Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:03

Путин Мирзиëев ва Назарбоев билан норасмий учрашувдан сўнг Москвага йўл олди


  • Россия президенти Владимир Путин 18-19-20 октябрь кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифини амалга оширди.

  • Путин бошлиқ қарийб 1000 кишилик делегация Ўзбекистонда мисли кўрилмаган ҳозирлик ва тантана билан қарши олинди.

  • Сафар давомида умумий қиймати 27 миллиард доллардан ортиқ бўлган 785 та битим ва меморандум имзолангани хабар қилинди.

  • 19 октябрь куни Путин ва Мирзиëев Ўзбекистондаги илк Атом электр станцияси лойиҳасига старт берди.

  • 20 октябрь куни, Ўзбекистонга давлат ташрифи билан борган Россия раҳбари Қозоғистонда Мирзиёев ва Назарбоев билан норасмий учрашув ўтказди.

Ушбу жонли блогда Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифига оид давлат ахборот агентликлари, Интернет нашрлари ва Озодлик муштарийларидан келган хабарлар, фото-видео материаллар жамланди.

Путин Ўзбекистонга давлат ташрифини якунлади

Ўзбекистонга сафарини 18 октябр куни бошлаган Россия президенти Владимир Путин 21 октябрда тонгда Тошкентдан Москвага учиб кетди.

Уни Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев шахсан кузатиб қўйди.

Қозоғистонда 3 президент норасмий тарзда учрашди

Давлат ташрифини якунлашдан олдин Россия президенти Қозоғистоннинг Туркистон вилоятида Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари билан норасмий учрашув ўтказди.​

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабар қилишича, президент Мирзиёев Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифига биноан 20 октябрь куни ушбу норасмий учрашувда қатнашиш учун Қозоғистоннинг Туркистон вилоятига борган.

"Учрашувда уч мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни, аввало савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди", деб хабар қилади матбуот хизмати.

Шу кунда Ғарб давлатлари қўллаган санкциялар остида қолган Россия раҳбарининг, Ўзбекистонга мисли кўрилмаган даражада кенг кўламли давлат ташрифидан сўнг Қозоғистонда 2 ҳамкасби билан норасмий учрашув ўтказгани - бугунга келиб Марказий Осиё Россия учун ўта муҳим минтақа бўлиб қолаётганига далил ўлароқ баҳоланмоқда.

Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон ва Россия расмийлари давлат ташрифи давомида ўтказган учрашув ва семинарлар якунларига кўра, умумий қиймати 27,1 миллиард долларга тенг 785 та битим ва меморандум имзоланган.

Эришилган келишувлар натижасида 79 та Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси ташкил этилиши, 23 та янги савдо уйи очилиши ҳамда Ўзбекистонда 20та улгуржи-тақсимот маркази тузилиши кўзда тутилган.

Муносабатлар тарихида илк бор...

Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг билдиришича¸ Путин ташрифи давомида икки давлат муносабатлари тарихида илк бор “Ўзбекистон-Россия” ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ташкил этилган.

Расмий хабарда ëзилишича¸ “Ўзэкспомарказ”да очилган форумга Россия ҳудудлари, етакчи компания ва саноат корхоналари раҳбарлари – жами мингдан зиёд киши таклиф этилган ва Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин ушбу форумга ташриф буюрган.

11 миллиар долларлик АЭС лойиҳасига мажозий старт берилди

Шавкат Мирзиëев ва Владимир Путин 19 октябрь куни Ўзбекистонда қурилиши режаланаëтган илк Атом электр станцияси учун мақбул майдон танлашга қаратилган муҳандислик қидирувига старт берди.

Россия агентликларининг ëзишича¸ биринчи қисми қиммати 11 миллиард доллар деб баҳоланаëтган мазкур лойиҳага Тошкент ва АЭС қурилиши учун танланган Навоий вилоятидаги Тўдакўл ҳавзаси ҳудуди билан телекўприк режимида президентларнинг мажозий кнопкани босиши орқали старт берилган.

Баҳсталаб АЭС қурилишига Путин ва Мирзиëев Тошкентдан туриб мажозий тугмачани босиш орқали старт берди.
Баҳсталаб АЭС қурилишига Путин ва Мирзиëев Тошкентдан туриб мажозий тугмачани босиш орқали старт берди.

