Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:50

Қозоғистонда чорва қириляпти. Фермерлар фавқулодда вазиятга ўтишни талаб қилмоқда (ВИДЕО)


Қозоғистонда чорвасидан айрилаётган фермерлар ҳукуматни фавқулодда ҳолат эълон қилиш ва зарар кўраётганларга реал ёрдам кўрсатишга чақирмоқда. Уларнинг айтишича, қурғоқчилик туфайли ем-хашак танқислашиб, молларга қирғин келиши баҳордаёқ маълум эди. Президент масъул вазирлик раҳбарини бўшатди ва давлат фермерларга “зарур ёрдамни беради”, дея ваъда қилди.

“ИШНИ УДДАЛАЙ ОЛМАЯПСИЗ”

10 июль куни ҳукуматнинг кенгайтирилган йиғилишида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ноқулай об-ҳаво ва нотўғри прогнозлаш оқибатида айниқса Мангистов ҳамда Қизилўрда вилоятларида оғир вазият юзага келганини маълум қилди. Унинг айтишича, биргина Мангистовда минг бош чорва нобуд бўлган, бир тонна пичан баҳоси 23 минг тангага, айрим вилоятларда эса 42 минг тангага чиққан.

Тўқаевга кўра, “ҳокимликлар ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги тўғри қарорлар қабул қилмаган, аниқ тизимли иш олиб бормаган”. “Натижада фермерлар қийин аҳволда қолди”, деган президент.

Шундан сўнг Тўқаев “тармоқдаги вазият учун шахсан жавобгар шахс” бўлмиш вазир Сапархон Умаровга истеъфога чиқишни таклиф қилган.

Сапархон Умаров Қишлоқ хўжалиги вазирлигига 2019 йил февралидан бери раҳбарлик қилиб келаётган эди.

Президент ҳукумат ва ҳокимликларга “зудлик билан” жабрланган фермерларни дастаклаш учун комплекс чора-тадбирни ишлаб чиқиш ва алоҳида қўриқланадиган табиий ҳудудларда пичан тайёрлаш имкониятларини ўрганиш вазифасини топширган.

“Давлат албатта зарур ёрдамни кўрсатади, фермерлар ҳам бу ишга жалб қилиниши керак”, деган у.

Танқидлардан сўнг Умаров вазирликдан бўшатилиб, ўрнига молия вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Эрбол Карашукеев қишлоқ хўжалиги вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

“МОЛГА ЕДИРИЛАЁТГАН КАРТОН ҚОҒОЗИ ҲАМ ТАҚЧИЛ БЎЛИБ ҚОЛДИ”

Президент билан ҳукумат қишлоқликларга ёрдам ҳақида келаси замон феълида гапираётган бўлса, чорвадорлар бугун дастакка муҳтож. Аниқроғи, улар баҳорнинг ўрталаридан бери мадад кутади.

Мангистов вилоятида қурғоқчилик оқибатлари баҳорнинг ўрталаридан сезила бошлаган эди. Ўшанда озиб-тўзиб кетган қирчанғи отларнинг суратлари ижтимоий тармоқларда тарқалган. Сўнгги маълумотларга кўра, қурғоқчилик забтига олган.

“Яйловимиздан фақат ном қолган холос. Майда моллар чимдигани ўт тополмайди. Ҳаммаёқ тош ва заранг ер. Қаққайиб туради ёки қорайиб турган буталарни ғажийди. Қуёш тиккага келганда отарни қишлоққа ҳайдаймиз. Бечора қўйлар маъраганча уйга қайтади. Оғилхонада ҳам на пичан бор, на ем. Топилса, кепак ёки картон қоғозини сувда ивитиб берамиз. Картон ҳам тақчил бўлиб кетди. Дўконлардан картон қутиларни ташиб кетишяпти. Баъзи бировлар картон олиб келгани атай Оқтовга боряпти”, дейди Жонибек Кожик.

Жонибек – мангистовлик фаол. У 2019 йилда Қосим-Жўмарт Тўқаев асос солган Ижтимоий ишонч миллий кенгашининг аъзоси эди. Жонибек она қишлоғи Ўндида отарни галма-гал боқишларини айтади. Ҳар бир кўчада яшовчи 15-16 оила молларини қўшиб, 300 бошли отар қилиб яйловга ҳайдар экан.

