Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:02

Қашқадарёлик ота-оналар Президентнинг 5 ташаббуси қимматга тушаётганини айтмоқда


Озодликка қашқадарёлик ота-оналардан келган шикоятларга ишонилса, мамлакат президентининг 5 ташаббуси доирасида ташкил қилинган бепул тўгараклар айрим мактабларда даромад манбаига айланган.

Косон туманидаги мактаблардан бирида ишлайдиган ўқитувчи ҳам тўгараклар пуллик эканини айтди. Шу туманда ишлайдиган бошқа уч ўқитувчининг айтишича, тўгараклар қоғоздагина очилган.

Миришкор туман Халқ таълими бўлими мудири тўгаракларнинг пуллик эканлиги тўғрисидаги иддаоларни асоссиз, деб айтди. Айни пайтда ота-оналар Озодликка жўнатган скриншотда ўқитувчининг уларга тўгарак пулини тўлаб қўйиш зарурлиги тўғрисидаги огоҳлантируви акс этган.

Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида истиқомат қилувчи Ферузанинг (исми ўзгартирилган) Озодликка айтишича, унинг фарзанди тумандаги 17- умумий ўрта таълим мактабида ўқийди.

“Ёлғиз қизимни мактабида дарсдан кейин бўладиган “Ёш мақомчилар” тўгарагига қўйдим. “Беш ташаббус” бўйича, бепул дейишган эди. Лекин, тузук ўта олмайдиган о`қитувчиси ойига 50.000 сўмдан олиб келасилар, деб топшириқ берибди. Бирор нимани ўрганар деб тўгаракка қўйган эдим. Отасиз катта қилаётган қизимни ўқув қуролларига пул топайинми, давлат бепул қилган тўгараклар учун, ўқитувчиларга пул топайинми?”

Озодлик гаплашган яна бир миришкорлик Нодира исмли аёлнинг айтишича, унинг фарзанди тумандаги 7-мактабда ўқийди. Унинг фарзанди ўқийдиган мактабда “Ёш математиклар” тўгараги ташкил этилган, тўгарак учун 40.000 сўмдан тўлашини ёзган аёлга кўра у октабрь ойи учун у тўлов қилган. “Устози яхши ўқитади, “Беш ташаббус” доирасида тўгарак ташкил қилинган фарзандларингиз ихтиёрий қатнашиши мумкин деб Телеграм гуруҳида ёзган эди. Кейин эса боламни қўйдим. Кейинчалик тўгаракга 40.000 сўмдан бериб юборинглар деб айтишди. Майли деб бердим…” деди ва мазкур хабар скриншотини Озодликга йўллади.

Миришкор туманидаги мактаб ўқитувчисидан ота-оналарга юборилган хабар скриншоти.
Миришкор туманидаги мактаб ўқитувчисидан ота-оналарга юборилган хабар скриншоти.

Тўгарак пулини ўз вақтида тўлаб қўйиш сўралган ўқитувчи ва у ишлайдиган мактаб директори билан боғланишнинг имкони бўлмади. Бироқ шикоятлар юзасидан Миришкор туман Халқ таълими бўлими мудири Бектош Шодиев Озодликка изоҳ берди:

- Агар “Баркамол авлод” ҳисобидаги тўгараклар бўладиган бўлса, у ерда ўзининг тартиблари бор, мактабларда Халқ таълимининг тасарруфида очилган, ҳаммаси бепул. Шикоят қилаётган ота-оналар тўгаракларнинг фарқига бормаётган бўлиши мумкин. Тўғри, пуллик тўгараклар ҳам бор. Баркамол авлоднинг тасарруфидаги тўгаракларнинг ҳаммасида ота-онанинг бадал тўлови бор, ўшанга тушунишмаётгандир. 5 ташаббус бўйича тўгараклар Халқ таълимининг ўзиники. Яъни мактаблар ўқитувчилари очган тўгараклар ҳаммаси бепул.

Озодлик Қашқадарёнинг турли туманларида ишловчи бир неча мактаб ўқитувчилари билан ҳам суҳбатлашди. Қамаши туманидаги 23- мактабда ишловчи ўқитувчи исми очиқланмаслик шарти билан Озодликка 5 ташаббус доирасида ташкил қилинган барча ижодий ва фан тўгараклари бепул ўтилиши шартлигини айтди:

“Тўгаракни дарсдан кейин ўтасан, дейди, дарсдан кейин мактабда қолиб тўгарак ўтишим керак. Давлатдан 700 минг сўм ойлик оламан, 3 та болам бор эрим ҳеч қаерда ишламайди. Мактабдаги дарсимни тугатиб, уйга бориб, томорқамда ер чопсам, озроқ бўлса-да оиламга қўшимча даромад бўлади. Лекин менга бепул тўгарак ўтганим учун ҳеч ким бир сўм пул ёки ёрдам бермайди. Президент ўқитувчининг ойлигини 1000 $ қиламан деб ҳар йили гапиради. Қани натижаси? Мактабларда ходимлар кўп, дарс соатлари эса етишмайди. Ота-оналар билан ўзаро келишиб оламиз, баъзи бир ота-оналарга ёқмаган бўлиши мумкин…”

Яккабоғ туманидаги мактаблардан бири директорининг маънавият бўйича ўринбосарига кўра, Президентнинг 5 ташаббуси доирасида туман ва шаҳарларда ташкил этилаётган турли-туман тадбирлар ҳамда мактаблардаги тўгараклар "ҳисоботларда акс этади, холос".

Уларни амалда ташкил қилиш учун шароит етарли эмас. Тўгаракларни кўнгилдагидек ўтиш учун мактаб синфхоналари етарли эмас:

“5 ташаббусда спорт, информатика, қўл меҳнати, мусиқа каби бир қанча йўналишлар кўрсатилган. Баъзи мактабларда спорт машғулотларини ташкил қилиш учун спорт залининг ўзи йўқ. Мусиқа чолғу асбоблари етишмайдиган мактабларда қандай қилиб мусиқа тўгарагини бепул ўтиш мумкин?! Аввал базани яхшилаш керак эди, кейин эса ташаббусни жорий қилса, кўнгилдагидек иш бўларди. Сувни кўрмасдан этик ечиш, дегани шу бўлса керак-да…”

Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил, 19 мартда ўтказган видеоселектор йиғилишида “ёшларга эътиборни кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларга ахборот технологиялари кўникмаларини сингдириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилишга доир беш ташаббусни илгари сурган эди.

Шундан сўнг республика бўйлаб мактаблар, мактабгача таълим муассасаларида Президент ташаббусларини тарғиб қилиш бўйича кампания бошлаб юборилгани айтилади.

XS
SM
MD
LG