Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 03:13

Журналистлар Думани тарк этмоқда, Жириновский шилқимлиқда айбланмоқда


Леонид Слуцкий
Леонид Слуцкий

Россия Давлат Думасининг Одоб-ахлоқ масалалари комиссияси, етакчи депутатлардан бирини камида уч нафар журналист аёл шилқимликда айблагани тасдиғини топмади, деб қарор чиқаргандан сўнг бир қатор ОАВ мамлакат парламенти қуйи палатасидан журналистларини чақириб олди.

Айни дамда “Настояшчее время” телеканали мухбири Ренат Давлетгилдеев ветеран депутат ва президентликка энг кўп номзод Владимир Жириновскийни 2006 йили ўзига тегажоғлиқ қилганликда айблади.

Ушбу ОАВда шов-шов кўтарилган воқеаларнинг барчасида депутат ва расмийларнинг гўё шилқимлик қилгани тилга олинади. Шуниси билан у Қўшма Штатлардаги #MeToo ҳаракатига ўхшаб кетади.

Россия ОАВ – улар орасида машҳурлари ҳам бор – мамлакат парламенти қуйи палатаси Давлат Думаси фаолиятини ёритмаслик учун у ерда рўйхатдан ўтган журналистларини чақириб олди.

Слуцкий олдинроқ журналист аёлларга нисбатан қўпол ва ярашиқсиз қилиқлар қилганликда, уларни ўпишга уринганликда ва нозик жойларига қўл югуртирганликда айбланган эди.

Шилқимлик қурбони бўлгани айтилаётган журналистлар Нью-Йоркда жойлашган RTVI телеканали бош муҳаррири ўринбосари Екатерина Котрикадзе, мустақил “Дождь-ТВ” продюсери Дарья Жук ва Би-Би-Си мухбири Фарида Рустамовалардир.

Давлат Думасининг Одоб-ахлоқ масалалари комиссияси 21 март куни Слуцкийни “ахлоқ меъёрлари”ни бузмаган деб топди.

Таниқли журналист, “Эхо Москви” радиостанцияси бош муҳаррири Алексей Венедиктов радиостанция жамоасининг “парламент ахлоқ-одоб комиссияси қароридан ҳафсаласи пир бўлди” ва у “Давлат Думасини журналистлар ишлаши учун хавфсиз бўлмаган жой деб ҳисоблайди”, деб айтди.

RTVI телеканали журналистларини Давлат Думасидан чақириб олишга қарор қилганини билдирди. РБК ахборот агентлиги ва “Дождь” интернет телеканали ҳам шу тахлит баёнот билан чиқди. “Коммерсантъ” газетаси билан Lenta.ru сайти ҳам Слуцкий билан барча алоқаларни узмоқчи эканини маълум қилди.

“Говорит Москва” радиостанцияси муҳаррири Сергей Доренко ахлоқ-одоб комиссияси қарорини қоралади ҳамда барча журналистларни ушбу депутатни бойкот қилишга чақирди.

Собиқ журналист ва Давлат Думасидаги “Единая Россия” партияси фракцияси аъзоси Оксана Пушкина ҳам ОАВ қарорини ёқлашини айтди.

Давлат Думасининг Одоб-ахлоқ масалалари комиссияси раиси Отари Аршба, уч нафар аёлнинг депутатни расман айблаши 18 март куни бўлиб ўтган президент сайлови олдидан нифоқ келтириб чиқаришга қаратилган эди, деди. Унга кўра, комиссия Слуцкийга қарши айбловларни “маълум шахсга қарши қаратилган ва режалаштирилган” деб баҳолади.

ЛДПР партиясини анча вақтдан бери бошқариб келаётган ва 1993 йилдан Давлат Думаси депутати Владимир Жириновский 18 март куни бўлиб ўтган сайловда олган овозлари бўйича учинчи ўринни эгаллади.

50 яшар Слуцкий ҳам Либерал-демократик партияси аъзоси ва Думанинг Халқаро алоқалар қўмитаси раисидир.

Слуцкий 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунида Фейсбук орқали аёллардан кечирим сўради. Аммо шу билан бирга ноқонуний хатти-ҳаракатлар қилмаганини айтиб, обрўсини тўкмоқчи бўлаётганларни судга бериш билан таҳдид қилди.

Путин маъмурияти раҳбарининг собиқ ўринбосари, Дума спикери Вячеслав Володин олдинроқ журналист аёлларга қарата, мабодо қонун чиқарувчи органда ишлаш “хавфли бўлса”, иш жойингизни ўзгартиринг, деб айтган эди.

Жириновскийга қўйилаётган айбловлар

Давлетгилдеев Фейсбукдаги постида ва “Настояшчее время” ТВга берган интервьюсида Жириновский билан боғлиқ нохуш воқеа рўй берганини иддао қилди. Айтишича, ўша пайтда у 20 ёшларда бўлиб, Gazeta.ru сайти топшириғи билан “Мисс Россия” гўзаллар танловини ёритаётган эди.

У ўшанда танлов ҳақида Жириновскийдан фикр сўраганини айтаркан, "у жавоб бераётиб, қуймичимга қўл югуртирди, менинг диктофон ушлаб турган қўлларим титраб кетди”, деди.

Кейинчалик ёрдамчилари ёки тансоқчилари журналистни Жириновскийнинг сиёсий партиясига тегишли саунага таклиф қилган.

“Озод Европа радиоси/Озодлик радиоси” ва “Америка овози” радиостанцияси “Настояшчее время” ТВга продюсерлик қилади.

“Настояшчее время” ТВ Жириновскийнинг ўғли ва партия раиси ўринбосари Игорь Лебедев билан боғланганда, у журналист иддаосига изоҳ беришдан бош тортди.

XS
SM
MD
LG