Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:33

Қўйлар намойиши: Самарқандда кластердан норози чўпонлар қўйини ҳокимликка ҳайдаб борди


Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ҳокимлик биноси атрофида маъраган юзлаб қўй-қўзиларни кўриш мумкин.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ҳокимлик биноси атрофида маъраган юзлаб қўй-қўзиларни кўриш мумкин.

Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида маҳаллий чўпонлар яйлов ерларининг кластерларга бериб юборилаётганига норозилик билдириб, қўйлар сурувини ҳокимликка ҳайдаб борди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ҳокимлик биноси атрофини маъраган юзлаб қўй-қўзи ўраб олгани, бир гуруҳ одамлар ҳокимликдан яйлов талаб қилаётгани кўринади.

Самарқандда қўйлар намойиши
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:23 0:00

Воқеа 6 апрель куни Самарқанд вилоятининг Нуробод тумани ҳокимлиги биноси олдида маҳаллий вақт билан кечки 4лар атрофида бўлган.

Озодлик билан суҳбатда бўлган Нуробод туманининг Қиличли маҳалласи вакилларидан бири яйловларнинг кластерга бериб юборилиши оқибатида чорвасини ўтлатишга ер қолмаганини айтди.

“Шу пайтгача қўйларни яйловларда боқиб келдик. Тирикчилигимиз чорвадан. Манови кластер деган нарса чиққанидан сўнг қўйларни яйловга киритмай қўйди. Ҳозир ҳайдаб борсак кластер мени ерим дейди, у ерга борсак униси ол қўйларингни, мени ерим дейди. Шунга ҳокимликдан яйлов ажратиб беришни сўраб бордик”, - дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

Чўпон қўйини қайда боқсин?

Маълум бўлишича, ўтган йилнинг кузида Нуробод туманида қоракўлчиликни ривожлантириш учун “Самарқанд қоракўл кластер” МЧЖ корхонасига 151 минг гектар ҳамда “SP LUXE” МЧЖ қўшма корхонасига 197 243,4 гектар яйлов ер майдонлари ажратилган.

“SP LUXE” МЧЖ эса тумандаги “Соҳибкор Ҳожиакбар” фермер хўжалиги билан ўзаро шартнома имзолаб, 834 гектар яйловни 49 йилга ижарага берган.

Шартномага кўра, 834 гектар яйловда 1 ярим минг қўй боқиш кўрсатилган бўлишига қарамасдан ушбу ер майдонида фермер хўжалиги томонидан 4 мингдан зиёд чорва моллари боқилганлиги Қиличли маҳалласи фуқароларининг норозилигига сабаб бўлган.

Озодлик “SP LUXE” МЧЖдан ҳам “Соҳибкор Ҳожиакбар” фермер хўжалиги раҳбариятидан ҳам изоҳ ололмади.

Нуробод тумани ҳокимлиги расмийси Озодлик билан суҳбатда: “Кечани ўзида мажлис ўтказилиб, “SP LUXE” МЧЖ ва “Соҳибкор Ҳожиакбар” фермер хўжалиги ўртасидаги яйлов арендаси билан боғлиқ шартномани бекор қилишга келишилди. Биринчи навбатда, қишлоқ аҳолиси чорва моллари учун яйлов ажратиладиган бўлди”, - деди.

Аммо ҳокимлик расмийси, аҳоли чорва моллари учун яйловлар қандай шартларда ажратилишига аниқлик қиритмади.

Шу пайтгача ҳеч қандай тўлов тўламасдан яйловларда қўйларини боқиб келган нурободликлар кластер билан шартнома тузиб белгиланган ҳудудларда қўйларини маълум тўлов эвазига боқишга рози эмасликларини айтишади.

“Кечаги мажлисда ҳамма энди тўлов эвазига боқади, деган гап ҳам бўлди-да. Нуробод тумани аҳолиси асосан чорвачиликдан кун кўради. Мана шу яйловлар бор экан, қўйимиз бор. Ҳар бир хонадонда 20-30та қўй, камида 3-4 сигир бор. Бизда ҳамма ёқ даштлик, яйлов бўлгани учун одамлар молини, қўйини шу яйловда боқади. Ем-ҳашак йўқ. Ҳозир кластер ҳамма яйловларга эгалик қилиб олиб, қўйингни ўтлатасан, жунини берасан ёки пул тўлайсан, деган талабларни қўйяпти. Бунақаси бизда бўлмаган. Кеча мажлисда ҳар кимни ўзини яйлови бўлади, тўлов эвазига, деган гаплар ҳам бўлди, шунга ҳамма норози бўляпти, - дейди нурободликлардан бири.

Айни пайтда Нурободда 40 гектар яйловни “A. I. S.” МЧЖга бериш ҳақидаги туман ҳокимлиги қарори ҳам бекор қилинган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 7 апрель куни Нуробод туман ҳокимлиги ва туман кадастр бўлими масъуллари айрим экин экилмаган яйлов ер майдонлари сохта ҳужжатлар асосида лалмикор ер майдонлари сифатида “A. I. S.” МЧЖга берилганлиги ҳамда Нуробод туман ҳокимининг 2020 йил 23 декабрдаги 905-Қ-сон қарори коррупцион ҳолатлар асосида чиқарилганлиги ҳақидаги маҳаллий фуқаролар шикоятини ўрганиб чиққанини маълум қилди.

Агентликка кўра, Нуробод туман ҳокимининг мазкур қарори қабул қилинишида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни бериш ва яйловлардан фойдаланиш тартибини белгиловчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этилмаганлиги маълум бўлган.

