Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:54

Путин миграция сиёсатини "тўғрилаш"га буйруқ берди. Мигрант ови кучаяди


Марказий осиёлик мигрантларга қарши рейд. 19 сентябрь, 2013 йил.
Марказий осиёлик мигрантларга қарши рейд. 19 сентябрь, 2013 йил.

Россия ҳукумати муҳожирлар устидан назоратни кучайтириш ва мамлакатда бўлиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликка оид қонунчиликни кучайтириш ниятида. Бу ҳақда журналистларга Россия президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев маълум қилди. Бу баёнот президент Путиннинг “давлат миграция сиёсати концепциясини тўғрилаш зарурлиги” ва Украина билан чегарадош ҳудудларда «ҳарбий ҳолат» жорий этилгани ҳақидаги баёноти ортидан янгради.

Ҳуқуқ фаоллари меҳнат муҳожирларига миграция қонунчилиги кучайиши кутилаётган Россияни тез тарк этишга чақирмоқда.

Путин буйруғи билан Россияда террорчи ва экстремистлар қидирилади

Россия президенти Владимир Путин давлат миграция сиёсати концепциясига тузатиш киритиш зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бундай тузатишлар зарурати “дунёдаги ўзгаришлар муносабати билан” юзага келган.

Бу ҳақда Путин 19 октябрь куни Россия Хавфсизлик кенгаши йиғилишидаги нутқида айтди.

Россия президентининг сўзларига кўра, янги миграция сиёсати “барча мавжуд ва эҳтимолий муаммоларни ҳисобга олиши” керак.

- Янгиланган концепцияга мувофиқ, қонунчилик янада такомиллаштирилади. Мен тегишли кўрсатмани 2020 йилнинг март ойида берган эдим. Бугун нималар қилингани, яқин келажакда қандай устувор йўналишларга эътибор қаратишимиз кераклиги ҳақида батафсил ҳисоботларни кутяпман, — дея қўшимча қилди Путин.

Унинг сўзларига кўра, миграция сиёсати соҳаси “миллий хавфсизликка ўта сезгир”. Бу соҳадаги вазиятга “маънавий ва минтақавий омиллар” таъсир кўрсатади.

Путининг сўзлари ортидан Россия кучишлатар тизимлари миграциядаги янги тартибни жорий қилишга тушди.

- Мигрантлар зич яшайдиган жойларда ҳуқуқ-тартиботни сақлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар режалаштирилган, - деди Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев.

Унга кўра, полиция ва махсус хизматларга “миграция каналларидан жиноят содир этишда фойдаланаётган халқаро террористик ва экстремистик гуруҳлар аъзоларини қидириш” бўйича кўрсатма берилган.

Патрушев шунингдек, 2022 йилда Россияга асосан ишга жойлашиш мақсадида келган хорижликлар сони учдан бирга ошганини қайд этди.

Хавфсизлик кенгаши котибининг сўзларига кўра, расмийлар бундан кейин ҳам Украинадан тортиб олинган ва сохта референдумлар орқали Россия тарикибига қўшиб олинган ДХР, ЛХР, Запорожье ва Херсон вилоятларидан келган муҳожирларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратади.

“Контракт имзоламаганлар калтакланмоқда!” Россия ўзбекистонликларни урушга мобилизация қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:15 0:00

Айрим кузатувчилар шу тариқа бу ҳудудлардан кўчириб келтирилган аҳоли марказий осиёлик ишчиларнинг ўрнини эгаллаши назарда тутилаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Миграция бўйича эксперт, москвалик профессор Николай Абашиннинг айтишича, йиғилиш миграция масаласига қаратилган бўлса-да, жамоатчилик кўпроқ Украинадан тортиб олинган ҳудудларда жорий қилинаётган “ҳарбий ҳолат”га эътибор қаратмоқди.

- Патрушевнинг сўзларидан кўриниб турибдики, Давлат миграция сиёсати концепциясига (у 2025 йилгача амал қилиши кутилмоқда) тезда навбатдаги ўзгартиришлар киритилади. Тафсилотлар маълум эмас, лекин гап асосан, назорат ва жазони кучайтириш ҳақида кетмоқда. Айрим “мигрантлар ихчам яшаш жойларида ҳуқуқ ва тартибни сақлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар” эълон қилинди. Алоҳида-алоҳида, “хорижий фуқароларнинг мослашуви ва уларнинг фарзандларининг таълим олиши” ҳақида айтилади. Қизиғи шундаки, Патрушев ўз эълонининг муқаддимасида “ғарб”ни миграция жараёнларини “қўзғатаётганликда” айблаган, деб ёзди Сергей Абашин.

