Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:53

Қозоғистон: МХҚнинг қайта тузилиши Тоқаев унга ишонмаслигини кўрсатади


Қозоғистон сиёсий элитасини ларзага келтирган норозилик намойишлари вақтида Олмаота ҳокимияти олдида ёқиб юборилган машина.
Қозоғистон сиёсий элитасини ларзага келтирган норозилик намойишлари вақтида Олмаота ҳокимияти олдида ёқиб юборилган машина.

Қозоғистонда анчагина нотинч бошланган 2022 йилнинг дастлабки кунларида айнан нима содир бўлгани ҳақида кўплаб саволлар туғилади.

Бир неча кун давом этган ҳукуматга қарши умуммиллий намойишлар ҳаммага маълум бўлса‑да, ҳукуматнинг юқори бўғинида нима бўлаётгани номаълум эди.

Намойишлар бутун мамлакат бўйлаб тарқалаётган бир пайтда Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ва унинг вориси Қасим-Жомарт Тоқаев тарафдорлари ўртасида тўқнашув бўлиб, бу курашда Тоқаев ғолиб чиққани яққол кўринди.

Назарбоевлар оиласининг кўп нарсалардан маҳрум қилинаётгани Тоқаев ва тарафдорлари уларга ишонмаётгани ёки тоқат қилмаётганини кўрсатса ҳам, ҳукумат таркибида ким қайси томонда эканлиги ҳақида ҳали ҳам аниқ гап айтиш қийин.

Миллий Хавфсизлик Қўмитаси (КНБ) бу борада вазиятга бироз аниқ баҳо бериш мумкин бўлган ҳукумат ташкилотларидан бири.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев (ўртада) Нур-Султонда ёқилғи нархи ошиши сабабли оммавий норозилик намойишлари ортидан фавқулодда чоралар кўриш бўйича ўтказган йиғилишда.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев (ўртада) Нур-Султонда ёқилғи нархи ошиши сабабли оммавий норозилик намойишлари ортидан фавқулодда чоралар кўриш бўйича ўтказган йиғилишда.

5 январь куни номаълум гуруҳлар томонидан Қозоғистоннинг шарқий ва жанубий шаҳарларидаги норозилик намойишлари оммавий тартибсизлик, зўравонликларга айлантирилиши ортидан, Тоқаев Назарбоев тарафдори бўлган қудратли амалдор, КНБ раиси Карим Масимовни ишдан бўшатди ва у кейинчалик ҳибсга олинди.

Тоқаевнинг сўзларига кўра, норозилик намойишлари натижасида тартибсизликлар авж олган бир пайтда КНБ умуман кўринмаган. Айниқса, КНБнинг Олмаотадаги штаб-квартираси талон-тарож қилинган, қурол ва ҳужжатлар ўғирланган.

Кўпчиликдан бири

Ҳукуматни зўравонлик йўли билан ағдаришга уринганлик ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланаётган Масимов узоқ йилдан бери фаолият юритади. У 2016 йилда КНБ бошлиғи бўлгунга қадар Назарбоев даврида икки марта Бош вазир, транспорт ва коммуникациялар вазири, иқтисодиёт ва бюджетни режалаштириш вазири, давлат котиби ва Назарбоевнинг президентлик аппарати раҳбари лавозимларида ишлаган.

Карим Масимов
Карим Масимов

Масимов КНБ таркибида ишдан бўшатилган ягона одам эмас.

17 январь куни Назарбоевнинг жияни Самат Абиш КНБ раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан расман ишдан бўшатилгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди.

Унга кўра, Абиш Масимов билан бир вақтда бўшатилган. Бироқ КНБ аввалига буни инкор этиб, Абиш ҳали ҳам ўз лавозимида экани, таътилга чиққанини маълум қилган.

Аммо 9 январь куни КНБ раисининг яна уч ўринбосарлари – Марат Осипов, Даулет Ергожин ва Ануар Садиқуловлар ҳам ишдан бўшатилди, улардан икки нафари ҳибсга олинди.

Осипов 1986 йилда Қозоғистонда КГБ таркибида иш бошлаган хавфсизлик хизмати ходими бўлган.

У 2013–2016 йилларда Олмаота КНБ раҳбари бўлган ва 2016 йил январидан Қозоғистон КНБ раиси ўринбосари лавозимига тайинланган.

Осипов ҳали ҳибсга олинганича йўқ.

Ергожин ва Садикулов 13 январь куни ҳибсга олинган бўлиб, уларнинг ўтмиши анчагина қизиқарли.

2016 йил ноябрида Ергожин КНБ раиси ўринбосари этиб тайинланганда хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот органлари соҳасида бирор тажрибага эга эмасди. У бу лавозимга Масимов КНБ раҳбари бўлганидан атиги икки ой ўтгач тайинланган.

Даулет Ергожин.
Даулет Ергожин.

Ергожин асосан энергетика соҳасида ва давлат молия идораларида ишлаган. У 2007–2008 йилларда молия вазири ўринбосари бўлиб ишлаган. КНБ раиси ўринбосари этиб тайинлангунга қадар у ерда яна бир қанча юқори лавозимларни фаолият юритган.