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Алишер Султонов ва "Росатом" раҳбари Алексей Лихачëв қурилиш учун танланган ҳудуддан туриб президентларга лойиҳа устидаги ишлар бошлашга тайëрлиги ҳақида ҳисоб берди.

Биринчи энергетик блокини 2028 йилда ишга тушириш айтилаëтган бу лойиҳани “Росатом” қуриб бермоқчи.

Ўзбекистонлик айрим таҳлилчи ва фаоллар¸ Россия билан АЭС қуриш режасининг Ўзбекистон учун ҳам иқтисодий¸ ҳам экологик хавфсизлик жиҳатдан ҳалокатли оқибатларни келтириб чиқариши хусусида хавотир билдирмоқда.

OzodNazar: Тошкент Путинни Брежневни кутгандек кутиб олишга ҳозирланмоқда!"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:24:54 0:00
Бевосита линк

Беш йиллик ҳамкорлик дастури имзоланди

Россия ва Ўзбекистон президентлари ўтказган музокаралар якунида 2019-2024 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастури имзоланди. Бу ҳужжатга Ўзбекистон ва Россия иқтисодиëт вазирлари Ботир Хўжаев ва Максим Орешкин қўл қўйди.

Шунингдек¸ "Лукойл" раҳбари Вагит Алекперов ва "Ўзбекнефтгаз" раиси Баҳром Ашрафхонов ўзаро англашинув меморандуми имзолади.

19 октябрь куни Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида 2019-2021 йилларга мўлжалланган маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик дастуриЎзбекистон ҳудудида Россия университетлари¸ хусусан МГИМО – Халқаро муносабатлар бўйича Москва давлат институти филиалини очиш¸ «Суффа» халқаро радиоастрономик обсерваторияси ташкил этиш¸ Ўзбекистон Миллий гвардияси билан Россия Миллий гвардия қўшинлари ўртасидаги ҳамкорликка оид келишувлар ҳам имзоланди.

Ўзбек Миллий гвардияси Россия мухолифати "ўғри¸ фирибгар¸ ëлғончи ва сурбет" деб атаган Золотов гвардиясига ҳамкор бўлди

Ўзбекистон президенти¸ шунингдек мамлакатдаги стратегик муҳим объектлар хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланувчи Миллий гвардия вакилларини ўқитиши кутилаëтган Россия Миллий гвардия қўшинлари бош қўмондони Виктор Золотов айни кунларда Россия ва постсовет ҳудудидаги интернет "қаҳрамони" бўлиб қолмоқда.

Таниқли мухолифатчи Алексей Навальний ўтказган текширувлар натижасида миллиардлаб давлат ва солиқ тўловчилар пулини ўғирлаганликда гумонланган Путиннинг собиқ тан қўриқчиси¸ мухолифатчини "абжағини чиқариш" таҳдиди билан дуэлга чақирган эди.

Бу чақириқ пайтида ҳибсда бўлган Навальний¸ 50 кунлик қамодан чиқиши билан бу таҳдид ва чақириққа жавобан¸ 18 октябрь куни Россия Миллий гвардияси раҳбарини ҳужжат ва далиллар воситасида янада кучлироқ тарзда ўғриликда айблади ва уни Россия федерал каналларида жонли теледебатга чақирди.

Навальнийнинг Золотовга видеожавобини бир кун ичида 3 миллион одам кўрди.

Путин Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорликни кучайтирмоқчи

«Биз ҳарбий-техникавий ҳамкорликни кучайтиришга тайëрмиз. Бу ерда фақат Ўзбекистонга қурол-аслаҳа ва замонавий ҳарбий техника сотишни эмас¸ балки Ўзбекистон ҳудудида биргаликда қурол ишлаб чиқаришни назарда тутмоқдаман»¸ деди Путин Тошкентда қилган баëнотида.

Интерфакс хабарига кўра¸ Путин бу гапи ортидан ҳозирда Ўзбекистонга ҳарбий техника ва қурол-яроғнинг Россия ичкарисига мўлжалланган нархда сотилаëтганини эслатиб ўтган.

Ўзбекистон ватандоши яқин келажакда Россия ракетасида космосга учиши мумкин

Россия президенти Путин билан ўтказилган музокаралардан чиқб Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев шундай баëнот берди.

