Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:36

Доллар Россияга оқяпти. Марказий Осиё давлатларининг валюта бошоғриғи


Украинага босқин туфайли Россия Ғарб санкцияларига нишон бўлди, Марказий Осиё мамлакатлари эса россияликлар учун кам сонли нақд доллар манбаларидан бирига айланди. Бироқ АҚШ валютасининг чиқиб кетиши минтақанинг ўзида ҳам муаммоларни вужудга келтирмоқда.

Пул жўнатмалари кўпайди. Жўнатаётганлар ким?

Украинада уруш бошланиши ортидан Россиядан Марказий Осиё мамлакатлари пул жўнатиш каррасига ошди. Айни чоғда минтақадан Россияга пул ўтказмалари ҳажми ҳам сезиларли даражада ўсди.

Май ойининг ўзида Қирғизистондан хусусий шахслар томонидан 85,5 миллион доллар олиб чиқиб кетилган, шундан 80,1 миллиони – Россияга. Қирғиз Миллий банкига кўра, бу ўтказмалар ҳажмини ҳисоб-китоб қилиш бошланган 2005 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир. Айни чоғда мамлакатга четдан 257,2 миллион доллар пул келган бўлиб, шундан 245,6 миллиони Россиядан жўнатилган.

Ўзбекистон Марказий банки Россияга "қоп-қоп доллар олиб чиқиб кетилаётгани" ҳақидаги хавотирларни рад этмоқда.
Ўзбекистон Марказий банки Россияга "қоп-қоп доллар олиб чиқиб кетилаётгани" ҳақидаги хавотирларни рад этмоқда.

Йил бошидан май ойи охирига қадар Қирғизистонга 1 млрд 30,4 млн доллар ўтказилган, шундан 981,5 миллиони – Россиядан. Мамлакатдан Россияга олиб чиқиб кетилган маблағ ҳажми эса 260 миллион долларга тенг. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига оид кўрсаткичдан хийла катта. 2021 йилнинг 5 ойи мобайнида Қирғизистонга 962,7 миллион доллар пул келган, 200 миллион доллар мамлакатдан олиб чиқиб кетилган эди.

Четдан пул ўтказмалари ҳажми ортиши минтақанинг бошқа мамлакатларида ҳам кузатилмоқда. Чунончи, Ўзбекистонда январь-июнь ойларида хориждан 6,5 миллиард доллар жўнатилган. 2021 йилнинг шу даврига қиёслаганда ўсиш 96 фоиз ёки 3,2 миллиард долларни ташкил этган. Марказий банк маблағлар қайси мамлакатлардан келгани ва чет элга қанча пул чиқиб кетганига доир тафсилотларни очиқламаган. Айни чоғда Ўзбекистонда жисмоний шахслар орасида АҚШ доллари сотиб олишга талаб ортгани қайд этилмоқда. Ҳисобот даврида 6,66 миллиард доллар сотиб олинганки, бу ўтган йилгидан 2,33 миллиардга кўпдир.

Россиянинг “Коммерсант” нашри ёзишича, жорий йилнинг мартда РФдан Қозоғистонга жами 9,5 миллион доллар ўтказилган, аммо май ойида ушбу кўрсаткич бирданига қарийб 10 карра – 94,5 миллионга ошган.

Ўзбекистондаги вазият

Озодлик Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида нақд сўм ва хорижий валюта тақчиллиги кузатилаётгани ҳақида ёзган эди. Баъзи вилоятларда фуқаролар банкоматдан нақд пул ечиш учун навбатга туришмоқда. Шунингдек, банклар чекловлар жорий этилганини рўкач қилиб фуқароларга нақд пул беришни рад этаётгани ҳақида хабарлар бор.

“Ўрганишлар жараёнида пул ўтказмалари кескин кўпайишининг асосий сабабларидан бири Россияда нақдсиз ва нақд валюта курслари орасида 15-20, баъзан 30 фоиз тафовут мавжудлиги, деган хулосага келдик. Россия банкларида нақд валюта сотиб олишда қийинчиликлар кузатилмоқда. Илгари Россиядаги фуқароларимиз пулларини Ўзбекистонга қайтаётган таниш-билишлари орқали бериб юборишарди. Валюта тўсиқлари бу имкониятларни чеклади. Эндиликда пуллар реал, расмий каналлар орқали ўтказилмоқда”, деган эди Ўзбекистон Марказий банки раиси Мамаризо Нурмуратов.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Отабек Бакиров Марказий банк қайд этган ўсишни "спекулятив" деб атади. Унинг ёзишича, юзага келган ҳолат Россия рублининг босими натижасидир:

“Динамика ва суръатлардан ҳам билса бўладики, бу кўрсаткичлар меҳнат мигрантлари ва умуман ташқи трансфертлар характеристикаси билан боғлиқ эмас. Статистикамиз эртага бу кўрсаткичларни жами даромадларда ҳисобга қўшса, хатолик бўлади. Ўзбекистонлик мигрантлар сони 3 баробарга ошгани йўқ, ўзбекистонлик мигрантларнинг даромадлари йил давомида 3 бараварига кўпайиб қолгани йўқ.

