Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:31

Reuters: Толибон афғон ҳарбий самолёт ва учувчиларини қайтариш борасида Тошкентга босим ўтказмоқда


Термиздаги афғонистонлик ҳарбий учувчилар ушлаб турилган лагернинг сунъий йўлдошдан олинган тасвири. 29 август, 2021
Термиздаги афғонистонлик ҳарбий учувчилар ушлаб турилган лагернинг сунъий йўлдошдан олинган тасвири. 29 август, 2021

Ўзбекистондаги лагерда қолаётган афғонистонлик учувчилар хавотирда яшамоқда. Reuters агентлиги уч ҳафтадан бери АҚШ томонидан эвакуация қилинишини кутаётган учувчилар ва уларнинг оила-аъзолари аҳволи ҳақида эксклюзив материал ҳозирлади.

Август ойида Афғонистоннинг собиқ ҳукумати қулай бошлаганда унга содиқ бир гуруҳ учувчи Ўзбекистонга қочиб ўтган. Уларнинг бири уяли телефон орқали Reuters билан суҳбатлашди.

«Агар улар бизни қайтариб юборишса, бизни ўлдиришларига 100 фоиз аминман», деган исмини ошкор қилмаслик шарти билан сўзлаган учувчи.

У ўзини маҳбус каби ҳис қилаётганини айтиб берган. Унинг сўзларига кўра, лагердагиларнинг ҳаракати чекланган бўлиб, соатлаб қуёшда вақт ўтказишмоқда. Шунингдек, учувчи лагерда озиқ-овқат ва дори-дармон етарли эмаслигини айтган.

«Биз худди қамоқхонадекмиз. Бу ерда бизда эркинлик йўқ», деган учувчи.

Учувчи лагердаги одам сони 465 атрофида эканини тахмин қилган.

Август ойининг охирида олинган ва Reuters агентлигига тақдим этилган сунъий йўлдош тасвирлари лагерь баланд девор билан ўралганини кўрсатган. Термиз шаҳри яқинидаги лагерда бундан олдин COVID-19 касаллари даволанаётган бўлган. Reuters агентлиги лагерь ичида олинган суратлар билан ҳам танишиб чиққан. Агентликка кўра, суратларда жуда оз жиҳозли хоналар акс этган.

Интервью берган учувчи ўзбек қўриқчиларининг баъзилари тўппонча билан, бошқалари ярим автомат қуроллар билан қуролланганини айтган.

Толибон босими

Лагерь АҚШ президенти Жо Байден учун яна бир бошоғриқ масалага айланиши мумкин. Байден Американинг энг узоқ давом этган уруши якунини белгилаган эвакуацияни яхши режалаштирмагани учун кескин танқидга учради.

АҚШнинг ҳозирги ва собиқ амалдорлари АҚШ ҳукуматини Афғонистон ҳарбийлари ва самолётларини Ўзбекистондан эвакуация қила олмагани учун танқид қилмоқда. АҚШнинг ҳозирги ва собиқ амалдорлари Толибон уларни Афғонистонга қайтаришга чорлаб, Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказаётгани ҳақида огоҳлантирган.

Сенат Қуролли кучлар қўмитаси раиси, демократ сенатор Жек Рид афғон учувчилари ва у ердаги бошқа кучлар тақдиридан «чуқур хавотирда» эканини айтган.

«Бу ходимлар хавфсизлиги нуқтаи назаридан ҳам, қимматли техник билимлари ва тайёргарлиги нуқтаи назаридан ҳам Толибон қўлига тушмаслиги жуда муҳим», деган Рид Reuters агентлигига.

АҚШнинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Жон Хёрбст Ўзбекистон уларни топшириш учун Толибондан ҳақиқий ва сезиларли босимига дуч келаётганига ишонишини айтган.

«Улар Толибон билан яхши муносабатда бўлишни хоҳлайдилар. Уларни қўзғатмоқчи эмаслар, лекин бизни ҳам қўзғатишни истамайдилар», деган ҳозир Атлантика Кенгаши таҳлил марказида ишлаётган Хёрбст.

2016 йилдан 2017 йилгача Афғонистон Ҳарбий-ҳаво кучларини ўқитиш саъй-ҳаракатларига раҳбарлик қилган истеъфодаги америкалик бригада генерали Девид Хикс Давлат департаменти лагерда сақланаётган афғонлар ҳақида АҚШнинг собиқ ва амалдаги ҳарбий хизматчилари ва қонунчиларидан маълумот олганидан кейин, тезкор чора кўрмаганини айтган.

«Ростини айтсам, улар ҳозир нима қилаётганларини билмайман», деган Хикс.

Хикс афғон учувчилари ва уларнинг оилаларига ёрдам бериш учун курашаётганларнинг биридир.

