиш. Яъни, ҳамма гуноҳни унга тўнкаш. Умуман, олганда дунё ҳам барча кўргиликларда Путинни айбдордеб билишга мойил. Аммо менга қолса, бу мутлақо нотўғри қараш. Путин руҳий соғлом ёки хасталигидан қатъий назар, у айтаётган гаплар – мафкура ифодасидир. Унинг сўзлари Федерал хавфсизлик хизматининг аксар ходимларига, унингофицерлар таркибига хос мафкуранинг бир қисмидир. Шу боис ҳам Путин уларга суянади.

Лекин улар Путиндан юз ўгиришса, яхши чора бўлар эди. Лекин улар ўзларининг жон талвасасини узайтиришга ҳаракат қилишадими, деб қўрқаман. Куни кеча “Эхо Москви”ниэфирдан узишди, қанчадан-қанча телеканал ва сайтларни ёпишди. Россияда ўзгача фикрловчиларга қарши оммавий қатағон авж олиши мумкин.

– Россия фуқаролари бу санкцияларни, қамални ўз таналарида ҳис қила бошлашдими? Чунки ҳар куни “BMW Россияга автомобиль етказиб беришни тўхтатди” ёки “Apple маҳсулотларини жўнатмай қўйди” қабилидаги хабарларни ўқияпмиз. Бу фуқаролар, жумладан, Украинадаги урушни қўллаб-қувватлайдиган фуқаролар ҳаётига қанчалик таъсир этди?

– Ҳозирдан бир нима дейиш қийин, чунки санкциялар одамларнинг катта гуруҳига бирданига етиб бормайди, босқичма-босқич таъсир этади. Кимларгадир аллақачон сезилди: чет элда дам олгани кетмоқчи бўлиб турган, каттароқ харид учун пул жамғариб қўйган одамларнинг режалари барбод бўлди. Яна қанча одам эрта-индин сезади, чунки корхоналар бирин-кетин ёпилади, бизнеслар касод бўлади. Аҳолининг қора кунга атаб қўйгани кўпга етмайди, боз устига икки йиллик ковид даври ҳам одамларни ҳоритган.

– Бир оз аввал Давлат Думаси депутати Мария Бутина “айфонларни сотишни тўхтатиш билан бизни қўрқита олишмайди, бизнинг ўзимизда телефонлар ишлаб чиқариляпти”, деган эди. Афтидан, давлатнинг “санкциялар бизга чикора, ҳамма нарсани ўзимиз ишлаб чиқара оламиз”, деган мазмундаги пропагандаси қайтадан кучайтирилади, шекилли. Сиз нима дейсиз, Россия бу қамал шароитида зарур маҳсулотлар билан ўзини ўзи таъминлашга, ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қодирми?

– Мария Бутинани эксперт сифатидаги фикрига қиймат бермаган бўлардим. Қрим аннексия қилинганига 8 йил бўлди, 8 йилдан бери Россияда импорт ўрнини босишга қаратилган ҳар хил дастурлар амалга ошириляпти. Натижа қани? Россиянинг энг замонавий процессорлари – “Байкал” ва “Эльбрус” – аслида Тайванда ишлаб чиқарилади. Ҳозирда у ерда ҳам ишлаб чиқариш тўхтаган, Россияга маҳсулот жўнатиш тўхтатилган. Икки йилча муқаддам алоқа хизмати бошлиғи генерал Рослановни 2,5 млрд рубл бюджет маблағини ўзлаштирганликда айблаб, суд қилишди. Бу пуллар Россиянинг ўз ҳарбий алоқа воситаларини ишлаб чиқаришга ажратилган эди. Мамлакатда ҳарбий алоқа ускуналари ишлаб чиқарадиган салоҳият бўлмагани учун улар Хитойдан оддий фуқароча рацияларни сотиб олишган. Яъни, шунча маблағ ўғирланган бўлиб чиқяпти.

Россия импорт маҳсулотлар билан ўзини ўзи таъминлашга қодир эмас. Буни ҳатто Совет Иттифоқи ҳам уддалай олмаган эди, Россияга йўл бўлсин. Қанчалик оғиз кўпиртиришмасин, 8 йил ичида бирон бир тайинли иш қила олишмади, бундан кейин ҳам қўлларидан келмайди. Ҳозирги шароитда-ку, бунинг мутлақо иложи йўқ.

XS
SM
MD
LG