Путин сафарини ëритаëтган ТАСС агентлигига кўра:

«Мен Ўзбекистон ватандошининг унча узоқ бўлмаган келажакда Россия космик кемасида космосга учишини эҳтимолдан соқит қилмайман»¸ деган Мирзиëев жумладан.

Ўзбекистон раҳбари Россия президенти билан сўзлашувлар якунида Суффа платосида биргаликда космик тадқиқотлар ўтказиш учун суперкучли радиотелескоп ўрнатиш лойиҳаси имзоланганини билдирди.

«Бугун биз бу борадаги йўл харитасини қабул қилдик»¸ деган Мирзиëев.

Ўзбекистон ва Россия ўртасида умумий қиймати 27 млрд доллардан ошган келишувлар имзоланди

Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи муносабати билан 18-19 октябрь кунлари Тошкентда икки томон ишбилармон доиралари иштирокида “Ўзбекистон-Россия” ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ўтказилди.

Ўзбекистон Иқтисодиёт вазирлиги маълумотига кўра, ўтказилган учрашув ва семинарлар якунларига кўра, умумий қиймати 27,1 миллиард долларга тенг 785 та битим ва меморандум имзоланган.

Жумладан, савдо-иқтисодий соҳада 1,76 млрд долларлик 600 шартнома, инвестиция соҳасида эса 25,3 млрд долларлик 185 битим имзолангани айтилмоқда.

Эришилган келишувлар натижасида 79 та Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси ташкил этилиши, 23 та янги савдо уйи очилиши ҳамда Ўзбекистонда 20та улгуржи-тақсимот маркази тузилиши кўзда тутилган.

Кўксаройда Путинни расмий кутиб олиш маросими ўтказилди

Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасидаги асосий тадбирлар 19 октябрь куни Кўксаройда расмий кутиб олиш маросими билан бошланди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путин шоҳсупага кўтарилди, сўнгра икки давлат мадҳиялари янгради.

Россия президенти Тошкентга етиб келди

Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон президенти таклифига биноан давлат ташрифи билан Тошкентга келди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.

Пойтахт аэропортида президент В.Путинни президент Ш.Мирзиёев шахсан кутиб олган. Шу ернинг ўзида давлат раҳбарларининг қисқа суҳбати бўлиб ўтган.

Путин ташрифи билан боғлиқ асосий тадбирлар 19 октябрга белгиланган.

Расмий хабарларга кўра, Ўзбекистон ва Россия президентлари ўзаро стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик доирасида янги қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилишади, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашишади.

Ташриф якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, йигирмата ҳужжат имзоланиши режаланган.

Путин сафари арафасида Ўзбекистон пойтахти унинг Тошкентга келишини қутловчи паннолар ва Россия байроқлари билан безанди.

Путин ташрифига "Дўстлик" фестивали ўтказилди

Тошкентдаги таниқли рус шоири Александр Сергеевич Пушкин ҳайкали пойида "Дўстлик" фестивали ўтказилди.

Фестивалда Пушкин шеърлари рус ва ўзбек тилида янгради. Рус шоирлари ижодидан намуналар ўқилди.

Қуйида фестивал жараёни акс этган видео тасвирни томоша қилишингиз мумкин.

Тошкентда "Дўстлик" фестивали ўтказилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:49 0:00

Қурултой: Ўзбекистон Россиянинг дала ҳовлисими?

Озодликнинг Қурултой дастурида ўзбекистонлик таҳлилчилар иштирок этиб, Путин бошчилигидаги кўп сонли рус делегациясининг Ўзбекистонга ташрифидан кутилаётган натижалар, Россия - Ўзбекистон муносабатлари, тўтовсиз санкцияларга учраётган Россиянинг минтақа, қолаверса, Ўзбекистон учун геопалитик хатари борасида баҳс-мунозара қилишди.

Қуйида Қурултой дастурини тинглашингиз мумкин:

Ўзбекистон Россиянинг дала ҳовлисими?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:46:30 0:00

​Такси ҳайдовчилари тонггача ухламоқчи эмас

Gotaxi ҳайдовчиларидан бирининг Озодликка айтишича, такси ҳайдовчилари ҳам тонггача ишлашга тайёрланмоқда.

"Бизга раҳбариятдан бугун заказ кўп бўлишини айтишди. Шаҳарда делегация борлиги учун кўпчилик ресторанлар туни билан ишлар экан. Демак, таксига заказ ҳам кўп бўлади. Бугун обедгача ухлаб олдим. Энди тонггача ишлаймиз", дейди Gotaxi ҳайдовчиси.

