Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:55

Украинага окоп қазиш учун юборилган мигрантлар пулларини тўлиқ олмаганидан шикоят қилмоқда


Россия-Украина уруши. Иллюстратив сурат.
Россия-Украина уруши. Иллюстратив сурат.

Москвадаги “АБЗ Белий Раст” ширкати Украинанинг Россия босиб олган ҳудудларига меҳнат мигрантларини олиб бориб, музлоқ ерда окоп қаздирган, бироқ иш битганидан сўнг мигрантларнинг ҳақидан уриб қолган. Ширкат раҳбарияти эса ушбу можарода ўзларини асл жабрдийда қилиб кўрсатишмоқда. “Настояшчее время” ҳамда Озодлик радиосининг “Система” лойиҳаси суриштирувида шу ҳақда сўз боради.

Тожикистон фуқароси бўлган 27 ёшли Нурулло (исм унинг ўз илтимосига кўра ўзгартирилган) 2023 йилнинг январида Москвадан Украинага жўнаб кетади. У ва қўл остидаги 35 кишини Москва вилоятидаги “АБЗ Белий Раст” заводи мулкдорларидан бири бўлмиш Евгений Коноплев окоплар қазиш ва блиндажлар қуриш учун ёллаган эди. Бир километрлик окоп учун бутун бригадага 800 минг рубл (январ бошидаги курс бўйича 11,4 минг доллар) таклиф қилинади. Мигрантлар Запорожье вилоятида, яъни босиб олинган Украина ҳудудида эканликларини, табиийки, ўйламайдилар.

“Траншеялар техникада қазилди, биз қўлда ишладик. Аскарлар учун панагоҳлар, жанг қилиш учун зарур ҳимоя иншоотлари қурдик”, дейди Нурулло “Система” билан суҳбатда. Бригада ишлаган жой иккинчи чизиқда – фронтдан 15 километр ичкарида бўлгани учун артиллерия зарбалари уларга хавф солмаган. “Бизни Токмак яқинидаги Каменка деган қишлоққа, қочқинлар ётоқхонасига жойлаштиришди”, давом этади ишчи.

Қамоқ ёки “Вагнер”: Мигрантлар Украина урушига мажбуран ёлланмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:52 0:00

Муаммо мигрантлар ишнинг бир қисмини бажаришганидан сўнг бошланади. Сергей Коноплев Нурулло ва яна бир неча ишчига келишилган 800 минг рублни бермайди. Тўғрироғи, салкам 600 минг рубл тўлаб, қолганини беришдан бош тортади. Ишчилар окоп қазишни тўхтатиб, уйга қайтишга қарор қиладилар. Лекин, Нурулло айтишича, мигрантларнинг бир қисми йўлкирага пули бўлмагани учун қайта олмаган ва иш ҳақи тўлашларини кутиб, ҳануз ўша ерда қолишмоқда. “У ёқда 40, 50 минг рубл ҳақини ололмай турган одамлар бор”, дейди Нурулло. Йил бошидаги курс бўйича бу тахминан 600-700 долларни ташкил қилади.

Нурулло ва дўстлари полицияга мурожаат қилишган. “Москвада ариза бердик. У ёқда полиция йўқ, ҳарбийлар истаганини қилиб ётишибди: одамларни отиб ташлашади, портлатишади, кўмиб юборишади – ҳар ким ўзини ўзи ҳимоя қилиши керак”, дейди мигрант оккупация қилинган ҳудудлардаги аҳвол ҳақида гапирар экан.

Мигрантларнинг аризаси полицияда рўйхатга олинганини “Система”нинг Москва полициясидаги манбаси тасдиқлади.

Бироқ шундан сўнг Нурулло билан икки ишчини ушлаб, прокуратурага олиб боришибди. У ерда Тожикистон фуқароларини қўрқитишга уринишган. “Босим қилишди, кўзимизни қўрқитишга уринишди. Лекин мен билганингизни қилинг, деб туриб олдим. У ёққа борганингиз учун умрбод қамалишингиз мумкинлигини биласизларми, деб сўрашди. Биз жанг қилгани эмас, ишлагани борганмиз, деб жавоб бердим”, ҳикоясини давом эттиради Нурулло.

Россия ИИВ ҳамда Москва прокуратураси “Система” сўровига жавоб бермади. Полиция маълумотларидан хабардор манбага кўра, Нурулло ва ўртоқларининг миграция қонунчилигини бузган-бузмаганини текширишган, аммо ҳеч қанақа қоидабузарлик топа олишмаган.

