Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:33

Россияда "ишламайдиган кунлар"нинг бир ойга узайтирилиши муҳожир ҳолини янада танг қилди (ВИДЕО)


Карантин пайтида Россиядаги минглаб муҳожир уйига қайта олмай қолди.
Карантин пайтида Россиядаги минглаб муҳожир уйига қайта олмай қолди.

Чоршанба куни Россия президенти Владимир Путин коронавирусга қарши курашга қаратилган тадбирлар доирасида “ишланмайдиган кунлар”ни 30 апрелгача узайтирди.

Бу режим¸ Путин таъкидича¸ карантин пайтида уйда ўтириш буюрилган давлат хизмтчилари маошининг тўлиқ тўланишини кафолатлайди.

Карантин ҳолатида қолган ва ишлаётган муҳожирлар режимнинг узайтирилиши аҳволини янада оғирлаштириши мумкинлигидан хавотир олмоқда.

Пайшанба, 2 апрель куни россияликларга яна бир телемурожаат билан чиққан Владимир Путин мажбурий “таътил муддати”нинг 30 апрелгача узайтирилганини маълум қилди.

Россия президенти ўз чиқишида мамлакатнинг аксар қисмида жорий этилган изоляция режими коронавирус тарқалишини назоратга олишга хизмат қилгани¸ айни пайтда Москвадаги вазият мураккаблигича қолаётганини маълум қилди.

Айни пайтда, ҳозирча на президент на Москва ҳукумати узайтирилган режимнинг мамлакат¸ хусусан¸ пойтахт Москвадаги миллионлаб меҳнат муҳожирлари ҳаëтида қандай акс этишига расман ойдинлик киритгани йўқ.

Махсус қарор йўқ бир пайтда¸ тегишли идоралар муҳожирларга патентларни кечиктирмасдан ўз вақтида тўлаб бориш шартлигини эслатмоқда.

Россияда ишлаëтган ўзбекистонликларни “ишламайдиган кунлар” муддатининг 30 апрелгача узайтирилгани хавотирга солмай қолмади.

Москва шаҳрида тикувчилик қилиб келган 32 ёшли фарғоналик Наргиза Озодлик билан суҳбатда¸ карантин даврида иши тўхтаб қолгани боис¸ ижара ҳақини тўлашга ҳам пули қолмаганини айтади.

- Бу ерда квартирани ижарага олганмиз. Ишлаб турганимизда ўзимизга, солиқ ва квартплата тўлашга етарли пул ишлай оламиз Москвада. Патентимиз, регистрациямиз бор. Путин фуқароларига ойлигини тўлаб бераман дебди. 28 мартдан ишламасдан уйда ётибмиз. Кеча магазинларга бориб иш излаб кўрдик - бизга ўхшаганлар аллақачон эгаллаб бўлган.

Ҳозир бироз пулим бор - продуктага етади. 15 гача бўлса - бир амаллаймиз деб ўтиргандик, лекин Путинни эшитиб ваҳимага тушдик! 30 гача узайтирса квартирани қандай тўлайман? Патентни тўлашим керак, 9 мартда регистрациям тугайди - нима қиламан?! Бизни ўйлайдиган одам борми бу ерда - ҳеч бўлмаса патентларимизни ва регистрацияни бекор қилиб турса эди, деди Наргиза.

Наргиза муҳожирлар¸ асосан¸ хусусий тарбиркорлар қўлида ёки давлат идораларида расман қайддан ўтмасдан ишлаб келгани боис¸ карантин вақтида бирортасига “ёрдам пули” берилмаслигини айтади.

Озодликнинг яна бир суҳбатдоши 37 ёшли андижонлик Шавкат автомобиль эҳтиёт қисмлари савдоси билан шуғулланади. У жорий карантин таътилини меҳнат муҳожирларининг энг катта душмани деб атади.

- Биз ҳозир ёпилдик, ишлаёлмаяпмиз. Ишчиларимга жавоб берворганман - уларга пул тўлашга имконим йўқ. Мен ўзим квартира пулини беришим керак - бошим қотган. Холамни ўғли қурилишда - ишсиз ётибди экан, шерикларидан 1-2 сўм олиб, тирикчилик қиляпти. Фирмамиз биносини аренда пулини беришим керак, сайт пулини тўлашим керак. Кеча Фудситига бориб охирги 5 минг рублга бозор қилиб келдим - бу ёғи Худодан! Бошимга ҳар хил хаёллар келяпти. Бу кетишда 15 апрелдан кейин мигрантлар ит сўйиб ейдику!

2 апрель куни Москва шаҳар мэри Сергей Собянин "ўзини-ўзи изоляция қилиш" режимини бузганларга 4-5 минг рубль жарима жорий этди. Ўзбекистонлик муҳожир шаҳар маъмурияти ҳаракатланишни мутлақо чеклаши ортидан ҳайдовчилик қилиб келган мигрантлар аҳволи ҳам оғирлашишини айтади.

Эслатамиз, шу йилнинг 25 мартида Россия президенти 28 мартдан 5 апрелгача бўлган муддатни “ишламайдиган кунлар” деб эълон қилди. Бу чиқиш ортидан кўплаб минтақаларда мажбурий “ўзини-ўзи изоляция қилиш” режими киритилди.

3 апрелга бўлган маълумотларга кўра, Россияда коронавирус юқтирганлар сони яна 600 кишига кўпайиб, 4149 кишига етди¸ ўлганлар 34 тани ташкил этди.

Бу борада биринчиликда қолаëтган Москвада 595 одамнинг вирус юқтиргани қайд этилган.

XS
SM
MD
LG