Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:56

Ўзбек қўшиқчиларига зирак тақиб ва ëнбошлаб қўшиқ айтиш тақиқланди


Ўзбекистонлик қўшиқчи Наргиз Зокированинг тату чиздиргани танқидларга учраган эди.
Ўзбекистонлик қўшиқчи Наргиз Зокированинг тату чиздиргани танқидларга учраган эди.

«Ўзбекконцерт» эстрада бирлашмаси 7 февраль куни “Қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплар савиясини баҳолаш бадиий Кенгашининг хулосасини олиш тартибига эслатма”ни эълон қилди.

Ташкилот расмий сайтида эълон қилинган ҳужжатга кўра¸ бундан буëн клипларда “умуминсоний ва миллий маданиятга зид бўлган, ножоиз ҳатти-ҳаракатлар, турли ғоявий таҳдидлар акс этмаслиги лозим”.

Ҳужжатнинг тўртинчи бандида “ғоявий тахдидлар” нималардан иборат эканлигига аниқлама берилган. “Ножоиз ҳаракатлар” деган таглавҳа остидаги бу бандда мусиқали клип ва унда иштирок этадиган қўшиқчига 13 та чеклов белгиланган.

Бу чекловлардан бирига кўра, қўшиқчининг “ётоқхона ва бошқа хосхоналарда хонандаларнинг ёнбошлаб” қўшиқ айтиши тақиқланган. Шунингдек, эркак қўшиқчининг зирак тақиши ҳамда “енгил-елпи ҳаётни тарғиб” қилиши тақиқланади. Барча қўшиқчилар клип мобайнида “беўхшов ҳаракатлар” қилмаслиги ва тана аъзоларига туширилган турли татуировка ва "нақш"ларни кўрсатмаслиги талаб қилинади.

"Эслатма"да белгилаб қўйилган чекловларга кўра, қўшиқчилар клипларда “қимматбаҳо машиналару қасрдай уйларни, ярашиқсиз зебу зийнатларни кўрсатиб кўз-кўз қилиши” ҳам мумкин эмас.

Эркинлик чекланмасин

Ўзбекистонлик санъаткор ва клипмейкер¸ Зокировлар сулоласининг кенжа вакили Жавоҳир Зокиров 12 февраль куни Озодлик билан суҳбатда бу чекловларни “абсурд” деб атади. Суҳбатдошга кўра¸ асосий эътибор хонанданинг вокал имкониятларига қаратилиши керак ва клипмейкернинг қўшиқни очиб бериш учун фантазияси чекланмаслиги керак:

- Мутахассисларнинг ишига бундай чекловлар билан тўсқинлик қилиш яхшилик келтирмайди. Масалан, аммам Луиза Зокированинг қизи Наргиз Зокировани танасидаги татуровкалар учун ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида изза қилишди. Шу боис Наргиз Ўзбекистонга келмоқчи эмас. Наргизанинг овози¸ қўшиқ айтишдаги профессионал маҳоратидан танасига тату туширилган дея баҳридан ўтиш абсурддир¸ деди Жавоҳир Зокиров Озодлик билан суҳбатда.

"Баъзи чекловларни маъқуллайман"

Ўзбекистонлик санъатшунос Акмал Ризаев Озодлик билан суҳбатда бу ҳужжатнинг яхши томонлари ҳам борлигини айтади:

- Клипда чекиш¸ гиëҳванд моддалар истеъмол қилиш¸ алкогол ичиш каби салбий ҳолатлар клипларда акс этмаслигини олқишлайман. Зотан бундай чеклов бутун дунëда у ëки бу кўринишда мавжуд. Менга ëққан яна бир ҳолат давлат рамзлари¸ герб, байроқ, президент тасвиридан фойдаланиш чеклангани бўлди. Масалан, қўшиқчи Дилфуза Исмоилованинг “Омон бўлсин султоним” клипида мамлакат раҳбари тасвирлари маддоҳларча фойдаланилган. Буни, яъни лаганбардорликни қонун билан чекламаса ўзбек қўшиқчиларини жиловлаб бўлмайди¸ деди санъатшунос.

Айни пайтда санъатшунос бу ҳужжатдаги бир қатор чекловларга қўшилмаслигини айтди:

- Мавҳум чекловлар бор. Масалан муқаддас қадамжолар, табаррук ёдгорликлар олдида ножоиз тасвирлар олмаслик керак деган талаб. Ким аниқлайди ҳаракатларниг ножоизлигини? Яна бир чекловда ўзбекона урф-одатларимизга ёт, ўринсиз ва беўхшов ҳаракатлар қилинмасин, дейилибди. Буни ҳам клипни тафтиш қилаëтган кенгаш ўзича талқин қилиши мумкин. Масалан, салафийлар назарида қўшиқ айтиш ҳаром¸ демак пештоқига Қуръон оятлари туширилган Самарқанддаги обида олдида қўшиқ айтиш диний низо қўзғаши мумкин. Ким буни аниқлайди? Ўлчовни санъат эркинлиги нуқтаи назаридан оламизми ëки Толибон назариданми?¸ дейди суҳбатдош.

Маҳаллий мулозимлар қўшиқчиларининг саҳнадаги ҳатти-ҳаракатларини қуюшқонга солишга бундан олдин ҳам уринган эди.

Масалан, 2015 йилда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси кенгайтирилган йиғилишида 37 яшар ўзбек хонандаси Райҳон Ғаниеванинг ҳулқ-атвори, кийиниши ва унинг иштирокидаги клип савияси муҳокама қилинган.

XS
SM
MD
LG