Давлат департаменти матбуот котиби АҚШ бу борада Ўзбекистон билан музокара олиб бораётганини билдирган. Котиб афғон ҳарбийлари ва самолётлари хавфсиз эканини таъкидлаган. Давлат департаменти Афғонистоннинг барча қўшниларини афғонлар киришига рухсат беришга ва қочқинларни таъқибга учраши мумкин бўлган мамлакатларга қайтаришга қарши халқаро қонунларга риоя қилишга чақирди.

Ўзбекистон ҳукумати Reuters агентлигининг сўровларга жавоб бермаган.

Жасоратли қочиш

Толибон Афғонистонда ҳукуматни қўлга олишидан олдин ҳам АҚШда таълим олган, инглиз тилида сўзлашувчи учувчиларни нишонга олиб келаётган эди. Толибон жангарилари айрим учувчилар ҳарбий базани тарк этган пайтда топиб, ўлдирган.

Толибонга Кобулни қўлга олиши арафасида айрим афғон учувчилари 46 та самолётни мамлакат ташқарисига олиб чиққан. Бу эса мамлакатдаги тақрибан 160 ҳарбий учоқнинг тўртдан бир қисми Толибон қўлига ўтиши олдини олган.

Учувчиларнинг аксари Кобулдан учган, лекин баъзилари Мозори Шариф шаҳри яқинидаги базадан учган. Афғонистон учоқларидан бири Ўзбекистон ҳарбий учоғи билан тўқнашган, натижада икки учувчи самолётни ирғиб тарк этишга мажбур бўлган.

Reuters билан суҳбатлашган афғон учувчиси A-29 Super Tucano енгил ҳужум самолётини бошқарган 15 га яқин учувчи, UH-60 Black Hawk вертолётини бошқарган 11 учувчи, MD-530 вертолётини бошқарган 12 учувчи ва кўплаб Ми-17 вертолёти учувчиси лагерда қолаётганини тахмин қилган.

Лагерда ўнлаб учувчидан ташқари Ҳарбий ҳаво кучларининг техник ходимлари ва бошқа Афғонистон хавфсизлик кучлари ходимлари бор. Уларнинг баъзилар оила аъзоларини самолётга миндиришга муваффақ бўлган, лекин кўпчилик учувчи чегаранинг нариги томонида қолган оиласидан хавотир олмоқда.

«Қуруқлик кучлари қолмаганди. Биз охирги дақиқагача жанг қилдик», деган учувчи.

Исми сир қолишини истаган АҚШ ҳарбий амалдорларидан бири ҳарбий техникани Ўзбекистонга олиб чиққан афғонистонлик ҳарбийларни олқишлаган.

Reuters агентлигининг Толибондан ўзбек лагеридаги афғонлар ҳақида изоҳ олиш уринишлари самара бермаган.

Бироқ Толибоннинг юқори мартабали етакчиси Кобул қулаганидан кейин Reuters агентлигига берган интервьюсида ўз кучлари дронлар ва вертолётларни қўлга киритгани, лекин Ўзбекистонга олиб ўтилган самолётлар қайтарилишини исташини айтган эди.

«Иншооллоҳ, қолган самолётларимизни оламиз, улар Афғонистонда эмас», деганди у.

Ҳеч қандай самолётсиз ғалаба қозонган Толибон, шунингдек, собиқ ҳарбий хизматчиларга, шу жумладан, учувчиларга янги хавфсизлик кучларига қўшилиш таклиф қилинишини айтишган. Гуруҳ қасос олиш учун ҳеч кимни қат этмасликни ваъда қилган.

Биометрик маълумотлар

Reuters агентлигига интервью берган учувчи чоршанба куни АҚШ ҳукумати расмийлари лагерга бориб, у ерда афғонистонликларнинг биометрик маълумотларини олганини сўзлаб берган.

«Бармоқ изларини [олишди], шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни текширишди», деган у.

Давлат департаменти Reuters агентлигининг бу ташриф ҳақидаги саволига жавоб бермади.

Учувчи америкалик ишчилар лагерда кўриниш бергани у ердагилар кайфиятни бироз кўтаргани, аммо уларга аниқ ёрдам кўрсатилиши ёки йўқлиги ҳануз ноаниқ эканини сўзлаб берган.

Учувчи Толибон ўз ҳукуматини тузиб, қўшнилари билан алоқа ўрнатар экан, лагердагилар учун вазият қалтислашиб боришини айтган.

АҚШнинг собиқ элчиси Хёрбст каби минтақа бўйича экспертларнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда Толибон билан ишчи муносабатлар ўрнатиш учун интилишга етарлича асос бор. Лагердаги афғонлар ҳам айни фикрда.

«Ҳарбий ҳаво кучлари ходимларининг аксарияти, айниқса, учувчилар АҚШда таълим олишган», деган учувчи.

«Улар Афғонистонга ҳамда келажакда Толибон билан яхши муносабатда бўладиган давлатларга бора олмайдилар», дея сўзини якунлаган у.

XS
SM
MD
LG