Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:55

Қозоғистон Қирғизистон билан чегарасидаги назоратни кучайтирди (ВИДЕО, ФОТО)


Қирғизистон-Қозоғистон чегарасидаги "Ак-Жол" назорат-ўтказиш пункти. (Озодлик архивидан)
Қирғизистон-Қозоғистон чегарасидаги "Ак-Жол" назорат-ўтказиш пункти. (Озодлик архивидан)

10 октябрь, соат 18:00 дан бошлаб Қозоғистон чегарачилари қозоқ-қирғиз чегарасидан ўтаётган транспортни ва йўловчиларни текширишни кучайтирди. Натижада чегарада одамлар ва транспорт воситалари тирбандлиги юзага келди. Расмий Остона чегарадаги вазиятни ҳозирча шарҳлагани йўқ.

Қирғизистон Чегара хизматига кўра, кучайтирилган тартиб Қирғизистон президенти сайлови муносабати билан жорий этилган, бироқ чегаранинг Қирғизистон томонида ҳеч қандай чеклов йўқ.

Чегарада соатлаб навбат кутиб турган йўловчиларнинг аксарияти назорат кучайтирилганини президент Назарбоевнинг шаънига ҳамкасби Атамбаев куни кеча айтган танқидий фикрларга жавоб, деб баҳоламоқда.

Қозоғистон Қирғизистон билан чегарасидаги назоратни кучайтирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

Чегарада 10 октябрь кечга яқин юзага келган вазият 11 октябрда ҳам ўзгаришсиз қолди.

Қирғизистон-Қозоғистон чегарасидаги вазият. 2017, 11 октябрь
Қирғизистон-Қозоғистон чегарасидаги вазият. 2017, 11 октябрь

Қирғизистон Чегара хизматига кўра, қирғиз-қозоқ чегарасидаги “Чон-Капка”, “Ак-Жол”, “Ак-Тилек” пунктларида назорат кучайтирилган.

Олмаотада ишлайдиган қирғизистонлик Амантур Рисқулов чегарадаги “Кордай” пунктида (Қирғизистон томони - “Ак-Жол”) навбат кутиб турганига 10 соатдан ошгани тўғрисида Азаттиқ радиосига 11 октябрь, куннинг биринчи ярмида телефон орқали айтди.

- Чегарада тунги соат 2 дан бери турибман. Одам кўплигини эшитиб, кечаси тезроқ ўтиб кетамиз деб келган эдик. Хотиним билан икки боламни пиёда ўтказиб юборақолай, десам, бунинг ҳам иложи бўлмади – одам кўп. Ярим соатда битта машина ўтказишаяпти, деди йўловчи.

Журналист Марат Толомуш ўғли 10 октябрь кечқурун “Кордайда”бўлгани, навбат кутиб турганлар 300-400 нафар атрофида эканлиги тўғрисида Азаттиқ радиосига айтган.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Дос Кошим Озодлик радиосининг қозоқ хизматига назорат кучайтирилиши тўғрисида Чегара хизмати огоҳлантириши лозим эди, деган фикрни билдираркан, жумладан бундай деди:

- Сайловга 5-6 кун қолганда (Қирғизистон президенти сайлови 15 октябрда ўтказилади – таҳр.) шунга ўхшаш хавфсизлик чоралари кўрилиши мумкин. Чегара хизмати вазият Қирғизистондаги сайловдан кейин юмшайди, деб баёнот бериб қўйса ҳам бўлар эди. Шундай қилинмагани учун одамлар ўзича тахминларни айтмоқда. Бу икки халқнинг ўртасига ўт ёқишга ўхшаб кетаяпти. Балки бу вазиятга Атамбаевнинг алоқаси йўқдир. Балки бу чегара хизматининг ички тартибидан келиб чиққан чорадир. Лекин сайловдан кейин вазият қандай ривожланишини ҳам ҳеч ким билмайдида, деган сиёсатшунос.

Айни пайтда Қозоғистонда ишлаб юрган қирғизистонлик меҳнат муҳожирларига босим кучайгани тўғрисида ҳам хабарлар пайдо бўлмоқда. Олмаота шаҳридаги қирғиз диаспораси вакили Алдаяр Маматов бозорларда қирғиз мигрантлари ҳужжатларини текшириш кучайганини Азаттиқ радиосига хабар қилди.

- Илгари “Кенжехан", "Арлан", "Казина" бозорларида ҳужжат текширишган эмас. Кечадан бери рейд ўтказиб, текширишяпти, деди Алдаяр Маматов.

Қирғиз-қозоқ чегарасида юзага келган вазият Интернетдаги ижтимоий тармоқларда ҳам кенг ёритилмоқда. Кўпчилик чегарада назорат кучайтирилишини президент Назарбоевнинг шаънига ҳамкасби Атамбаев куни кеча айтган танқидий фикрларга жавоб, деб баҳоламоқда.

Шанба, 7 октябрь куни Алмазбек Атамбаев бир гуруҳ қирғизистонликларга давлат мукофотларини топшириш маросимида 15 октябрда бўлиб ўтадиган президент сайлови мавзуига тўхталар экан, Қозоғистон раҳбариятини бу сайловга аралашаётганликда айблади.

Қозоғистоннинг Қирғизистон билан чегарасида назорат кучайтирилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:55 0:00
Бевосита линк

Президентлик учун асосий кураш Атамбаевнинг издоши деб айтилаётган Сооронбай Жээенбеков билан собиқ бош вазир Омурбек Бабанов ўртасида кетмоқда.

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Бабанов билан 19 сентябрь куни учрашув ўтказган эди Бу урашувдан олдинроқ Назарбоев Жээнбеков билан ҳам учрашганлигига қарамай, айнан Бабанов билан учрашувдан сўнг Қирғизистон ТИВ Қозоғистонга норозилик нотасини юборган эди.

7 октябрь кунги чиқишида Қирғизистон президенти Қозоғистон раҳбариятини сайловга аралашаётганликда айблар экан, Қозоғистонг президентининг ёшига ҳам тегиниб ўтган эди.

"Назарбоевнинг бизга ёш президент келиши кераклиги ҳақидаги сўзларини қўллаб-қувватлайман. Бироқ, биздаги энг ёши катта номзод ҳам Назарбоевдан 20 ёшга кичикдир. Мен эсам, 16 ёшга кичикман. Бас, шундай экан,ким ёш президентга муҳтож? Бизми ё Қозоғистонми?- деган эди Алмазбек Атамбаев.

Қирғизистон билан Қозоғистон чегарасида 4 та халқаро ва 4 та иккитомонлама ўтказиш пункти бор.

Қирғизистон Чегара хизматига кўра, 10 октябргача чегарадан ҳар куни 1800 та автомашина ўтади. “Кордай”- “Ак-Жол” чегара пунктларининг энг йириги бўлиб, бу ердан кунига 12 минг йўловчи ва 500-600 автомашина ўтиб турган.

Қирғизистон Қозоғистон билан бирга битта ташкилот - Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) га аъзо. Россия билан Беларусь ўртасида Божхона иттифоқи сифатида тузилиб, кейин ЕОИИга айлантирилган ташкилотга Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон аъзо.

XS
SM
MD
LG