Юзага келган вазият пул ўтказмаларини ғирт спекулятив ва диверсия мақсадларида ишлатишга имконият бермоқда. Афсуски, бунга ҳеч қандай қаршилик кўрсатилаётгани йўқ, тўсиқ қўйилаётгани йўқ. Нақд валюта етишмовчилиги ҳам, нақд сўм етишмовчилиги ҳам бу оқибатлардир”.

Бир неча ой муқаддам қўшни Тожикистонда ҳам доллар танқислиги юзага келгани хабар қилинган эди. Бироқ очиқ манбаларда Украинада уруш бошланганидан кейин мамлакатга келган ва ундан четга олиб чиқиб кетилган пул ўтказмалари ҳажмига доир маълумотлар йўқ.

"Валюта бозоримизни хароб қилади". Иқтисодчилар рублнинг сўмга босимидан хавотирда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:10 0:00

Доллар Россияга оқяпти

Марказий Осиё мамлакатларига пул ўтказмаларининг ўсиш тенденцияси иқтисодчилар эътиборини тортди. Одатда, келаётган пулларнинг катта қисмини Россияда ишлаётган қирғиз, ўзбек ва тожик меҳнат мигрантларининг ўтказмалари ташкил қилади. Бироқ, экспертлар қайд этишича, сўнгги йилларда Россиядаги марказий осиёлик мигрантлар сони ва уларнинг даромадларига доир кўрсаткичлар пул ўтказмалари ўсишига уйғун бўлмаган.

Қирғизистон иқтисодиёт вазирининг собиқ муовини Элдор Абакиров вазиятни Украинадаги уруш билан изоҳлайди.

“Бу ерда мигрантлар жўнатаётган пуллардан ташқари россияликлар биз орқали четга олиб чиқиб кетаётган долларлар ҳам бор, шунингдек улар бу ерда нақд АҚШ валютаси сотиб олишяпти. Минтақа мамлакатларига келаётган ва бу ердан четга олиб чиқилаётган пул ҳажми ортишининг бошқа сабаби йўқ. Россиядан доллар олиб чиқиб кетиш қийин, чунки у ерда доллар сотилмайди. Аҳоли қўлида эса доллар йўқ. Аммо хориждан хомашё ва бошқа нарсаларни сотиб оладиган ширкатларга доллар керак. Ва улар атрофдаги мамлакатларга доллар ва евро излаб келишмоқда. Иккинчидан, Россияни тарк этаётган одамлар ҳам бор. Улар хорижга кўчиб кетишдан олдин мол-мулкларини рублга сотишяпти ва Марказий Осиё мамлакатларида пулларини долларга айирбошлаб олишмоқда”, дейди Абакиров.

Февраль ойида Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг рус банклари Ғарб санкцияларига йўлиқди, уларнинг аксари SWIFT тизимидан узилди. Банклар ва молия муассасалари пул ўтказмаларига доир маълумотларни шу тизим орқали олади. SWIFT’га дунёнинг 200 мамлакатидаги 11 мингдан ортиқ банк-кредит ташкилотлари уланган.

Ғарбнинг аёвсиз санкциялари туфайли Россияда рублнинг долларга нисбатан қадри тушиб кетди, мамлакатда АҚШ валютаси тақчиллашди. Кейинроқ доллар курси барқарорлашди. Россия валюта бозоридаги беқарорлик Марказий Осиё мамлакатларида ҳам акс-садо берди. Миллий банклар ўз валюталари қийматини барқарор сақлаш учун ошиғич чоралар кўра бошлади, тижорат банклари эса ҳисобварақдан доллар олишга ва АҚШ валютасини айирбошлашга чекловлар белгилади. Хусусан, Қирғизистонда долларни нақдлаштириш чоғида 3-5 фоизлик комиссия жорий этилган, лекин шунда ҳам бир кунда 500-600 доллардан зиёд ололмайсиз. Украина урушига қадар бунақа чекловлар йўқ эди.

“Қоп-қоп доллар ташиб кетилмоқда”

Қирғизистон ҳукумати Қирғизистондан Россияга нақд доллар олиб чиқиб кетилаётгани ҳақида бир неча бор баёнот берганди. Миллий банк раиси Кубаничбек Боконтаев Жогорку Кенеш йиғилишларидан бирида Россияга қоп-қоп доллар ташиб кетилаётганини айтди.

