Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:29

Қуръонни ёқиб юборгани учун ҳибсга олинган шахс уни Қодировнинг ўғли калтаклаганини айтди


Волгоградда Қуръонни ёқиб юборгани учун ҳибсга олинган Никита Журавел Грозний тергов изоляторида Чеченистон раҳбарининг 15 ёшли ўғли Адам Қодиров томонидан калтакланганини айтди.

Бундай шикоят келиб тушгани ҳақида республикадаги инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Мансур Солтаев маълум қилди. Унинг таъкидлашича, Россия омбудсмани Татяна Москалкова унга вазиятни ўрганишни буюрган ва у буни тасдиқлаган.

“Менинг номимга тегишли мурожаат келиб тушди ва мен шахсан тергов изоляторига бордим... Суҳбат давомида Никитанинг айтишича, Чеченистон раҳбари билан учрашув куни, Рамзан Ахматович кетганидан кейин камерада, уни Адам Қодиров калтаклаган», — дея Солтаевдан Грозний-информ давлат агентлиги иқтибос келтиради.

Грозний-Информ нашри Журавел томонидан ёзилган мурожаатнинг скриншотини чоп этди. Унга кўра, Рамзан Қодиров у билан тергов изоляторида “ислом динини қабул қилиш масаласида” учрашган. Журавел ёзганидек, Қодиров кетганидан кейин унинг ўғли келиб, уни калтаклаган.

Журавел 20 июлгача ҳибсга олинган, май ойининг охирида эса Чеченистондаги тергов изоляторига олиб кетилган. Республика миллий сиёсат, ташқи алоқалар, матбуот ва ахборот вазири Ахмед Дудаевнинг айтишича, Журавел устидан суд Чеченистонда бўлиб ўтади, агар айбдор деб топилса, у жазони ўтайди.

Рамзан Қодиров ҳибсга олинган шахснинг ўғли томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарга бу хабар эълон қилинган вақтда изоҳ бермади.

19 май куни ижтимоий тармоқларда Волгоградда Қуръон ёқиб юборилгани акс этган видео пайдо бўлди. Икки кундан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари озиқ-овқат етказиб берувчи бўлиб ишлаган Украинада туғилган Никита Журавел исмли гумонланувчининг ҳибсга олингани ҳақида хабар беришди. Маълумки, у аннекция қилинган Қримдан Волгоградга кўчиб келган.

Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Журавелнинг ишини Чеченистонга ўтказишни буюрди. Кўп ўтмай 19 ёшли ўсмир Грознийга олиб кетилиб, у ерда “халқ судига” мурожаат билан кутиб олинди. Россия ҳукумати вакиллари ҳукмдан кейин Журавел жазосини Чеченистонда ўташини айтишди - гарчи расман суд ҳали қамоқ жазоси ҳақидаги айблов ҳукмини чиқармаган.

Рамзан Қодиров ўтган йилнинг октябрь ойида вояга етмаган уч ўғли – Ахмат, Эли ва Адам Украинадаги жангларда қатнашганини айтган эди. Ўз сўзларини исботлаш учун у автомат ва гранатадан ўқ узган видеони эълон қилди. Чечен мухолифатининг Телеграм каналлари видеодаги тафсилотлар кадрлар орқа томондан суратга олинганини кўрсатаётганини пайқашди.

XS
SM
MD
LG