Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:08

Асқар Ақаев Қирғизистонга келишига шароит яратиб берган Садир Жапаровга миннатдорлик билдирди


Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Ақаев журналистлар билан суҳбат чоғида, Бишкек, 2021 йил 2 августи
Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Ақаев журналистлар билан суҳбат чоғида, Бишкек, 2021 йил 2 августи

Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Ақаев ўз ватанига мамлакатнинг амалдаги раҳбарияти билан эришилган келишув шарофати келишга муваффақ бўлган. Бу ҳақда А. Ақаевнинг ўзи 2 август куни Бишкекдаги Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносидан чиқиш чоғида журналистлар саволига жавоб бериш асносида билдирди.

“Мен Қирғизистонга келишимга имконият яратилгани учун президент Садир Жапаровдан миннатдорман. У киши бунга рухсат берди ва мен 16 йил ичида илк бор ватанимга қайтишга мушарраф бўлганимдан жуда хурсандман”, деган Асқар Ақаев амалдаги давлат раҳбари билан Алаарча қароргоҳида учрашганини қўшимча қилган.

Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, собиқ президент мамлакатда бир ҳафтача бўлиши, бу вақт давомида МХДҚда ўтказиладиган сўроқ жараёнида қатнашишини ҳам маълум қилган.

“Мен ҳамкорлик қилишга, ёрдам беришга келдим ва мен Қумтор бўйича нима билсам, ҳаммасини айтиб бераман. Бу лойиҳа бўйича менга нисбатан эътирозлар борлигини биласиз: Қумтор менинг давримда қурилган. Шунинг учун мен терговга ёрдам қилиб, кўрсатма беришни истайман. Мен МХДҚ раисидан миннатдорман – бу ерда мени самимий кутиб олишди, менга жуда эътибор билан муомала қилишди”, дея таъкидлаган Асқар Ақаев.

Собиқ президентга кўра, у Бишкекка “Қумтор қандай қурилгани, нима учун қурилгани ва эҳтимолки, бу жараёнда қандай хатоларга йўл қўйилгани ҳақида сидқидилдан, самимий гапириб бериш” учун келган.

Ўз сўзи якунида А. Ақаев “мамлакатнинг янги раҳбариятида бунёдкорлик режалари бор”лигини қайд этиб, қўлдан келганча бу жараёнга ёрдам бериш ниятида эканини билдирган.

Собиқ президентлар хусусидаги саволга жавоб бераркан, у ўзида халафларига нисбатан ҳеч қанақа эътироз йўқлигини қўшимча қилган.

“Ҳамма ўз муаммосини ўзи ҳал қилади, мен ўз масалаларимни ҳал қилиб олсам ҳам катта гап. Бошқа президентларга нима бўлишига оид саволларга жавоб беролмайман”, деган Асқар Ақаев.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 август куни Москвадан Бишкекка учиб келган собиқ президент Асқар Ақаев Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) биносига етказилганди.

Қўмита А. Ақаев “Қумтор” олтин кони лойиҳасини амалга оширишга йўл қўйилган коррупция фактлари бўйича очилган жиноят иши доирасида қидирувга берилганини эслатган.

“МХДҚ томонидан қабул қилинган чора-тадбирлар натижасида Асқар Ақаев Бишкекка олиб келинди, шундан сўнг зудлик билан Маҳкамалараро тергов гуруҳига топширилди. Ҳозирги пайтда Ақаев МХДҚ биносида тутиб турилибди, унинг иштирокида зарур тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дея маълум қилган қўмита вакиллари кейинроқ олиб борилган тергов ҳаракатлари натижаларига оид тафсилотларни очиқлашга ваъда беришган.

Аввалроқ қирғиз матбуотида мамлакатнинг тўнғич президенти Асқар Ақаев душанба куни Бишкекка учиб келаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

А. Ақаев Қирғизистонни 1990 йилдан 2005 йилгача бошқарган. У ва оиласи 2005 йил март ойида содир бўлган инқилоб ортидан Россияга қочишга мажбур бўлганди.

Шу йил 8 июлида МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев мамлакатнинг собиқ президентлари Асқар Ақаев ва Қурмонбек Бакиев “Қумтор” лойиҳасини амалга оширишнинг турли босқичларидаги коррупция фактлари бўйича жиноят иши доирасида қидирувга берилганини очиқлаганди.

Расмий баёнотларга кўра, Қирғизистон ҳукумати Қумтор иши бўйича халқаро судда Канаданинг Centerra Gold Inc. Ширкати мамлакатнинг собиқ раҳбарларини пора эвазига сотиб олганини исботлаш ниятида.

Қирғизистон расмийлари 2005 йилги “лола инқилоби”дан бери Россиядан Асқар Ақаевни қайтаришни талаб қилиб келишган, бироқ Москва бу талабга доим рад жавоби бериб келган.

Сўнгги йилларда Асқар Ақаев Россияда илмий фаолият билан шуғулланиб келган. Россия нашрлари маълумотига кўра, 2014 йилдан бери у “Иқтисодиёт олий мактаби” миллий тадқиқот университетида ишлаб, ижтимоий-сиёсий беқарорлаштириш хатарларини мониторинг қилиш лабораториясига раҳбарлик қилиб келаётганди.

XS
SM
MD
LG