Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:52

"Ёлғон ахборот", "туҳмат" ва "ҳақорат". Ўзбек блогерлари нима учун жазоланмоқда?


Халқаро матбуот ташкилотлари сайловлар йилида Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигининг аҳволи ёмонлашганини айтган. Иллюстратив сурат.
Халқаро матбуот ташкилотлари сайловлар йилида Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигининг аҳволи ёмонлашганини айтган. Иллюстратив сурат.

1 декабрь куни Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туман суди блогер Элдор Жуманов ёлғон ахборотни тарқатганлик(Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-2-моддаси - таҳр.)да айбдор деб топиб, 10 кунлик қамоқ жазосига маҳкум этган.

Бу ҳақда Озодликка Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Яккабоғдаги фаоли Одил Элмурод маълум қилди.

“Бугун, 1 декабрь куни суд қилишиб, 10 сутка маъмурий жазо тайинлашган. Қаршидаги қамоққа олиб кетишаётган пайтда мен у билан гаплашдим. Калтаклангани ҳақида кенг жамоатчиликка нотўғри маълумот бердинг, деб айбни бўйнига қўйишибди’, - дейди фаол.

Одил Элмурод Озодликка блогер қамоққа олиб кетилаётганида ёзилгани айтилган телефон суҳбатини ҳам тақдим қилди.

Унда Элдор Жуманов судда ўзига нисбатан босим бўлганини иддао қилади.

“Қаршига олиб кетишяпти, Чироқчи йўлидан. 10 сутка берди. Мен норозиман, босим билан қилинди ҳаммаси”, - дейди аудиёзувда Жуманов.

YouTube каналидаги "Яккабоғликлар" блоги муаллифи Элдор Ҳайдаров.
YouTube каналидаги "Яккабоғликлар" блоги муаллифи Элдор Ҳайдаров.

YouTube каналидаги "Яккабоғликлар" блоги муаллифи Элдор Жуманов ўтган ҳафта Яккабоғ туман шифохонасида "оқ халатлилар" томонидан калтакланганини иддао қилган эди.

Блогер калтаклангани ортидан Яккабоғ тумани ИИБсига мурожаат қилган, аммо ўзининг сўзларига кўра, "уч кун ўтиб" қилинган экспертиза унинг калтакланганини тасдиқламаган.

Элдор Жуманов Озодлик билан суҳбатда калтакланишидан бир неча кун олдин тармоқларда туман шифохонаси раҳбариятини коррупцияда айблаб чиққанини эслатган ва танқидий пости билан ҳодиса ўртасида боғлиқлик бўлиши мумкинлигини иддао қилган эди.

Блогер шифокорлар томонидан калтакланганини иддао қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:52 0:00

Бу Ўзбекистонда сўнгги кунларда блогерларга нисбатан босимлар билан боғлиқ ягона ҳолат эмас.

Чироқчилик блогер 1 йилга қамалди

Қашқадарёнинг Чироқчи туманида ижтимоий тармоқларда Ички ишлар органи ходимлари ва ҳокимиятни танқид қилиб келган 23 ёшли блогер Хумоюн Умрзоқов ўтган ҳафта "туҳмат"да айбланиб бир йилга қамалгани ўртага чиқди.

Чироқчилик 23 ёшли блогер Хумоюн Умрзоқов.
Чироқчилик 23 ёшли блогер Хумоюн Умрзоқов.

Блогер яқинларидан бирининг Озодликка айтишича, 27 ноябрь куни Қашқадарё вилояти, Чироқчи тумани жиноят ишлари бўйича суди Умрзоқовни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139 - моддаси (Туҳмат қилиш, била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш) бўйича айбор деб топган.

Айблов хулосасида айтилишича, сентябрь ойида блогер "ўз бошқарувидаги машинаси ўғирлангани ҳақида ёлғон хабар берган".

“Умрзоқов ИИБнинг 102 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, навбатчи операторга гўёки машинаси уйи олдида очиқ ҳолда қолдирилгани, кеч соат 02:00 да автомашинасини номаълум шахслар олиб кетганини баён қилиб, айбдорларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, жиноят тўғрисида била туриб, ёлғон хабар берган”, - дейилади айбномада.

Яқинларининг айтишича, блогер устидан суд жараёни ёпиқ ўтказилган. Хавфсизлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган яқинларидан бири Озодлик билан суҳбатда Ҳумоюн Умрзоқовнинг қамалиши унинг танқидий чиқишлари билан боғлиқлигини иддао қилди.

“Телеграмдаги каналида у Ички ишлар органи ходимлари ва ҳокимият тизимни танқид қилиб постлар қўйиб келган. Шунинг учун буни пайига тушиб, қамаворишди. Уюштирилган бу”, - дейди блогернинг қариндоши.

Ҳозирча маҳаллий расмийлар қашқадарёлик икки блогернинг қамалиши юзасидан маълумот бергани йўқ.

Озодликнинг 1 декабрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Қашқадарё вилояти бўйича раҳбари Усмон Нусуров билан боғланиш уринишлари натижа бермади.

Сўз эркинлигига зарба

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамояти Яккабоғ туман фаоли Одил Элмурод блогерлар нотўғри ахборот берган тақдирда ҳам қамоқ жазоси белгилаш "жуда ошиғич жазо" деган фикрда.