“Кўпни кўрган қариялар бунақа қурғоқчилик бўлмаган, дейишяпти. Ҳали ҳам бизда аҳвол, Мангистов вилоятининг бошқа қишлоқларидан кўра бир оз яхши. Тушиқудуқ, Ақшиниров, Қизан қишлоқлари ва Бейнов тумани қишлоқлари жуда кўп зарар кўряпти”, дейди у.

Жонибекнинг айтишича, қурғоқчиликдан азият чекаётган минтақага бошқа вилоятлардан ем келтира бошлаганлар. Лекин нархи ҳаддан ортиқ қиммат.

“Етказиб бериляпти, дейишади. Тўғри. Лекин чўнтак кўтарадиган нархларда ем сотилаётганини кўрмадим. Фермерларда пул йўқ, шунинг учун улар молини сотишга мажбур бўлмоқда. Мол бозорида нархлар кескин тушиб кетди. Ўтовдек келадиган отни 100 мингга пуллай олган одам Худога шукр қиляпти. Ориқ молларга умуман харидор йўқ. Бошқа вилоятлардан мол олгани келмай қўйишди, чунки жониворлар узоқ йўлга дош беролмай нобуд бўляпти. Агар ҳукумат фавқулодда ҳолат эълон қилиб, фермерларга шошилинч ёрдам бермаса, келаси йили Мангистов вилоятида мол қолмайди”, дейди Жонибек Кожик.

БИЯЛАР ҚУЛУНЛАМАГАН ЙИЛ

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 9 июль куни ўтказилган матбуот анжуманида Қизил Ўрда вилоятининг Оролбўйи ҳудудларида ҳам аянчли аҳвол юзага келгани маълум қилинди.

Қизил Ўрда вилоятига қарашли Орол тумани, Қамистибас қишлоғилик фермер Раҳимжон Коптиловов сўнгги пайтларда моллар яйловдан қайтмаётганини айтмоқда.

“Яйловимиз олисроқ. Ориқ сигирлар қишлоққа қайтгунича тўрт-беш марта тўхтаб, дам олади. Отлар қуриётган кўллар бўйидаги ўт-ўланга интилиб, кўлга тушиб кетса, балчиққа ботиб қолаяпти, дармони йўқлиги учун ўзи чиқа олмаяпти. Қишлоқдошлар кўллар атрофига навбатчи қўйишга мажбур бўлдик. Моялар қорни тўймагунича бўталари ёнига қайтмайди, баъзан бир неча кунлаб йўқолиб кетади. Еми йўқлигидан буталарни ғажийди, лекин буталардаги қуртлар туя учун зарарли. Ичига қурт тушган туя ўлади”, дейди у.

Коптилововга кўра, бу йил биялар қулунламаган. Аксари бияларнинг қулуни чала туғилган.

“Кичик Оролнинг у соҳилида минглаб от боқадиган тадбиркорлар эрта баҳорда, онасини эмавериб ҳолдан тойирмасин деб, ёш тойчоқларни ҳар бирини 20-40 минг тангадан кўтара сотиб кетишди”, дейди Раҳимжон.

Айтишича, туман ҳокимлиги тақсимлаб бераётган ем урвоқ ҳам бўлмаяпти. Яқинда Қамистибас қишлоғининг улушини келтиришибди – атиги бир машина пичан. Қурби етганлар молларини ўт-ўлан топиладиган бошқа минтақаларга олиб кетишмоқда экан.

“ҚУРҒОҚЧИЛИК ЗЎР БЎЛИШИ БАҲОРДАЁҚ МАЪЛУМ ЭДИ”

Расмий ОАВга кўра, маҳаллий ҳукумат фермерларга “қўлидан келганча ёрдам бермоқда”. 11 июнь куни ўтказилган анжуманда Мангистов вилояти ҳокими Серикбой Турумов вилоятда минг бошдан зиёд мол нобуд бўлганини айтган эди.

Бироқ фаол Жонибек Кожик расмий рақамларга ишонмайди.

“Қозоқлар шундай ирим бор: ҳеч қачон мол-қўйининг аниқ сонини бегонага айтишмайди. Тўғри, ҳозир чорвани яширганнинг фойдаси йўқ – давлат моллар сонига қараб одамларга субсидия беряпти. Лекин оддий деҳқонлар бундан бехабар. Ҳар бир қишлоқда 500 дан хонадон бўлса, шуларнинг ярми от сақлайди. Ҳар бир уйда биттадан от ўлган бўлса ҳам, талафот аллақачон мингдан ошган. Ҳукумат энди қимирлай бошлади, ҳолбуки қаттиқ қурғоқчилик бўлиши баҳордаёқ аён бўлганди. Ўшандаёқ чора кўришганида аҳвол ҳозир бунчалик бўлмасди”, дейди Кожик.

