Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:56

Эксперт: "Путин ЕОИИ давлатларини ҳам чуқурга тортмоқда”


ЕОИИ га аъзо давлатлар раҳбарларининг видеоконференция тарзидаги саммити.
ЕОИИ га аъзо давлатлар раҳбарларининг видеоконференция тарзидаги саммити.

Украинага тажовузи сабаб Россияга қарши киритилган санкциялар январь воқеаларидан сўнг қийинчилик билан ўзига келаётган Қозоғистон ва умуман, Марказий Осиёдаги ЕОИИ давлатларига қандай таъсир қилади? Минтақа мамлакатларининг Украинадаги урушга муносабатини қандай тушуниш мумкин? Нега улар Кремлни очиқ дастакламади?

Марказий Осиё бўйича тадқиқотчи, журналист ҳамда Венециядаги Ка-Фоскари университети илмий ходими Паоло Сорбелло Озодликнинг қозоқ хизмати билан суҳбатда ана шу саволларга жавоб берди.

Россияга қарши санкциялар: Қозоғистон учун қандай чора бор?

Озодлик: Ғарб Россияга қарши санкциялар жорий этгани ортидан рубль қадри тушиб кетди ва бу қозоқ тангасига ҳам таъсир қилмоқда. Қрим аннексия қилингандан кейин ҳам рубль қадрсизланган, ўшанда Қозоғистон Миллий банки курсни ушлаб туришга 28 миллиард доллар сарф қилганди. Экспертлар фикрича, ҳукумат президент сайловини деб курсни тутиб турган ва 2015 йил апрелда сайлов ўтгач, августдан танга курсини эркин қўйган. Ҳозир Қозоғистонда муддатидан олдин парламент сайлови ўтказилиши эҳтимоли бор. Қолаверса, январь воқеалари мамлакатда норозилик кайфияти юқорилигини кўрсатди. Айни шароитда айирбошлаш курси сунъий ушлаб турилган 2014 йил сценарийси такрорланиши мумкинми?

Паоло Сорбелло: 2014 йил ўзгача йил бўлганди. Ҳозирги вазият 2014 йилги вазият билан бир хил деб ўйламайман. Бу сафар Ғарб жуда қаттиқ санкциялар жорий этмоқда. Рубль яхшигина зарба еди, унга қўшилиб бутун Россия иқтисодиёти жабр кўради. Афтидан, Путин бутун диққат-эътибори урушга қаратилгани учун муаммони тўла-тўкис идрок этолмаяпти. Бу санкцияларнинг оқибатлари Россия учун жуда оғир бўлади ва Қозоғистонга ҳам таъсир этади, таъсир этяпти ҳам. Танганинг волатиллиги ошди. Уруш чўзилиб кетгудек бўлса, вазият янада оғирлашади.

Озодлик: Миллий банк курсни сунъий ушлаб турганида Қозоғистонни Россия моллари босиб кетганди. Бу сценарий такрорланмасмикан?

Паоло Сорбелло: Энг катта хавф шуки, Евроосиё иқтисодий иттифоқининг энг катта ва энг нуфузли аъзоси ўзи бошлаган урушни деб қолган барча аъзоларни чўктирмоқда. ЕОИИга аъзо давлатларнинг лидерлари очиқ айтишлари керак: “Жаноб Путин, урушни тўхтатинг, сизни Беларусдан ўзга ҳеч ким дастакламайди. Биз зарар кўряпмиз, сиз бизни тубга тортяпсиз”.

Очиғи, шунақа бўлишини истисно қилмайман. Чунки транспорт ва савдо алоқалари узвийлиги, валюталари бир-бирига боғлангани сабабли урушдан бутун ЕОИИ зонаси талафот кўради.

Озодлик: Иқтисодчилар башоратига кўра, Путиннинг тажовузкорлиги учун Россия катта товон тўлайди: рубл кучсизланишидан ташқари, юқори инфляция кузатилади ва мамлакат турғунлик даврига киради. Бу Қозоғистон иқтисодиётига қандай таъсир этиши мумкин? Расмий ҳисоб-китобларга кўра, бу йилги иқтисодий ўсиш 3,9-4,2 фоизни ташкил қилар экан.

Паоло Сорбелло: Ғалати статистика, чунки бу фақат ўтган йилга нисбатан ўсишни акс эттиради. Маълумки, пандемиянинг дастлабки икки йили Қозоғистон учун чиндан ҳам жуда оғир бўлди. Ҳозирги ўта мураккаб шароитда Қозоғистоннинг нажот йўлларидан бири – савдо-иқтисодий ҳамкорлар сонини кўпайтириш. Идеалда Қозоғистон сиёсий ва геосиёсий ўйинлардан масофаланиб, Россиядаги инқироз туфайли юзага келган вазиятни ўнглаш учун савдо-иқтисодий ҳамкорларини кўпайтириши лозим.