Ануар Садикулов
Ануар Садикулов

Садикулов КНБнинг “Аристан” элита бўлинмаси қўмондони бўлган ва фаолиятининг катта қисмини КНБ ва хавфсизлик органларида ўтказган. 2020 йил январида КНБ раиси ўринбосари бўлган.

Садикулов Назарбоев раислик қилган даврда Қозоғистон Хавфсизлик Кенгашининг ҳам аъзоси эди.

Кейинроқ Назарбоевнинг матбуот котиби 81 ёшли Назарбоев ўз ихтиёри билан истеъфога чиққанини маълум қилди. Бироқ ҳукуматдан ҳеч ким буни тасдиқламади.

Садикулов фаолиятининг асосий қисмини президент хавфсизлик хизматида ўтказган, 2013 йилда тузилма бошлиғи этиб тайинланган, 2014 йилда КНБ раисининг ўринбосари лавозимини эгаллаган.

2019 йилнинг июнидан 2020 йилнинг январигача у яна президент хавфсизлик хизматини бошқарган.

Осипов ҳам 1999-2001 йилларда президент хавфсизлик хизматида бўлган.

КНБнинг янги раҳбари этиб Ермек Сагимбаев тайинланди. У янги лавозимга ўтгани муносабати билан президент хавфсизлик хизмати раҳбари лавозимини топширди.

Осипов ва Садикуловнинг фаолияти шуни кўрсатадики, КНБ ва президент хавфсизлик хизматидаги мансабдорлар бир хизматдан иккинчисига ўзгартириб турилган. Сагимбаевнинг ўзи ҳам президент хавфсизлик хизматига ўтгунга қадар, 1994 йилдан 2006 йилгача КНБда ишлаган.

Сагимбаевнинг КНБда яқин алоқаларга эгалигига шубҳа йўқ эди. Айнан у Тоқаевга қарши ҳаракатлар бошланганини биринчилардан бўлиб пайқаган бўлиши мумкин. Унинг КНБ бошлиғи этиб тайинланиши Тоқаевнинг унга бўлган ишончи ўлароқ кўрилмоқда.

Тоқаевни президент вазифасини бажарувчи этиб тайинлаганидан икки ой ўтгач, Сагимбаев президент хавфсизлик хизмати бошлиғи ўринбосари бўлди. 2021 йил 25 августда айнан шу тузилма раҳбарлигига тайинланди.

КНБ раисининг биринчи ўринбосари Абиш ва яна уч нафар ўринбосарлар ишдан бўшатилди.

Мамлакатнинг энг муҳим хавфсизлик хизматидаги бундай катта алмашувлар ғалаёнлардан кейин Тоқаевнинг КНБга ишонмаганини кўрсатди.

Осипов, Ергожин ва Садикулов ишдан олинган куннинг ўзида‑ёқ Тоқаев Бахитбек Косжанов ва Асқар Амерхановни КНБ раисининг янги ўринбосарлари этиб тайинлади.

Косжанов ҳам фаолиятини 1994 йилда КНБда бошлаган. Маълумотларга кўра, Косжанов 2012 йилда саноат лойиҳалари учун хомашё ва инфратузилмани қайта тақсимлашда молиявий ресурслардан фойдаланишни назорат қилувчи комиссия таркибига киритилган.

Кескин қайта ташкил этиш

Унинг бу комиссияда орттирган билими собиқ ва амалдаги мансабдорлар ёки Назарбоевлар оиласи давлатдан ўғирлаган пулларни аниқлашда жуда фойдали бўлиши мумкин.

Асқар Амерханов ҳам 1995 йилда иш бошлаган КНБ ходими. У 2004 йилда КНБ аксилтеррор маркази бошлиғининг ўринбосари этиб тайинланган.

2020 йил 6 май куни Тоқаев Сагимбаев билан бирга Амерхановга ҳам генерал-майор унвонини бериб, мукофотлаган эди. Ўша маросимда Масимовга генерал-лейтенант унвони берилган.

Тоқаев 5 январь куни Қозоғистон ҳукуматининг истеъфосини қабул қилган ва 11 январда ҳукумат таркибини ислоҳ қилганида ички ишлар вазири Эрлан Турғумбоев ва мудофаа вазири Мурат Бектанов лавозимига қайта тайинланган. Бу уларнинг Тоқаевга садоқати гумон остида бўлмаганидан далолат беради.

Аммо ишдан олинганлар сонининг кўплигидан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкин, Тоқаев ва унинг тарафдорларида КНБ норозиликлар пайтида ҳукуматга қарши ҳаракат қилган деган шубҳалар пайдо бўлган.

Тоқаевнинг 11 январдаги миллий хавфсизлик тизимини тубдан қайта ташкил этиши ҳақидаги баёнотини ҳам шу билан изоҳлаш мумкин. Шунингдек , у Миллий гвардияни “сон ва сифат жиҳатидан” кучайтиришни, Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлиги таркибида янги тузилмаларни шакллантиришни буюрди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG