Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:51

Ядровий шантаж. Путин АҚШни қўрқита олмади


Россия, Путин, ядро қуроли. Коллаж.
Россия, Путин, ядро қуроли. Коллаж.

Владимир Путин Россияда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилиши ва ядровий қуролни қўллаш билан очиқча таҳдид қилиши АҚШ матбуотида қарийб якдил акс-садо берди: бу Украинага бостириб кирган Россия армиясининг аҳволи жуда танглиги белгисидир.

“Путин ноиложликдан Украинадаги вазиятни кескинлаштиришга уринмоқда”, деб ёзди Wall Street Journal. “Путиннинг зўраки дағдағасига учманг! Россия ютқазяпти”, дея жўр бўлди Washington Post. “Путиннинг янги қарори унинг ожизлигидан даракдир”, дея хулоса қилди Newsday.

Россия президенти ядро қуролини ишга солиш билан таҳдид қилиб, қўрқув уйғотишни кўзлаган бўлса, ниятига етолмади. Унинг чиқиши АҚШда ўзга ҳисларни уйғотди. АҚШ президенти Жо Байден Владимир Путиннинг россияликларга мурожаатидан атиги бир неча соат ўтиб БМТ Бош ассамблеяси сессиясида нутқ сўзларкан, “ядро қуролини қўллаш билан масъулиятсизларча таҳдид”ни қоралади.

“Ядровий урушда ғолиб бўлмайди”, деди президент Байден Россиянинг Украинага босқинини “БМТ Низомининг ўта жиддий бузилиши” деб атар экан.

АҚШ президенти Жо Байден БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида Путиннинг ядровий таҳдидларини қоралади. БМТ, 21 сентябрь, 2022.
АҚШ президенти Жо Байден БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида Путиннинг ядровий таҳдидларини қоралади. БМТ, 21 сентябрь, 2022.

АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби эса бу Кремлнинг сўнгги ойларидаги биринчи таҳдиди эмаслигини ва Америка ҳукумати уни етарлича жиддий қабул қилишини эслатди. Кирбига кўра, АҚШ ўз имкониятлари доирасида Россия ядровий арсеналини кузатади ва ядровий кучлар жойлашувида ўзгариш бўлганини сезса, жавоб чораларини кўришга тайёр.

Қисман сафарбарлик эълон қилиниши ва ядровий таҳдидлар Владимир Путин ўзини бурчакка қисиб қўйилгандек ҳис қилаётганини англатади ва бу хавфли вазият, чунки у мобилизация ҳисобига Россия армиясини кучайтириш режаси барбод бўлган тақдирда ядро қуролини қўллаш кўйига тушиши эҳтимоли мавжуд.

“Назаримда Путин фронтдаги жорий позицияларни бир неча ой тутиб туриш учун қисман сафарбарлик ҳисобига армияга ортиғи билан аскар тўпласам ва қурол-аслаҳа омборларини тўлдириб олсам, қишда Россия газининг тўхтатиб қўйилиши Европани таслим бўлишга мажбур этади ва, аввалгидек вазият менинг фойдамга ўзгаради, деб хаёл қилмоқда. Лекин унинг ўйлагани бўлмайди, – дейди Филадельфия Ташқи сиёсий тадқиқотлар институти илмий ходими Стивен Бланк. – Хитой “мендан умид қилманглар”, дея Кремлга аниқ мужда берди. Пхеньян эса Путинга нефть эвазига қурол беради, лекин бу қурол урушда бурилиш ясашга қодир эмас, чунки Ғарб Украинага зарур ҳамма нарсани бермоқда ва Ғарб қуроллари Россияникидан анча яхши. Қолаверса, Ғарб мамлакатлари украин армияси учун офицерлар етиштириб беришни кенг кўламда давом эттирмоқда.