“Оддий гап учун қамоқ жазоси бериш, бу сўз эркинлигига зарба. Бировга жароҳат етказмаган бўлса булар. Нотўғри айтган бўлса ҳам қамоқ қўллаш бу жуда ошиғич. Мана шу ҳолатлар бошқа блогерларни чўчитиб қўймоқда, ҳар бир қадамимизни ўйлаб босишга ундаяпти бу, дадилликни сўндиряпти”, - дейди Одил Элмурод.

1 декабрь куни шунингдек, Бухоро вилоятининг Олот туманидаги қонунбузарликлар ҳақида Ўзбекистон президентига мурожаатлари билан танилган блогер Феруз Чориев ҳам туҳматда айбланиб, жаримага тортилгани ўртага чиқди.

Бухоролик блогер Феруз Чориев.
Бухоролик блогер Феруз Чориев.

Чориевнинг Озодликка айтишича, ўтган ой туман суди уни "туҳмат қилиш"да айбдор деб топган.

“Тумандаги мактаблардан бирининг директори менинг устимдан судга арз қилган. Мен ўқувчиларнинг президент мактабига кириши учун олган баҳолари қалбакилаштирганини фош қилиб чиққанман. Ўтган ой туман суди мени маъмурий кодекснинг 40-моддаси тухматда айблаб, 5 оклад штраф, 1 миллион 225 минг сўмлик жаримага тортди. Ҳужжат қалбакилаштирганини ҳужжатлар билан, болаларнинг эски табели ва янги қалбаки нусхалари билан исботлаб берганман. Судга ҳам тақдим қилганман. Суд ҳужжатларни кўрмасдан қарор чиқаряпти", дейди блогер.

У туман судининг ҳукми юзасидан юқори суд инстанциясига аппеляция тартибиди шикоят киритишини билдирди.

"Гап жаримада эмас, мақсад блогерни йўқ қилиш. Ҳозир жаримага тортса, эртага қаматтирвориши мумкин”, - дейди Феруз Чориев.

“Шесть секундда йўқ қилиб ташлаймиз, деган пўписалар келяпти”

Яна бир блогер, тошкентлик Ўткирбек Чоршанбиев интим видео можароси марказида қолган депутат Феруза Бабашевани ҳимоя қилиб чиқиши ортидан ўзига нисбатан таҳдидлар бўлаётганини иддао қилди.

“Мен Бабашева ким билан ётади, ким билан туради, унинг шахсий иши, деган маънода чиқиш қилганман. Ўшандан кейин аноним телефон ва аккаунтлар орқали таҳдидлар кўпайди. Сен Озодликка ишлар экансан, шесть секундда йўқ қилиб ташлаймиз” , деган оҳангда пўписалар келяпти. Мен Озодликка гапиришим бу ахборот воситасига ишлашимни англатмайди. Хоҳласам Озодликка, хоҳласам Би-Би-Сига гапираман, бу менинг ҳуқуқим. Лекин тахминимча, менга қарши бу троллинг ортида куч ишлатар тизимлари турган бўлиши мумкин, мақсад қўрқитиш”, - дейди Чоршанбиев.

Тошкентда фаолият юритувчи блогер Ўткирбек Чоршанбиев.
Тошкентда фаолият юритувчи блогер Ўткирбек Чоршанбиев.

Аввалроқ Бош прокуратура ва “Ҳудудий электр тармоқлари” ширкати Андижон вилояти Улуғнор туманида блогер Фотима Жўраева электр тармоқлари корхонаси бош ҳисобчиси томонидан калтаклангани юзасидан текширув бошланганини маълум қилган эди.

22 ноябрь куни блогер ўзининг Facebook саҳифасида Улуғнор тумани электр тармоқлари корхонаси бош ҳисобчиси томонидан калтаклангани тўғрисидаги видеони жойлаштирган эди.

Тошкентдаги “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов баъзи ҳолларда блогерларнинг ўзлари ҳам касбий фаолиятини суиистеъмол қилиш орқали жанжалларга сабабчи бўлаётганини назардан қочирмайди.

“Блогерлар ва ҳокимият қуйи поғоналарида тўқнашувлар кўп бўляпти. Баъзилар буни сўз эркинлигига таҳдид, дейди. Мен масаланинг бошқа жиҳатига қараган бўлардим. Блогерларнинг касбий кўникмалари йўқлиги муаммосига. Кимдир сўз эркинлигидан фойдаланиб, одамларнинг шахсий дахлсизлигига таҳдид қилаётган ҳолатлар ҳам бор. Баъзи блогерлар видеога олиб, “тарқатвораман”, деб қўрқитиб, касбий фаолиятини суиистеъмол қилаётган ҳолатларга ҳам гувоҳ бўляпмиз", - дейди Ташанов.

Мирзиёев билан учрашмоқчи бўлганим учун калтакландим ва қамалдим
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:25 0:00

Аввалроқ соғлиқ ва таълим тизимидаги муаммоларни кўтариб чиққан камида уч нафар блогер маҳаллий ҳокимият идораларига чақиртирилгани ва огоҳлантирилганини айтиб чиққан эди.

Иккинчи муддатга қайта сайланган Шавкат Мирзиёев, ўз таъбирича, қонуний фаолият олиб бораётган журналист ва блогерларни ҳимоя қилишга ваъда берган.

Сайловлар арафасида қатор халқаро матбуот ташкилотлари сайлов йилида Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигининг ёмонлашгани, блогерлар ва тармоқ фойдаланувчилари устидан назоратни кучайтиришга қаратилган қонунлар қабул қилинганини танқид қилиб чиқишган.

XS
SM
MD
LG