Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:48

Қирғизистон: Янги ҳукумат бюджетни 3 йилда бир неча бараварга оширмоқчи


Қирғизистоннинг янги ҳукумати раҳбари бу йил бюджетни 280 млрд, келаси йилда эса 400 млрд сомга оширишини эълон қилди. Иқтисодчилар бюджетнинг яқин йилларда кескин ўсишига ишонмаяпти. Ижроия ҳокимияти эса қўшимча маблағларни бож тўловлари ва солиқлардан йиғишни режаламоқда.

Президент Садир Жапаров Вазирлар маҳкамасининг янги раиси Ақилбек Жапаров бюджетни оширишга ваъда берганини айтди. Президент урғулашича, унинг ҳукумат бошлиғи лавозимига номзод қилиб кўрсатилиши сабабларидан бири айнан шу ваъдаси бўлган.

Ақилбек Жапаровнинг ўзи ҳам Жогорку Кенеш йиғилишида бюджет оширилишини ва 2024 йилда 600 млрд сомга етказилишини маълум қилган.

“Садир Нургожоевич олдимизга аниқ вазифа қўйди. Бюджетнинг захира қисмини ошириш бўйича шошилинч чора-тадбирлар кўрилади. Биз йилни 280 млрд сомлик кўрсаткич билан якунлашни мўлжаллаяпмиз. Президент топшириғига кўра, келгуси йили – 400, 2023 йилда – 500 ва 2024 йилда 600 млрд сомга етказилиши керак. Шу тариқа бюжет ялпи ички маҳсулотига тенглашади”, деган ҳукумат раиси.

Ақилбек Жапаров айтишича, бюджет яширин иқтисодиётни легаллаштириш ва солиқ ҳамда божхона хизматлари ундирадиган йиғимлар ҳисобига тўлдирилади.

2021 йилда республика бюджети даромадлари 172 млрд 891 млн сом, харажатлари эса 181 млрд 354 млн сом этиб тасдиқланган. Яъни, дефицит қарийб 8 млрд сомни ташкил этади.

Прогноз қилинишича, жорий йилда солиқ хизматидан 90 млрд, божхона хизматидан эса 52 млрд 384 млн сом маблағ бюджетга келиб тушиши керак. Тўққиз ой якунлари бўйича солиқ хизмати режадагидан 3 млрд сом ортиқ йиққан бўлса, божхона хизматидан келган маблағлар 2.5 млрд сомга камроқ бўлган.

Сиёсатшунос Айданбек Акматов мамлакатда янги корхоналар очилмаётган, чегаралар эса пандемия туфайли узил-кесил очилмаган айни шароитда йил охирига қадар бюджет ҳажми 280 млрд сомга етиши мумкинлигига ишонмайди.

“Бюджетни жорий йилда 280 млрд сомга ошириш – хаёлий гап. Ҳозир улар дефицити Миллий банк бўнак тариқасида берган 2.5 млрд сом ҳисобидан қоплашяпти. Шунақа вазиятда 280 млрд сомни қаердан олишади? Ҳатто “Қумтор”да ишлаб чиқариш харажатларисиз 20 тонна тоза олтин қазиб олишганида ҳам бу 85-90 млрд сом бўлади холос. Шуни қўшганда ҳам 280 млрдга етмайди барибир”, дейди эксперт.

Иқтисодчилар Ақилбек Жапаровнинг консолидация қилинган бюджет ҳақидаги гапларини ҳам эътибордан четда қолдиришмади. Оддий сўзлар билан айтганда, бу умумий ёки йиғма бюджет, деганидир.

2021 йил учун Ижтимоий фондга – тахминан 62.5 млрд, Мажбурий тиббий суғурта фондига – 2.7 млрд, Бишкек шаҳрига – 10 млрд, мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри бўлмиш Ўшга қарийб 1 млрд сом бюджет режалаштирилган.

Вазирлар маҳкамаси ушбу маблағларни олдиндан тасдиқланган 172 млрд 891 млн сомлик республика бюджетига қўшган ҳолда йилни якунламоқчи.

“Консолидация қилинган бюджет – тантанавор сўз бўлгани билан маъноси жуда оддий. Одамлар бу йиғма бюджет эканини тушунишлари керак. Ҳозир улар барча маблағларни қўшиб, бюджет 400-600 млрд сомга етишини айтишяпти. Аммо депутатлар қаердан қанча пул келишини аниқлаштириши лозим”, дея изоҳ беради иқтисодчи Қайрат Итибоев.

Жогорку Кенешнинг собиқ депутати Исҳоқ Масолиев ҳам бюджет ҳар йили дефицит билан тасдиқланаётган пайтда янги ҳукуматнинг оламшумул режалари амалга ошиши душвор, деб ҳисоблайди.

“Ақилбек Усенбекович кўзбўямачиликда устаси фаранг. Унинг ҳар бир сўзини 100 қайта текшириш керак. Божхона хизмати Хитойдан келадиган моллардан ойига 5-6 млрд сом пул оларди. Хитойдан мол келиши тўхтаган бир йил мобайнида божхона 45-46 млрд сом йўқотди. Бунинг ўрнини қандай тўлдиришади – номаълум. Иккинчидан, Қирғизистон сўнгги йилларда чет элдан каттароқ грант ёки қарз олгани йўқ. Лекин ҳаёт давом этяпти. Улар харажатларни қисқартириб, ижтимой объектлар ва мактаблар қурилишини тўхтатиб қўйишди. Шу йўл билан бирмунча маблағ тежашмоқчи, шекилли”, мулоҳаза қилади депутат.

Жогорку Кенешнинг бошқа депутати – Достонбек Жумабеков Вазирлар маҳкамаси зиммасига жуда катта мажбурият олганини айтади.

“Ҳозирда Қирғизистон бюджети 2 млрд долларга яқин бўлса, сизлар бир йил ичида уни 5 млрд долларга етказмоқчисиз. Бу жуда катта юк. Уддаласангиз, ялпи ички маҳсулот 100 млрд сомга етади. Шунда ЯИМ киши бошига 3 минг доллардан тўғри келади”, деди парламент вакили, Жапаровга мурожаат қиларкан.

13 октябрь куни Жогорку Кенеш Вазирлар маҳкамаси раисини, унинг ўринбосарларини ва маҳкама аъзоларини тасдиқлади. Шу куни президент Садир Жапаров ҳукумат аъзоларини тайинлаш бўйича бир нечта фармонга имзо чекди.

XS
SM
MD
LG