Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:57

“Россия қамоғига тушишни истамайман”. “Хорижий агент” нега Грузияга кўчиб кетди?


Владимир Жилинский
Владимир Жилинский

Россия сайловларида сайловчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонунбузарликларни қайд этиш билан шуғулланган “Голос” ҳаракати координатори, “хорижий агент” Владимир Жилинский Грузияга кўчиб ўтди. Бошқа ўнлаб мухолифат вакиллари каби, Владимир оиласини ўзи билан олиб кетган ва бизнесини ҳам кўчирган.

У “Север.Реалии”га берган интервьюсида “нотўғри тузилган” ҳисобот учун 100 минг рубль жарима солишганидан сўнг сабр косаси тўлганини, қолаверса, иккинчи фуқаролиги бўйича Беларусга депортация қилишлари мумкинлигидан чўчиганини айтди.

Жилинский 37 ёшда. У Псков вилоятида асосан ҳуқуқбонлик фаолияти билан шуғулланар, хусусан, полиция қўлга олган фаолларга кўмаклашар, қамоқдаги фаолларнинг оилаларига ёрдам ташкил қилишга бошчилик қиларди. 2019 йилдан бери вилоятда Жилинский асос солган “Маҳбусларга ёрдам гуруҳи” ишлаб турибди: у сиёсий қарашлари учун давлат таъқиб қилаётган кишиларга бепул ҳуқуқий кўмак кўрсатади.

2021 йил октябрида Жилинскийни, “Голос” ҳаракатининг бошқа координаторлари сирасида “хорижий агентлар” рўйхатига тиркашган эди. Ноябрь ойида эса Россия Адлия вазирлиги унга биринчи марта жарима қўллади – “хорижий агентлар”га оид қонунчиликка риоя этмагани ва ҳисоботни нотўғри тўлдиргани учун.

“Хорижий агент” мақоми – вазирликка ҳамиша ҳисоб бериб туришнигина англатмайди. Бу уч марта хатога йўл қўйсанг – қамаласан, дегани ҳамдир. Биз тўлдиришимиз лозим бўлган ҳужжатлар учун тайинли бир қоида йўқ. Нима қилишни ҳеч ким билмайди, бунақа ҳисоботлар НТТлар учун чиқарилган. Мени “хорижий агентлар” рўйхатига тиқишгани юқорида кимдир мени жуда ёмон кўрганини билдиради. Шундай экан, ҳисоботимдан учта хато топиб, мени қамоққа жўнатишларига ҳеч нима халал беролмайди”, дея изоҳ беради Владимир Жилинский.

“Айни пайтда вазирлик сайловдаги қонунбузарлик ҳақида ёзган шикоятимда “хорижий агент” эканимни кўрсатмаганим учун бўйнимга 100 минг рубль жарима илмоқчи, холбуки шикоят берилган вақтда мен “хорижий агент” эмасдим. Бу протоколни қайта-қайта ёзиб ётишибди, чунки вазирлик ходимлари жисмоний, юридик ва мансабдор шахсларнинг фарқига боришмайди. 100 минг рубль пулим бор, лекин мен уни аблаҳларга беришни хоҳлайманми? Йўқ, албатта”, таъкидлайди у.

“Англадимки, Россияда этагимдан тортадиган ҳеч нима йўқ, у ердан кетишим талафотсиз, ҳатто моддий жиҳатдан фойдали бўлар экан. Буларнинг барига ижобий қарайман. Роса заҳмат чекдим, бас энди. Адлия вазирлиги, хорижий агентлик, протоколлар, судлар – чоҳдан чиқишим учун пиллапоя вазифасини бажарди”, дейди “Голос”нинг собиқ координатори.

– Оилангизни кўчиб кетишга кўндириш осон бўлдими?

– Россияда ҳаётимизда ҳаловат йўқолганди. Мен икки мамлакат – Россия ва Беларусь фуқаросиман. Россиядаги беларусларнинг аҳволини кўриб турибсиз: сиёсат билан қизиқаётганлар қамоққа отиляпти ёки депортация қилинмоқда. Уларнинг куни эртами ё кеч менинг ҳам бошимга тушиши аниқ эди. Икки диктатор тил бириктирди, уларнинг кучишлатар идоралари бирлашди, энди бу мамлакатларда қолиш жуда таҳликали.

Хотиним Грузиядаги турмушидан мамнун, бу ер унга ёқди. Ўғлим ҳали ёш, унга фарқи йўқ, ўйин бўлса бас. Ёнгинамизда русийзабон болалар боғчаси, ҳовлида ажойиб болалар майдончаси бор.

Грузияда туриб қандай ишламоқчисиз?