"Жумладан, Нуробод туман ҳоким қарорига асосан “A.I.S.” МЧЖга Нуробод тумани Тошқудуқ массивидаги 2118к, 2119к, 2120к, 2121к ва 2122к контурларда жойлашган яйлов ер майдонлари лалмикор ер сифатида ғаллачилик билан шуғулланиш учун ажратилган. Ушбу контурлардаги ер майдонлари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг 2021 йил 27 мартдаги 01002-сонли хатида узоқ йиллардан буён фойдаланилмаган ва экин экилмаган яйлов ер майдонлари эканлиги ҳам кўрсатилган.

Ўрганишлар ва Нуробод туман ҳокимлиги масъуллари билан олиб борилган тегишли ҳаракатлар натижасида туман ҳокимининг қарори бекор қилиниб, Нуробод тумани Тошқудуқ массивида жойлашган яйлов ер майдонлари туман ҳокимлиги заҳирасига олинди", дейилади агентлик баёнотида.

Самарқанднинг Нуробод тумани чорвачилик бўйича илғор туманлардан саналади.

Ҳокимлик сайтига кўра, туманда ҳозир 100 мингдан ортиқ қорамол, 250 мингдан ортиқ қўй-эчки боқиляпти.

“Митинг учун жазо бор давлатда қўйлар намойишга чиқади”

Ижтимоий тармоқларда Нурободдаги қўйлар намойиши турли фикр-мулоҳазаларга сабаб бўлди. Twitter фойдаланувчилари ушбу ҳолат юзасидан ўз фикрларини билдиришди.

Иқтисодчи Отабек Бакиров: “Бунақа ишдан кейин қўйлар намойишга чиқмай ким чиқсин”, - деб ёзди Twitter каналида.

Муфаса исмли фойдаланувчи эса: “Фуқаролар митинг қилгани учун жазо бор давлатда қўйлар чиқади”, дея твит қилди.

5 апрель куни Самарқанд вилояти Пахтачи тумани Сарой маҳалласидаги газ ва электр муаммосига норозилик билдириб, йўл тўсганлардан беш нафари ИИБга олиб кетилганди.

Баъзи фойдаланувчилар New York Times рўзномасида ҳам бу қўйлар ҳақида мақола чиқишини айтиб, ҳажв қилди.

Нурободдаги ҳодисани "Бутун Ўзбекистон қўйлари, бирлашингиз!", дея ҳажв қилганлар ҳам бўлди.

Мирзиёев кластери

Ўзбекистоннинг чорвачиликка ихтисослаштирилган бошқа ҳудудларида ҳам яйловларни кластерлар эгаллаши ортидан маҳаллий чорвадорлар жиддий муаммога юз тутган.

Жиззахнинг Фориш туманида яйлов ерларининг “Лаззат Кафолат” агрокластерига берилиши маҳаллий чорвадорлар норозилигига сабаб бўлди.

Форишлик фермер Эркин Нормуродовнинг айтишича, яйлов билан боғлиқ муаммо сабаб айрим чўпонлар қўй-молини сотишга мажбур бўляпти.

“Ем-ҳашакни зўрға амаллаб қишдан чиқдик десак, яйловлар кластерларга бериб ташланган. Ҳамма норози. Айримлар қўй-молини очликдан ўлмасидан олдин сотиб юборамиз, деб туришибди”, - дейди фермер.

Ўзбекистонда сўнгги уч йил давомида аввалига пахтачилик ва буғдойчилик¸ 2020 йилдан эса¸ чорвачилик, мева-сабзавотчилик ва узумчилик кластерлари ташкил этилишини ҳукумат қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни “чуқурлаштириш” билан изоҳлаб келади.

Озодликка мурожаат қилган аксар фермерлар кластер тизими баҳонасида серҳосил ерлар маҳаллий амалдор ва ҳокимиятга яқин мулкдорлар томонидан қайта бўлиб олинаётганини айтишади.

Кластерга мажбуран бириктирилган юзлаб фермер хўжаликлари йиллаб ўз хизмат ҳақини ололмай¸ банкротлик ëқасига келиб қолганини айтмоқда.

Президент Шавкат Мирзиëев ҳам кластер тизимидаги коррупцияни танқид қилган, аммо бу тизимга ўзгартиш киритиш ëки уни бекор қилиш масаласи кун тартибига қўйилмаган.

Бухорода очликдан ўлаётган қўйлар

Ўтган ҳафта Озодлик Бухоро вилоятининг Пешкў тумани чўл ҳудудларида қўйлар очликдан нобуд бўлаётгани ҳақда хабар қилган эди.

Пешкў тумани Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими раҳбари Завҳиддин Қурбонов Озодлик билан суҳбатда баъзи фермерлар қишлов олдидан озуқа базасини ғамламагани оқибатида қўйлар орасида ўлим ҳолатлари бўлаётгани, лекин муаммо кўламли эмаслигини айтган.

Мутахассислар чорвачиликдаги инқироз яқин ойларда гўшт нархларининг янада қимматлашишига олиб келишини айтишмоқда.

Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт вазирлиги ўтган йил декабридаги ҳисоботида гўшт маҳсулотлари нархлари ўсишига сабаб бўлган уч омилдан бири сифатида ем-хашак базаси камайишини тилга олган..

“Гўшт маҳсулотларини етказиб беришнинг етарли даражаси таъминлай олинмагани озуқа базаси ривожланмаганлиги билан боғлиқ”, дейилган вазирлик ҳисоботида. Бу ўз навбатида, мазкур маҳсулотлар биржа нархларининг мос равишда 17%, 21% ва 27%га ошишига олиб келган.

XS
SM
MD
LG