Чорвачилик миллий уюшмаси раиси Олмосбек Садирбоев ҳам расмий маълумотларни шубҳа остига олади. Айтишича, у йиғилишда ҳукуматни қурғоқчиликдан огоҳлантирган, бироқ унга ишонишмаган ва далил талаб қилишган.

Садирбоев Мангистов ва Туркистон вилоятларининг учта ва Туркистон вилоятининг иккита туманини кезиб чиққанини, Орол туманида бир фермернинг ўзи 250 бош йирик шохли қорамолидан айрилганини, яна битта қишлоқда 500 бош мол нобуд бўлганини айтади.

“Ҳукумат ёлғон маълумотга алданиб ётибди. Чунки фермерларнинг ўлаётган моллари тўғри ҳисобланмаяпти. Масалан, битта фермернинг 200 бош моли ўлган бўлса, ветеринар бор-йўғи 80 бошини рўйхатга туширган”, дейди Садирбоев.

Мутахассисга кўра, бугунги кунда Шарқий Қозоғистон, Павлодар ва Шимолий Қозоғистон вилоятларидагина бир оз намгарчилик бўлиб турибди. Қолган барча минтақаларда қурғоқчилик кузатилмоқда. Шу боис Садирбоев Қозоғистон вазиятни жут (чорванинг очликдан қирилиши – таҳр.) деб тан олиши ва бутун мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиши керак, деб ҳисоблайди

“Туман миқёсида фавқулодда ҳолат эълон қилиш етарли эмас. Нефт ширкатлари Мангистов вилоятининг ҳар битта қишлоғида қудуқ қазиб бериши керак, келгусида асқатади. Чунки Мангистов билан Қизилўрдада кетма-кет уч йилдан бери қурғоқчилик бўляпти. Ҳарбий машиналарни сафарбар қилиб, чорва молларини ўтли жойларга олиб чиқиш лозим. Битта туманнинг бунга кучи етмайди. Бутун республика бўйича фавқулодда ҳолат эълон қилиш керак”, дейди у.

ДЕПУТАТ: “ҲУКУМАТ КОМИССИЯСИ ИККИ ОЙ АВВАЛ БОНГ УРГАНДИ”

Мангистов вилоятидан сайланган депутат Самат Мусабоев қурғоқчилик туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилиш ғоясини қўллаб-қувватлайди. Аммо, унинг назарида, бутун республика бўйича эмас, Мангистов вилояти ва Оролбўйи миқёсида ФҲ эълон қилиш кифоя.

“Май ойида қишлоқ хўжалиги вазирлиги Мангистовга комиссия жўнатган эди. Комиссия таркибида бир неча депутат ҳам бор эди. Биз деҳқон хўжаликларининг фожиали аҳволини кўриб, фавқулодда ҳолат эълон қилиш керак, деган қарорга келдик ва таклифимизни Асқар Мамин (бош вазир)га жўнатдик. Аммо ФҲ ҳануз эълон қилинмади”, дейди у.

Мусабоевнинг ҳисоб-китобича, қурғоқчилик туфайли Мангистов вилоятида олти-етти минг йирик шохли қорамол нобуд бўлган.

Қизил Ўрда вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармасининг бўлим мудири Аристон Умаровга кўра, бугунгача Орол туманида 500 дан зиёд от ва сигирлар ҳамда бир туя нобуд бўлган. 7 июль куни туманда фавқулодда ҳолат эълон қилиниб, арзон нархларда хашак ва ем тарқатилган.

“Вазият бирмунча барқарорлашди. Молларни Орол туманидан бошқа ҳудудларга ҳайдашга зарурат йўқ”, дейди Умаров.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги аппарати раҳбари Марат Ўразаевнинг айтишича, жойларда ҳокимликлар ваколатли идоралар билан келишган ҳолда фавқулодда ҳолат эълон қилиши мумкин. Бироқ, юқумли касалликлардан бошқа сабаблар билан нобуд бўлган чорва моллари учун фермерларга конпенсация тўланмайди.

XS
SM
MD
LG