Тошкентда "ёмонни яшириш" авжида

Тошкентдан олинган маълумотга кўра, рус делегацияси ташрифи муносабати билан шаҳардаги қурилиши битмаган жойлар, бузилган биноларнинг фасадлари "безалди".

Таниқли фотограф ўз гувоҳ бўлган шундай ҳолатлардан бирини суратга олиб Фейсбук саҳифасига қўйди.

Москвада Ислом Каримов ҳайкали очилди

Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи куни -​18 октябрь Тошкент вақти билан соат 14:00га яқин Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси яқинидаги хиёбонда Ислом Каримов ҳайкали тантанали равишда очилди.

Воқеа жойида бўлган Озодликнинг Москвадаги мухбири Умидбекка кўра, Ислом Каримов ҳайкалининг очилиш маросимида марҳум президентнинг оила аъзоларидан фақат унинг рафиқаси Татяна Каримова иштирок этган. Ўзбек расмийларидан Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев, рус расмийларидан эса Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Григорий Карасин иштирок этган. Ислом Каримов ҳайкали муаллифи британиялик ҳайкалтарош Пол Дэй (Paul Day) ҳам монумент очилишида қатнашган.

Тадбир иштирокчиларига кўра, ҳайкал очилиш пайти монумент рўпарасидаги кўп қаватли уйга Ислом Каримов ҳайкалининг очилишини қораловчи бир нечта плакат осиб қўйилган. Полиция зудлик билан бу плакатларни олиб ташлаган. Плакатлардан бирига «Москвада диктаторга жой йўқ» деб ёзилган.

Москвадаги Ислом Каримов ҳайкали кўплаб санъаткорлар ва мухлислар танқидига учради.

Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи олдидан Москвада Каримов ҳайкали ўрнатилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:21 0:00

Тошкент Россия байроқлари билан безалди

Тошкентдан жўнатилган суратларда пойтахт кўчалари Путин ташрифи олдидан Россия байроқлари билан безатилганини кўриш мумкин.

Ушбу суратлар қуйидаги фотогалерияга жамланди:

Путин ташрифини 200 дан зиёд журналист ёритади

17 октябрь куни Тошкентдаги "Ўзэкспомарказ"да Путин ташрифини ёритиш мақсадида матбуот маркази иш бошлади.

Матбуот ва ахборот агентлиги маълумотига кўра, Матбуот марказида замонавий техник ускуналар, тезкор интернет алоқаси ҳамда бошқа зарур шароитлар яратилган.

Расмий хабарга кўра, Путин ташрифини ёритиш учун Россиядан 27та оммавий ахборот воситаси ўзининг 100га яқин журналистибилан иштирок этади. Россиянинг 10 губернаторининг Ахборот хизмати вакиллари ҳам келиши кутилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган 31 журналист ҳам Путин ташрифини ёритишда иштирок этади.

Маҳаллий журналистлардан 150га яқин ходим ҳам Путин ташрифини бевосита ёритишда қатнашади.

Путин ташрифи: Ўзбекистонда Россия олийгоҳлари филиаллари ташкил этилади

Тошкентда 18-19 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон-Россия таълим форуми сессиялари доирасида умумий ҳисобда 127 та келишув имзоланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Кун.уз сайтига маълум қилган.

Форум Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида бўлиб ўтади.

Келишувга мувофиқ, Ўзбекистон пойтахтида Москва давлат халқаро муносабатлар институти ("МГИМО") филиалини ташкил қилиш, Тошкент кимё-технология институти базасида эса Россиянинг Д.И.Менделеев номидаги кимё-технология университети филиалини ишга тушириш режалаштирилаяпти. Бундан ташқари, Бутунроссия давлат кинематография институти билан Тошкент шаҳрида филиал ташкил этиш юзасидан келишувга эришилган.

Путин АЭС қурилиши бошланиши маросимида қатнашади

Ўзбекистонда Россия билан ҳамкорликда қуриладиган Атом электр станциясининг лойиҳавий қиймати 11 миллиард долларга баҳоланди.

Интерфакс агентлиги бу ҳақда Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковга таяниб 16 октябрда хабар берди.

