Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:57

ЖЧ-2018: Россияга келаётган хорижликлар нималарни билиши керак? (АУДИО)


2018 йил, 25 майдан хорижликларнинг Россия Федерациясига киришига оид янги тартиб жорий қилинди. Владимир Путиннинг шахсий кўрсатмасига биноан футбол бўйича Жаҳон Чемпинати финал ўйинлари ўтказиладиган Россиянинг 11 шаҳрида “махсус режим” жорий этилади.

Бундай "режим" нималардан иборат? Озодлик саволларига Migranto.ru портали раҳбари, ҳуқуқ фаоли Светлана Саламова жавоб берди.

Россия президенти Владимир Путин 2018 йил, 12 майда имзолаган 214- қарорга мувофиқ, энди чет элликларга қайдга туриш учун 3 сутка вақт берилади: “Регистрация” қоғозини фақат Ички ишлар бўлимлари ёки Кўп тармоқли марказларида (МФЦ) олиш мумкин. Шундай қилиб, илгари жорий қилинган “почта орқали вақтинчалик қайдга олиш” тартиби футбол бўйича финал ўйинлари ўтказиладиган шаҳарларда бекор қилинади.

Илгарироқ Россия полицияси миграция қайдига туришга 1 сутка вақт берилиши тўғрисида ахборот тарқатган эди.

"Чемпинат кунлари назорат кучайтирилади!"

26 май куни Москвада МДҲ давлатларидан келган хориж гражданлари учун ахборот-таълим хизматларини кўрсатувчи Migranto.ru портали ходимлари томонидан “Футбол бўйича Жаҳон Чемпионати FIFA 2018: хориж гражданлари нималарни билиши керак” мавзусида махсус вебинар ўтказилди.

Уни уюштирган Migranto.ru портали раҳбари ҳуқуқбон Светлана Саламова Озодлик саволларига жавоб бериб, чемпионат ўтказилиши давомида Россияга кириб келаётган хорижликлар, хусусан ўзбекистонлик муҳожирлар нималарга эътибор қаратишлари кераклигига тўхталди.

- Энг аввало, мигрант киришда миграция картасини тўғри тўлдириши ва рус тилида ёзишга қийналаётган бўлса картада лотин ёзувида ҳам ёзиш имкониятига эга. Иккинчиси, Россияга келишдан мақсадини аниқ белгилаши лозим! – деди меҳнат қилгани келаётган мигрантлар миграция варақасида “ишга” деган катакни белгилашлари шартлигини айтган Светлана Саламова.

Migranto.ru портали раҳбари Светлана Саламова
Migranto.ru портали раҳбари Светлана Саламова

Суҳбатдош охирги пайтларда мигрантлар орасида Россиядан кирди-чиқди масаласига оид кўпайган миш-мишларга ҳам тўхталди:

- МДҲ давлатлари гражданларининг Россияга киришига ҳеч қандай чекловлар қўйилгани йўқ! Чемпионат олдидан назорат чоралари кучайтирилгани ва “180/90 қоидаси”га риоя қилмаганларга кириш ман этилаётган ҳолатлар кўпайгани ҳам рост гап. Аммо сизда ҳеч қандай қонунбузарлик аниқланмаган бўлса, қонунан ишлаб, барча солиқларни вақтида тўлаган бўлсангиз бемалол кириб чиқаверасиз. Ишга рухсатномаларни ҳам ҳеч қандай қийинчиликсиз расмийлаштириб олаверасиз, деди Светлана Саламова.

Ҳуқуқ фаоли Россияга ишлагани келаётган муҳожирларнинг аксари қайдга туриш масаласида жуда кўп қийинчиликларга учрашини эслатди. У Россиянинг 11 шаҳрида миграция қайдига туриш тартиблари ўзгарганини тасдиқлаб, деди:

- ​Жаҳон Чемпионати ўйинлари ўтказилаётган шаҳарлардан бирига келаётган муҳожир бу шаҳарга етиб келгани кунидан бошлаб 3 кун мобайнида миграция қайдига туриши шарт. Яъни, кўпчилик ўйлаганидек, чегарани кесиб ўтганидан 3 кун ўтиб эмас! Ўтган йили президент қабул қилган “1 сутка ичида миграция қайдига туриш тартиби” бекор қилинган. Миграция қайди фақат маҳаллий Ички ишлар бўлимлари ёки Кўптармоқли марказлар (МФЦ)да амалга оширилади, деди Migranto.ru портали асосчиси.

Светлана Владимировна жорий этилган барча чекловлар футбол чемпионати якунлангач, 25 июль куни олиб ташланишини ҳам маълум қилди.

С.Саламова: Муҳожир 3 кунда қайдга туриши шарт!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:38 0:00
Бевосита линк

Migranto.ru портали ходимлари чемпионат ўтказилаётган кунлари полиция ва бошқа давлат идораларининг, айниқса, мигрантлар устидан назорати кучайтирилиши ҳеч ким учун сир эмаслигини ҳам қўшимча қилди.

Айни дамда Интернет тармоқларида Россиянинг марказий шаҳарларида хорижликларни “яхши” ва “ёмони”га ажратиш бошлангани тўғрисида хабар-мулоҳазалар кўпаймоқда.

Россия Думасида эса миграция тартибларини янада кескинлаштириш бўйича қатор лойиҳалар илгари сурилаётгани кузатилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, “махсус режим” Москва, Санкт-Петербург, Қозон, Сочи, Волгоград, Екатеринбург, Калининград, Нижний Новгород, Ростов-Дон, Самара ва Саранск шаҳарларида киритилди.

3 кунлик қайдга туриш тартиби олдинроқ қайдга туриб олган хориж мигрантларига тааллуқли эмасдир.

Футбол бўйича Жаҳон Чемпионати FIFA 2018 Россияда 14 июндан 15 июлга қадар давом этади. Айни пайтда, махсус миграция чоралари юқорида кўрсатилган шаҳарларда 25 майдан 25 июлгача давом этиши кўзда тутилган.

XS
SM
MD
LG