Ширкат: “Ишчилар ҳақини ўзлариникилар еган”

“АБЗ Белий Раст” мулкдорларидан бири бўлмиш Евгений Коноплев “Система” саволларига жавоб беришдан бош тортди, айни чоғда у ёллаган қурувчилар Запорожье вилоятида ишлашганини инкор этгани йўқ. Ширкат раҳбариятига яқин манба эса ушбу можарода жабр кўрган тадбиркорларнинг ўзи эканини айтмоқда:

“Ширкатимизга нисбатан яхши иш қилишмади, жуда ғирром одамлар экан. Бригадирлар ўз одамларини алдайди, кейин улар биздан ҳақ талаб қилишади. Биз бунақа одамларга икки марта рўбарў бўлдик, зўрға қутулдик улардан”, дейди “Система” суҳбатдоши.

Ширкат раҳбарияти талқинича, улар пулни батамом тўлашгану бригада бошлиқларининг ўзлари, жумладан Нурулло ишчиларнинг ҳақидан уриб қолган бўлиб чиқяпти. Бироқ Нурулло бунинг акси бўлганини таъкидламоқда.

Украинада окоп қазиган мигрантларнинг маоши тўлиқ берилмади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:23 0:00

“АБЗ Белий Раст” йўл қурилиши ҳамда қурилиш материаллари – бетон, асфальт ва ғишт етказиб бериш билан шуғулланади. Ширкатнинг асосий буюртмачиси – Москва йўлларини бошқариш ва сақлашга масъул бўлган “Мосавтодор” давлат корхонасидир. Сўнгги беш йил ичида “Белий Раст” давлат ташкилотлари билан бир ярим миллиард рублдан зиёд қийматда шартномалар имзолаган. Коноплевга оид ширкат пиёдалар йўлаклари қуради, кўчаларни таъмирлайди. 2022 йилда Москва вилояти губернатори Андрей Воробьёв ширкатга ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирган.

Шартномалар орасида Россия ишғол этган ҳудудларга алоқадори йўқ. Аммо Би-би-си рус хизмати маълумотига кўра, завод фронтга ҳарбийлар орасида “аждар тиши” номи билан машҳур бетон конструкциялар етказиб берган – улар Украина ҳужумга ўтган тақдирда оғир техника ҳаракатини тўхтатиб қолиш мақсадида қўлланмоқда.

Россия армияси ва оккупацион маъмуриятлар босиб олинган ҳудудларни ўтган йилнинг кузидан бери мудофаага тайёрлашмоқда. Сунъий йўлдошдан олинган тасвирларда Херсондан тортиб Клинцигача – бутун туташув чизиғи бўйлаб мудофаа ҳандақлари қазилгани кўринади. Нурулло бригадаси ишлаган Запорожьедаги окопларни эса узунлиги бўйича рекордчи дейиш мумкин – улар Бердянскнинг жануби ғарбидаги Мариновка қишлоғида бошланиб, Мелитополдан тўққиз чақирим нарида тугайди ва жами узунлиги 70 километрни ташкил этади.

“Оккупацияга тайёрланишда иштирок этган”

Украиналик ҳуқуқ фаоли Павел Лисянский “Система”га берган изоҳида Украинада Нурулло ва у каби ишчилар устидан реал жиноят ишлари очилиши мумкинлигини айтди. “Агар у окоп қазган бўлса, демак, оккупацияга ва ҳарбий ҳаракатларга ҳозирлик кўришда қатнашган. Бу эса онгли равишда содир этилган жиноят ёхуд ноқонуний қуролли тузилмалар фаолиятида иштирок этиш ўлароқ баҳоланиши мумкин”, дейди Лисянский.

Украина ҳукумати уларни халқаро қидирувга беришга ҳақли, шу боис ҳуқуқ фаоли мигрантларга бунақа ишларга бормасликни тавсия қилади. “Улар уруш ҳудудига, оккупация қилинган ҳудудларга боришмоқда. 90 фоиз ҳолатларда уларга ваъда қилинган пулни тўламасликлари аниқ”, қўшимча қилади Лисянский.

Ишчилар энг камида давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишгани учун 204-1-модда бўйича жаримага тортилиши мумкин.

Форум

XS
SM
MD
LG