Ушаковнинг айтишича, АЭСнинг биринчи энергоблогини 2028 йилда ишга туширишга келишилган.

Ушаков 18-19 октябрь кунлари амалга ошириладиган Тошкентга давлат ташрифи доирасида президент Владимир Путин АЭС қурилиши бошланиши маросимида иштирок этишини ҳам тасдиқлади.

Икки мамлакат ҳукуматлараро келишувига мувофиқ, Ўзбекистонда умумий қуввати 2,4 ГВт бўлган икки энергоблокдан иборат АЭС қурилади. АЭС Тўдакўл сув омборига яқин ҳудудда барпо этилиши режалаштирилган.

Оҳангарон "олий мартабали меҳмон" кутмоқда. Битмаган уйлар фасади ясатилмоқда

Озодликка Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида яшовчи фаоллардан келган маълумотга кўра¸ 16-17 октябрь кунлари шаҳарнинг марказий кўчасида фавқулодда таъмирлаш ва безатиш ишлари амалга оширилди.

Хусусан¸ Озодликка юборилган видеодан намунавий уйларни эгаларига топширилган қилиб кўрсатиш учун қизғин иш бораëтгани кўрилади.

Лойиҳаси жорий йилнинг 29 августида президентга тақдим этилган бу уйларнинг ҳозирча фақат ташқи қисми битган.

17 октябрь куни Амир Темур кўчасидаги таъмир ишларида бевосита қатнашаëтган оҳангаронлик прораб¸ ўзларига бу ердан “Путин ўтади” деган оғзаки изоҳ берилганини билдирди¸ аммо Путиннинг Оҳангарондан қаерга¸ нима учун ўтишига оид маълумоти йўқлигини қўшиб ўтди.

Озодлик Оҳангарон марказий кўчасида туну кун бораëтган таъмир¸ ободонлаштириш ва безаш ишларининг сабаби – кутилаëтган меҳмоннинг кимлигини аниқлаш мақсадида Оҳангарон шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари билан боғланди.

Шаҳар ҳокимлиги раҳбарларидан бири “президентнинг қачон ва нимага келиши ҳақида матбуотга хабар бера олмаслигини” айтди.

Оҳангарон Мирзиëев келишига ҳозирлик кўрмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:14 0:00

Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи дастури маълум қилинди

Ўзбекистон президентининг расмий сайтида Россия Президенти Владимир Путиннинг ташрифига оид маълумот эълон қилинди.

Расмий маълумотга кўра, Путин Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 18 октябрь куни Тошкентга келади. Хабарда Путиннинг соат нечада Тошкентга етиб келиши очиқланмаган.

Икки давлат раҳбари Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ҳолати юзасидан фикр алмашадилар. "Стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш, турли соҳаларда янги қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинади", дейилади president.uz хабарида.

Ташриф кун тартибидан долзарб халқаро масалалар, жумладан, минтақада барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнига кўмаклашиш масалалари ҳам ўрин олган.

Расмий хабарда айтилишича, Россия президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида илк бор Таълим форуми ва “Ўзбекистон-Россия” ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ўтказилади, шунингдек, Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилишининг бошланишига бағишланган маросим ҳам ўтказилади.

Олий даражадаги музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёнотини қабул қилиш, 2019-2024 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик дастури, 2019-2021 йилларда маданий-гуманитар соҳада ҳамкорлик дастури, Ўзбекистонда Россиянинг етакчи олий таълим муассасаларининг филиалларини ташкил этиш ва фаолиятини таъминлаш тўғрисидаги келишув, "Суффа" халқаро радиоастрономик обсерваториясини ташкил этиш бўйича "Йўл харитаси" ва бошқа муҳим икки томонлама ҳужжатларни имзолаш режалаштирилган.

Ташриф давомида, шунингдек, Ўзбекистон билан Россия ҳудудлари ва ишбилармон доиралари ўртасида йирик инвестиция ва савдо шартномалари имзоланиши кутилмоқда.

Путин ташрифига оид тафсилотларни ушбу LIVE BLOG орқали сиз билан биргаликда кузатамиз. Мавзуга оид хабарларингизни Telegram, WhatsApp тармоғи орқали +420 724 971 539; +420 724 740 755 рақамларига йўлланг. Хабарингизга фото ва видео тасвирларни илова қилишни унитманг!
XS
SM
MD
LG