Озодлик: Ғарб мамлакатлари технологик маҳсулотларнинг Россияга экспорт қилинишини кескин чеклаб қўймоқда. Бу мудофаа, аэрокосмик ва кемасозлик саноатларига зарба беради. Россия тақиқланган товарларни Қозоғистон орқали импорт қилишга уриниши мумкинми ва бунинг оқибатлари қандай бўлади?

Паоло Сорбелло: Шунақа эҳтимол бор. Ғарб ширкати Қозоғистонга сотган технологик маҳсулот Россияга келиб тушса, сотувчи ширкат балога қолади. У жавобгарликка тортилади ва Европа қонунлари бўйича жазоланади. Битта шунақа ҳолат ўртага чиқса, Қозоғистон билан савдо алоқаларини узишади. Европа буни ҳисобга олган бўлса керак, эрта-индин шартномаларга сотилган технологиялар Россия қўлига тушмаслигини истисно этувчи кафолатлар киритишни талаб қилувчи қоидалар амалга киритилса ажаб эмас.

Украина сценарийси Қозоғистонда такрорланиши мумкинми?

Озодлик: Ўтган ҳафтада БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишида аксар мамлакатлар Россиянинг Украинага босқинини қоралаб, Москвадан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни ва қўшинларни олиб чиқиб кетишни талаб қилди. БМТнинг Россия агрессияси қораланган резолюцияси овозга қўйилганида Қозоғистон бетарафлик сақлади. Бунақа позиция нимани англатади? Қозоғистон Россияни қўллаб-қувватлайди, деганими?

Паоло Сорбелло: Бетарафлик, назаримда, қоралашга ўхшайди. Қозоғистоннинг Россия билан алоқалари жуда қалин, кўп ҳолларда у БМТ Бош Ассамблеясида Россиянинг ёнини олади. Аммо бу гал мамлакат, кескин ва рўй-рост бўлмаса ҳам, Россияни дастакламаслигини кўрсатди.

Озодлик: Олти кунлик сукутдан сўнг Тоқаевдан садо чиқди ва у Украинадаги инқирозни музокаралар йўли билан бартараф этиш лозимлигини, Қозоғистон бу жараёнда воситачилик қилишга тайёрлигини айтди. Шу билан бирга, у “Минск битимлари қоғозда қолиб кетди ва бу Украина ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар бошланишига олиб келди”, деди. Мазкур баёнот нимани билдиради?

Паоло Сорбелло: Тоқаевнинг позицияси – дипломатик позиция. У Россия тажовузига очиқча қарши чиқишни истамайди, аммо бу урушни ёқламаслиги ҳам аён. Айни ҳолатда ушбу баёнот урушга қарши чиқаётган қозоғистонликлар фикрини ифодалайди. У дунёдаги бошқа исталган лидер каби дипломатияга чақирмоқда.

Озодлик: Кремль президент Владимир Путиннинг Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқотига доир хабарномасида, Жапаров Россия томонининг хатти-ҳаракатларини маъқуллашини билдирганини маълум қилди. Бироқ Қирғизистон президенти маъмурияти бу иддаони рад этди. Айни ҳолат Путиннинг ўзбек ҳамкасби Шавкат Мирзиёев билан суҳбатидан кейин ҳам рўй берди. Кремль баёнотига кўра, Мирзиёев “Россиянинг хатти-ҳаракатларига тушуниш билан ёндашишини билдирган”. Афтидан, Россия Марказий Осиёдаги иттифоқчилари у билан ҳамфикрлигини кўрсатишни жуда хоҳлаяпти. Нега?

Паоло Сорбелло: Уларнинг сиёсий дастак сўрайдиган бошқа ҳеч кими йўқ, дунёда ҳеч ким босқинни оқламаяпти. Юз бераётган воқеаларга қарши эмаслигини очиқ-ойдин эътироф қилган ягона мамлакат бу Беларусь, у ҳам халқаро майдонда тош босмайдиган ўйинчи. Ҳатто Хитой ҳам нейтрал ва эҳтиёткорона позицияни тутди. Кимдир Россиянинг хатти-ҳаракатларини дастаклашини ростдан ҳам билдирмоқчи бўлганида Лукашенко қилган ишни қилган бўларди. Қозоғистон ёки Қирғизистон раҳбарияти Украина қўшин жўнатишга журъат этади, деб ўйламайман, зеро бу улар учун сиёсий суицид билан баробар, айниқса январь воқеаларини бошидан кечирган Қозоғистон учун. Ўзга бир мамлакатни босиб олишида Россияга ёрдам берамиз деб ҳарбийларнинг кўзи учиб турмагандир – назаримда, Марказий Осиё аҳолисининг аксарияти буни оккупация деб ҳисоблайди. Шунингдек, Россиянинг гўё Украина мустақил мамлакат бўла олмаслиги ҳақидаги иддаосига Марказий Осиё давлатлари бажонидил қўшилишига ҳам кўзим етмайди, чунки, бундай қилишса, ўзларининг суверенитети шубҳа остида қолади.