“Нақд ва нақдсиз доллар муаммоси бизга ҳам етиб келди. Мамлакатимизда нақдсиз доллар керагидан ортиб кетди. Биз нақд АҚШ валютасини олиб-сотмаймиз. Биз нақдсиз доллар харид қилиб валюта бозоридаги вазиятни тузатган эдик. Аммо тижорат банклари катта ҳажмдаги долларларни четга чиқаришмоқда. Бу миллионлаб доллар дегани. Уларни чайқовчилар сотиб олиб, қопларда Россияга ташияпти. Чунки бизда нақд пул олиб чиқиб кетиш тақиқланмаган”, дейди мулозим.

Ҳукумат вазиятни ўнглаш мақсадида мамлакатдан нақд доллар олиб чиқиб кетишга чеклов киритишга доир қарор лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳужжат 15 апрелда жамоат муҳокамасига қўйилган бўлиб, унга кўра, ажнабийлар 5 минг долларгача, Қирғизистон фуқаролари эса 10 минг долларгача нақд пул олиб чиқиши мумкин бўлади. Пул миқдори бу лимитдан ортиқ бўлганида эса жами сумманинг 10 фоизи баробарида комиссия ушлаб қолинади. Бироқ қарор ҳанузгача қабул қилинган эмас.

Ҳукумат раҳбари Ақилбек Жапаров Россияга нақд доллар олиб кетилаётгани ҳақида шундай муносабат билдирди:

“Афсуски, Украинадаги воқеалар туфайли Россияда доллар курси икки турли бўлиб қолди. Яъни, расмий курс ва қора бозор курси бор. Шу боис улар бизга рублда пул кўчириб, сомга конвертация қилишмоқда ва кейин уни долларга айлантириб, мамлакатдан олиб чиқиб кетишмоқда. Биз ҳукуматда мазкур масалани кўриб чиқиб, унга қарши кураш механизмларини таклиф қилдик. Миллий банк ҳам ўз таклифларини беради. Нақдсиз доллар бўйича чеклов йўқ – фуқаролар ва тадбиркорлар уни истаганча олишлари мумкин. Фақат нақд доллар танқислашди”.

Доллар танқислиги оқибатлари

Қирғизистонда валюта бозори қўшни давлатларга қиёсан очиқроқ деб ҳисобланарди. Бироқ Россиянинг Украинага босқини вазиятни ўзгартирди. Элдор Абакиров Қирғизистон Миллий банки изчил сиёсат олиб бориши лозимлигини айтади:

“Қирғизистондан четга доллар чиқиб кетаётгани – хайрсиз ҳолат. Чунки мамлакат ичкарисида АҚШ валютасига табиий эҳтиёж мавжуд. Бу эҳтиёжни қондириш учун зарур маблағ ҳажмини бошқалар четга ташиб кетмаслиги керак. Бунга қарши чора сифатида Миллий банк долларни нақдлаштиришга 5 фоизлик комиссия жорий этди. Айирбошлаш шохобчаларида эса доллар йўқ. Расмий курс билан олди-сотди курси бир-биридан фарқ қилади. Доллар олиб-сотиладиган телеграм-каналлар пайдо бўляпти. У ердаги курс тамом бошқача. Қирғизистон Миллий банки эса тижорат банкларидан курсни 79-80 сомдан оширмасликни талаб қилаётир. Шу тариқа валюта айирбошлаш қора бозорга кўчди. Бу яхшиликка эмас. Қолаверса, нақд доллар ҳажмининг камайиши миллий валюта захираларига таъсир қилиши мумкин”.

Сўнгги икки йилда Қирғизистонда доллар курси тахминан 85 сом даражасида турғун сақланган эди, аммо 24 февралдан кейин вазият ўзгарди. Урушнинг дастлабки икки ҳафтасида курс 20 сомга кўтарилиб, 106 сомга етди. Сўнгра бирмунча пасайди. Охирги ҳафталарда расмий курс 80 сўм атрофида. Вазият қандай ривожланиши мумкинлигини ҳеч бир мутахассис башорат қила олмаяпти.

Россия валюта бозоридаги беқарор вазият туфайли Қозоғистон четга 10 минг доллардан ортиқ пул олиб чиқиб кетишни ман этди. Қирғизистонда эса 10 минг долларгача пулни олиб чиқишга ҳеч бир чеклов йўқ. Олиб чиқилаётган сумма бундан кўп бўлса, декларация тўлдирилади, холос.

Форум

XS
SM
MD
LG