Профессор Абашин тилга олган 19 октябр кунги йиғилишда эълон қилинган яна бир муҳим қарор - Россия президенти Владимир Путиннинг Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудларида – ўзини “ДХР” ва “ЛХР” деб эълон қилган ҳудудларда ҳамда Херсон ва Запорожье вилоятларининг босиб олинган қисмларида ҳарбий ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармони бўлди. Ҳарбий ҳолат 20 октябрдан кучга киради.

Путиннинг айтишича, гўё бу қарор Украинадан келаётган “террор таҳдидлари” билан боғлиқ. Украина тарафи бу баёнотларнинг асоссиз эканини таъкидлаб, уни уруш жабҳаларида мағлубиятга учраётган Путин режимининг чорасизлиги деб атамоқда.

Ҳуқуқшунос Зарнигор Омонуллаева ўз саҳифаларида Россиянинг юқорида зикр этилган Украина билан чегарадош ҳудудлар ва босиб олинган Украина минтақаларида ишлаётган муҳожирларни огоҳлантирди:

"Бу нима дегани? Қисқа қилсак, ҳарбий ҳолат эълон қилинган ҳудудларда одатий ҳаёт тўхтади, дегани. У ерларда энди фақат мудофаа мақсадида ва фақат ҳарбий бошқарув рухсати билан корхона, ташкилотлар ишлайди, ҳамма ер қўриқланади, комендант соатлари вақтида ҳеч ким кўчада юриши мумкин эмас ва энг муҳими — эркин ҳаракатланишга рухсат йўқ, дегани...

Мигрантлар нима қилиши керак? Агар Краснодар, Ростов, Брянск, Воронеж, Курск, Қрим, Севастополь ва Белгородда ишлаётган мигрант бўлсангиз, унда ҳужжатингиз бор бўлсаям, йўқ бўлсаям бошқа регионларга кетинг ёки ватанингизга қайтинг. Шу энг маъқули. Бу регионлар Украинага яқин ва хатар юқори бўлган жойлар. Бекорга эвакуация айнан шу регионларда ўтказилгани йўқ.

Юқорида саналмаган бошқа шаҳарларда ишлаётган мигрантлар нима қилсин? Ҳужжати йўқ бўлса — кетгани яхши", - дея тавсия қилди ҳуқуқшунос.

У, шунингдек, бу ҳудудларда ўқиётган ўзбек талабаларига ўқишларини онлайн форматга ўтказиб, бошқа мамлакатлар ёки Ўзбекистонга кўчириб кетишни тавсия қилди.

Мобилизация қилинганлар ва ундан қочганлар ўрнини мигрантлар эгалламоқдами?

Россия ИИБси ҳисоб китобига кўра, 2022 йилнинг иккинчи чорагида Россияга келган меҳнат муҳожирларининг қарийб 40 фоизи Москва ва Москва вилоятида жойлашган.

Умуман олганда, иккинчи чоракда Россияга ишлаш учун 3,12 миллион хорижлик келган. Бу охирги 6 йил давомида рекорд чораклик кўрсаткичга айланган ўтган йилги кўрсаткичдан 30 фоизга кўпроқдир.

Россияликларнинг катта қисми муҳожирларнинг киришини чеклаш тарафдори бўлиб қолмоқда.

Россия оммавий ахборот воситалари олиб борган сўнгги омма сўровларига кўра, давом этаётган уруш ва жорий этилган санкциялар туфайли Россиядаги иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви мамлакатда аҳоли орасида агрессияни кучайтириб боради.

Россия давлат статистика идораси - Росстат маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида Россияни 419 085 киши тарк этган, бу ўтган йилнинг биринчи олти ойидагидан деярли икки баробар кўп. Идора феврал ойидан бери давом этаётган “Россия аҳолисининг миграция оқими”ни қайд этди. Россияда қисман сафарбарлик бошланган 21 сентябрдан буён қарийб икки ҳафта ичида деярли 1 миллион одам мамлакатни тарк этгани хабар қилинган. Бу ҳақда Форбс нашрининг Россия президенти администрациясидаги манбасига таяниб ёзган хабарини Кремл воизи Дмитрий Песков "ҳақиқатдан узоқ" дея рад этди.

Форум

Алоқадор

XS
SM
MD
LG