Озодлик: 2008 йили, Россия Грузияга бостириб кирганида кўпчилик “Путин Украинага даъво қилиши мумкин, лекин, катта эҳтимол билан, мақсадига етолмайди”, деб ўйлаган эди. Яъни, Украинада ҳарбий кампания бошлаши мумкинлиги ақлга сиғмаган. Аммо, мана, бугун кўриб турибмиз нималар бўлаётганини. Сурков Россия муқаррар кенгаяжаги ҳақида ёзяпти. Хўш, Россия Қозоғистон ҳисобига ҳам кенгайиши мумкинми?

Паоло Сорбелло: Менимча, бу ерда биз назардан қочираётган бир хавф бор – Россия режимининг буткул таназзулга учраши. Чунки бирйўла уч мамлакат билан, учта фронтда урушишга Россиянинг моддий жиҳатдан қурби етмайди. Россия Қозоғистонга томон кенгайишга интилиши эҳтимоли жуда паст, деб ўйлайман. Аммо бунга ишончим комил эмас, чунки мен ҳам Украинага қарши ҳарбий тажовуз бўлмайди, деб адашганлардан бириман. Россия Қозоғистонга бостириб кириши эҳтимоли кам дейишим сабаби шундаки, Путин режими Қозоғистоннинг иттифоқчилик ролидан мамнунга ўхшайди. КХШТ миссияси, олдиндан келишилганидек, 14 кундан ортиқ давом этмади, қўшинлар олиб чиқиб кетилди. Бу билан икки мамлакат, яъни иттифоқчилар бир-бирининг суверенитетини ҳурмат қилишини намойиш этгандек бўлди.

Озодлик: Қозоғистонда Украина сценарийси такрорланиши маҳол, дедингиз. Агар шарт-шароит ўзгарса-чи? Дейлик, унчалик россияпараст бўлмаган президент иқтидорга келса?..

Паоло Сорбелло: Башорат қилиш қийин. Тайинки, январда КХШТ қўшинларининг киритилиши Путин Тоқаевни очиқча дастаклашини билдирувчи мужда эди. Тоқаев яқин йилларда ҳокимиятдан маҳрум бўлишини мен тасаввур қила олмайман. Кўрамиз, қани, Украинадаги воқеалар ривожи қанақа бўларкин. Ҳаммаси Россиянинг Украина инқирозидан қай аҳволда чиқишига боғлиқ, шахсан мен унинг аввалгидан кучли бўлиб чиқишига ишонмайман. У заифлашади. Кучсизроқ Россия Қозоғистон раҳбарияти учун фойдалироқ бўлса керак, чунки бу ҳолатда Қозоғистон Россияга камроқ тобе бўлади.

Озодлик: “Россия заифлашади” деган гапни қандай тушуниш керак?

Паоло Сорбелло: Россия ютқазади, ҳарбий маънода ютқазиши шарт эмас, у сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан мағлубиятга учрайди. Агар у сиёсий ва иқтисодий маънода мағлуб бўлса, Россия келажакда Қозоғистон, Грузия, Беларусь ҳақида нима дейишидан қатъи назар унинг позицияси ишончли чиқмайди.

Россия Украинадаги урушни анча кучли сиёсий позицияда бошлаган эди. Лоақал, бир ярим ойгина муқаддам Қозоғистонга тинчликпарвар кучларни йўллаганини эслайлик. Шундан сўнг у Украинада вазиятни кескинлаштирди, бостириб кирди ва Ғарбнинг бутун дастак ва ёрдамидан маҳрум бўлди. Мен аниқ биламанки, уруш яна бир неча ойга чўзилиб, Россия бутун Украинани забт этган тақдирда ҳам унинг оқибатлари барча учун салбий бўлади. Жуда кўп одам қирилади. Сиёсий ва иқтисодий муаммолар юзага келади. Урушнинг нархи баланд. АҚШ ўз урушларига ниҳоятда катта маблағ сарфлайди, улар билишади бунинг қийматини. Бостириб кириш ва ҳудудларни эгаллаш – урушнинг классик кўринишидир. У қанақа натижа билан тугамасин, бу Россия учун чинакам сиёсий ва иқтисодий мағлубият бўлади. Қозоғистон дипломатия йўлини тутиш билан ўз келажагини белгилаши мумкин.

XS
SM
MD
LG