– Мобил платформалар, жумладан, “Android” учун махсус дастур тайёрлаяпман. Омадим бор экан: фаолиятимни исталган жойдан давом эттиришим мумкин. Россиядаги бизнесимни тугатиб, Тбилисида қайтадан очишга бир ой вақт сарфладим. Менга ҳам бу ер жуда маъқул, грузин халқи русларни яхши кўради.

Европа ва АҚШга ўрнашиш қийин – тил тўсиғи, фуқароликка кириш билан боғлиқ ташвишлар бор. Грузия эса россиялик ва беларусларни бажонидил қабул қилади, биз бу ерда маҳаллий фуқаролар билан бир хил ҳуқуқларга эгамиз. Россияда ҳозир ҳеч кимнинг моли ва жони бехатар эмас: солиқ тизими чалкаш, қонунлар пайдар-пай ўзгариб ётибди, ижтимоий суғурта тизими қандай ишлашини ҳеч ким билмайди. Грузия эса бизнес юритиш энг қулай 10 мамлакатдан биридир. Мен маҳаллий адлия бўлимига кириб, юртингизда бизнес қилмоқчиман, деб айтдим. “Яхши, банкка боринг”, дейишди. Банк бир зумда ҳисобварақ очди, мен солиқ идорасига хабарнома юбордим ва молия бўлимидан IT соҳаси мутахассислари учун белгиланган солиқ имтиёзларидан фойдаланишни сўрадим. Менга 10 кун ичида ижобий жавоб йўллашди.

Грузияда сиёсат билан шуғулланмоқчимисиз ёки ҳуқуқбонлик биланми?

– Грузияда сиёсий фаолият билан шуғулланмайман: бу грузинлар мамлакати, уларнинг сиёсати, улар танлаган йўл. Боз устига, маҳаллий тилни билмайман. Ҳуқуқбонлик эса пешонамга битилган тақдир: қаердадир адолатсизлик кўрсам, ғазабим қўзийди ва мазлумга ёрдам бергим келади. Бу менинг юз бераётган воқеаларга реакциямдир. Ҳозирда мен бегона мамлакатларда қонуний жойлашишда россиялик қочқинларга ташкилий-ҳуқуқий кўмак кўрсатувчи тизим яратиш устида ишлаяпман. Россияда чет элда ҳаётини янгидан бошлаш ташвишларига чўчиб, кетишни хоҳламаётганлар кўп – уларни битта-битта “териб”, олиб кетишяпти. Шундай юртдошларимга нафи тегадиган тизим ярата оламан, деган умидим бор.

Россия ҳукумати нега ўз фуқароларини террор қилмоқда?

– Чунки Навальнийнинг қолган-қутган тарафдорларини йўқ қилиш мақсадида “бос” деган буйруқ бўлди. Россияда ҳамма нарса бузилди: исталган одамни қамоққа тиқиб қўйишлари мумкин. Декабрнинг охирида тўрт кишини ушлашди – улар аллақачон ёпилиб кетган Навальний штабларининг техник ходимлари эди, бири шунчаки SMM-хизматлар кўрсатиш билан шуғулланган холос. Ҳеч бир қонунни бузмаган, мутлақо айбсиз одамлар.

– Россия қачон рўшноликка чиқади?

– Таҳлилчилар яқин икки йилда Россия учун бирон хайрли воқеа юз бермаслигини айтишмоқда. Мурватлар янада қаттиқроқ буралади, ҳуқуқлар поймол этилади, сайловларга ёлғон тобора кўпроқ аралашади. Биронта ҳам ижобий башорат йўқ. Бунақа заҳарли муҳитда ишлаш ниҳоятда оғир. Бундай шароитда ҳуқуқбонлик фаолияти билан шуғулланиш – қамоқни бўйинга олиш, дегани. Мен эса Россия қамоғига тушишни хоҳламайман. Вассалом. Гўдак фарзандим, хотиним бор, яшашим керак.

Савил қолсин ҳаммаси! Одамлар ўзларига ишонишмас экан, нега мен уларга ишонай?! Псковда фаоллар ва журналистлар бир ҳовучгина одам учун керак, ҳолбуки у ерда 200 минг аҳоли бор. Яъни, лоқайд бўлмаган, ёрдамга ва курашга тайёр одамлар атиги 0.01 фоиз экан. Қолганларга фарқи йўқ, улар аллақачон ўйин қоидаларини қабул қилиб бўлишган. Ишончим комилки, Псковда мени қамоққа ташласалар ёки Беларусга бадарға қилсалар, ҳеч ким кўчага чиқмайди.

XS
SM
MD
LG