Кремль раҳбарияти ядровий табуни ҳатлаб ўтадиган даражада ақлдан озгудек бўлса, у ҳолдан Россиянинг тўлиқ мағлубияти янада тезлашади. Чунки, Украинада тактик ядровий қуролни қўллаш билан Кремлга ҳеч бир тактик ёки стратегик фойда келтирмайди, аммо НАТО мамлакатлари тарафидан жавоб зарбаси бўлиши эҳтимолини кескин оширади. Путин ядровий арсеналнинг тийиб туриш эффекти ядро қуроли қўлланган онга қадар амал қилишини унутмагани маъқул. Ядро қуроли ишга солингудек бўлса, НАТО қўл қовуштириб турмайди. Путин ядро қуролидан фойдаланган тақдирда НАТО “бу бизни ташвишга солмайди”, дейишини тасаввур қила олмайман”.

Вашингтондаги Вильсон маркази Кеннанов институти директори Уильям Померанцга кўра, Россия Украинага қарши урушда муваффақиятсизликка учраши важидан ядро қуролини ишга солиши эҳтимолини назардан қочирмаслик керак, зеро Путин ядровий ҳалокат таҳдидидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланишга яқин келиб қолган.

“Менимча, Путин бурчакка сиқиб қўйилган, унинг ядро қуролини ишга солишга тайёрлиги ҳақидаги баёнотлари эса у мазкур вазиятдан чиқишга йўл излаётганини англатади. Бу таҳдидни амалга ошира оладими, йўқми – ҳеч ким билмайди. Бироқ Ғарб давлатлари воқеаларнинг бу йўсин ривожланишига шай туришлари лозим, боз устига у, назаримда, Запорожье АЭС ҳудудини ўққа тутиш билан ядровий энергияни қуролга айлантириб бўлди. Яъни у Россия ўз манфаатларини ҳимоя қилиш ва Украинани тор-мор этиш мақсадида радиоактив зарарланишга йўл қўйишини намойиш этиб, аллақачон Ғарб билан ўчакишмоқда. Путиннинг ушбу баёнотларига жуда жиддий қараган бўлур эдим, чунки унинг калласида нима борлигини, бу гаплар қуруқ дағдағами ёки ростдан ҳам ўз “кўзири” – ядро қартасини чиқара оладими, йўқми – аниқ билмаймиз”, дейди эксперт.

Украинага босқин: 190-кун | Халқаро Атом агентлиги экспертлари Запорожье АЭСига кириб борди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:44 0:00

Путиннинг ядровий таҳдидлари Киевга олисдаги нишонларга зарба берадиган қуроллар етказиб беришни пайсалга солаётган экан, Ғарб мамлакатлари Россия президентига “ядро қуролини қўллаш шахсан сизнинг ўзингиз учун ҳалокатли оқибатларга олиб келади”, дея мужда беришлари шарт, дейди америкалик публицист, Россия бўйича эксперт Дэвид Саттер.

“Бу таҳдидлар – ҳарбий стратегиянинг бир қисми, мақсад – Вашингтон ва иттифоқчиларини Киевни тўлиқ дастакламасликка, чунончи, унга Россия ҳудудидаги нишонларни йўқ қила оладиган қуроллар етказиб бермасликка ишонтиришдир. Ғарб давлатлари эса айни вазиятда Россия томонидан ядро қуроли қўлланишига нисбатан уларнинг реакцияси нафақат мамлакат, балки Путиннинг ўзи учун ҳам фожиали бўлишини англатишлари лозим. Ўйлашимча, Россия тактик ядровий қуролни ишга солиш билан таҳдид қилиши Ғарбни Киевга энг самарадор қурол-яроқларни беришдан тийиб турибди. Ядро қуролининг қўлланиши энг камида ушбу чекловларнинг бекор бўлишига олиб келади. Дарвоқе, қисман сафарбарликка қарши норозилик чиқишлари Путин катта хатога йўл қўйган бўлишидан дарак бераётир. Норозилик бутун мамлакатни қамраб олишига кўзим етмайди. Бироқ бу ҳолатда ҳаммаси махсус хизматлар ва армияга боғлиқ: Путин сиёсати мамлакатни жарликка бошлаётганини идрок этадиган, Украина билан ҳаёт-мамот урушига киришни хоҳламайдиган одамлар иккала тузилмада ҳам етарли”, дея мулоҳаза қилади Саттер.

Форум

XS
SM
MD
LG