Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:59

Қозоғистонда ушланган қирғиз мусиқачи озод қилинди, Бишкек "барча фуқароларини ҳимоя қилади"


Таниқли мусиқачи Викрам Рузахунов "тартибсизликларда қатнашган"ликда гумонланиб қўлга олинган ва қийноқларга солинган эди.
Таниқли мусиқачи Викрам Рузахунов "тартибсизликларда қатнашган"ликда гумонланиб қўлга олинган ва қийноқларга солинган эди.

Қозоғистонда “тартибсизлик уюштиришга ёлланган”ликда гумонланиб қўлга олинган қирғизистонлик таниқли мусиқачи Викрам Рузахунов озод этилди. Қирғизистон Адлия вазирлиги унга нисбатан қийноқ қўллаган қозоқ полициячиларига нисбатан жиноят иши қўзғатилишини талаб этмоқда.

Бишкек расмийлари шунингдек, Олмотада фитнес-мураббий бўлиб ишлаган бир қирғизистонлик ҳалок бўлгани ва яна беш қирғизистонлик қўлга олингани тўғрисида маълумотлар борлигини билдирмоқда.

Бишкек айни пайтда Қозоғистондаги вазиятдан қийин аҳволга тушиб қолган барча қирғизистонликларга турли даражада кўмак кўрсатиш, қамоққа олинганларнинг қаердалигини аниқлаш ишлари олиб борилаётганини билдирди.

Қирғизистоннинг Қозоғистондаги элчиси Дастан Дуйшўкеевнинг маълум қилишича, ҳозир мусиқачи Викрам Рузахунов Бишкекка келмоқда.

Қолаверса, Қирғизистон Адлия вазирлиги Қозоғистон Бош прокуратурасига Қирғизистон фуқароси Викрам Рузахунов бўйича сўров юборган. Унда мусиқачига қийноқ қўллангани юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, куч тизими ходимлари ҳаракати 2002 йилдаги Кишинев конвенцияси қоидаларига мувофиқ тергов қилиниши кераклиги талаб этилди.

Бунга қадар Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги мусиқачининг қўлга олиниши бўйича Қозоғистонга нота юборган эди.

Қозоғистон Миллий телеканали 9 январь куни қозоқ полицияси “тартибсизлик уюштириш учун ёлланган” деб иддао қилган “номаълум шахс”дан олинган интервьюни намойиш этди.

Интервю берган шахснинг "террорчи" эмас, таниқли мусиқачи экани маълум бўлганидан сўнг очилмай қолган мазкур видеода жуда қаттиқ калтаклангани яққол кўриниб турган йигит “номаълум шахслар уни 90 минг тангага ёллаб, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларидан иборат гуруҳ таркибида Олмаотадаги норозилик намойишида иштирок этиш учун олиб келгани"ни айтган.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати видеодаги шахс Қирғизистонда таниқли бўлган мусиқачи Викрам Рузахунов эканини билдирди. Мусиқачини билган қирғизистонликларнинг айтишича, у видеода иддао қилингани каби ишсиз эмас, у таниқли мусиқачи сифатида Қозоғистонга тез-тез гастрол сафарларига таклиф қилиниб турилган.

Қирғиз милицияси мусиқачи концерт дастурини олиб бориш учун 2 январда Олмотага учиб борганини, авиабилетни 16 декабрдаёқ сотиб олганини маълум қилган.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги 10 январь куни тарқатган маълумотга кўра, Қозоғистонда беш нафар қирғиз фуқароси қўлга олинган. Вазирлик матбуот хизматига кўра, қўлга олинганлар бўйича икки тарафлама тегишли ишлар олиб бориляпти. Уларнинг қаерда эканини аниқлаш ишлари кетмоқда.

Ҳозирда Қозоғистондаги қирғизистонликларни ватанга қайтариш ишлари кетмоқда. Ташқи ишлар вазири Руслан Қазақбаевнинг айтишича, Нур-Султон, Олмота, Бишкек шаҳрида тузилган ихчам ёрдам кўрсатиш гуруҳларига 2 январдан буён минга яқин қирғизистонлик ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Қирғизистоннинг Қозоғистондаги элчилиги Нур-Султон, Ақтўбе, Актау, Кустанай, Кўкчетау, Петропавл, Павлодар, Караганда шаҳарларида қирғизистонликлар билан алоқада бўлиб турибди.

Қирғизистоннинг Қозоғистондаги элчиси Дастан Дуйшекеев Олмотадаги тартибсизликлар чоғида бир қирғизистонлик вафот этганини маълум қилди.

"Олмотада фитнес-мураббий бўлиб ишлаган бир қирғизистонлик фуқаро вафот этди. Унинг қаердалигини аниқлаш, жасадни олиб келиш бўйича элчихона ходимлари ишлаяпти”, - деди элчи.

Дуйшекеевнинг айтишича, Қозоғистон куч тизимлари сўнгги воқеалардан Қирғизистоннинг қанча фуқароси қўлга олингани ҳақида расмий маълумот бермаган.

Сўнгги маълумотлар бўйича Қозоғистонда тартибсизликларда гумонланган саккиз мингдан ортиқ одам қўлга олинган. Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги қўлга олинганлар орасида “қўшни давлат фуқаролари” борлигини айтган, бироқ қайси мамлакат эканига аниқлик киритмаган.

Қирғизистон ташқи ишлар вазирлиги 9 январда Олмаота шаҳридаги Бош консуллик 14 қирғиз фуқароси ватанга қайтарилганини билдирган. Уларнинг орасида аёллар ва болалар бор.

Вазирлик бундан ташқари, Нур-Султон шаҳри билан авиақатнов тўхтагани сабабли яна 15 қирғиз фуқаросини темир йўл орқали олиб келиш бўйича ишлар олиб борилаётганини ҳабар қилган.

6 январда ТИВ йигирма нафар қирғиз фуқароси эвакуация қилинганини билдирган. Уларнинг орасида аёллар ва болалар бор. Махсус ташкил қилинган транспорт билан қирғизистонликларда ташқари йигирма нафар рус, бир тожик, бир ўзбек фуқароси ҳам олиб келингани айтилмоқда.

Қозоғистондаги қирғиз фуқароларининг тақдири борасида президент Жапаров ҳам баёнот билан чиқди. Унинг сўзларига кўра, расмий Бишкек Қозоғистондаги "акцияларда қатнашмаган ва адолатсиз жавобгарликка тортилаётган барча фуқароларини ҳимоя қилади".

XS
SM
MD
LG