Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:32

Мирзиёев Москвада: "Россия-Доғистон алоқалари", Путиннинг туғилган куни ва газ иттифоқи


Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин. 6 октябрь, Кремль, Москва (Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати)
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин. 6 октябрь, Кремль, Москва (Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати)

6 октябрь куни Кремлда президент Шавкат Мирзиёев билан ўтган учрашувда Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистонни Доғистон билан адаштириб юборди. Путин Мирзиёевга "Россия-Доғистон" алоқаларини ривожлантиришдаги иштироки учун унга миннатдорчилик билдирди.

Россиянинг ТАСС давлат хабар агентлиги эълон қилинган видеода Путиннинг Мирзиёевга қарата "Россия-Доғистон муносабатларини ривожлантиришдаги шахсий иштирокингиз учун сизга миннатдорчилик билдирмоқчиман", деган сўзлари эшитилади.

Кейинроқ Путиннинг матбуот хизмати Кремль расмий сайтида эълон қилинган стенограммада "Доғистон"ни "Ўзбекистон" деб тузатди.

Кремль тармоқлардаги расмий саҳифа ва каналларида президентлар учрашувининг бу жойини эълон қилмади.

Бу президент Путиннинг биринчи марта адашиши эмас. Аввалроқ у Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳамда Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон номларини нотўғри талаффуз қилганди. Айрим экспертлар Путин буни "қасддан қилган" деб ишонишади.

Ўзбекистон ва Россия президентларининг матбуот хизматлари бу борада бирон изоҳ бергани йўқ.

Путин туғилган кунига аталган ташриф

Президент Шавкат Мирзиёев Россияга Владимир Путин 71 ёшга тўлиши арафасида ташриф буюрди.

Гарчи Ўзбекистон раҳбари ўз ташрифини Татаристондан бошлаган эса-да, кузатувчилар ташриф санаси тасодифий эмас деб ишонишади.

МДҲ даватлари раҳбарларининг ҳар йили Путиннинг туғилган куни - 7 октябрда турли форматларда Москвада йиғилиши анъанага айланган. Бундан аввалги учрашувлар МДҲ, КХШТ ва Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашувлари шаклида ўтказилганди.

71 ёшни қаршилаётган Владимир Путин қарийб чорак асрдан бери Россияни қаттиққўллик билан бошқариб келади.

Украинага босқин: 439-кун | Мирзиёев Путин “паради”га йўл олди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:13 0:00

Президент Мирзиёев Россия президенти билан учрашувда икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик давом этаётгани, мамлакатлар ўртасида "ҳал қилинмаган бирорта ҳам масала йўқлиги"ни айтди.

Мирзиёевнинг таъкидлашича, йил охиригача Россия билан товар айирбошлаш ҳажми 12 млрд АҚШ долларини ташкил этиши кутилмоқда.

Унинг сўзларига кўра, агар ўсиш суръати 20 фоизда сақланиб қолса, икки-уч йилдан кейин ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 20 миллиард долларга етиши мумкин.

"Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Кенг кўламли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш тўғрисида қўшма баёнот қабул қилдилар. Давлат раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат ҳукуматлари ва вазирликлари томонидан имзоланган ҳужжатлар алмашилди", деб хабар берди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Газ иттифоқи?

Кремлдаги музокаралар якунига бағишланган матбуот брифингида президент Путин 7 октябрь куни Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари Ўзбекистонга Қозоғистон орқали Россия газини етказиб бериш бошланишига бағишланган тантанали маросимда иштирок этишларини маълум қилди.

Путин Россия гази "Ўрта Осиё йўналишида бунга қадар ҳеч қачон етказиб берилмагани"ни таъкидлади.

Кремль чангалидаги ўзбек гази
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 1:19:16 0:00

5 октябрь куни “Валдай” мунозара форумидаги чиқишида Путин Россия йилига уч миллиард куб метрдан иборат бўлган унча катта бўлмаган ҳажмдаги газ”ни Ўзбекистонга етказиб бериш октябрь ойидан бошланишини айтган эди.

“Биз бу ишни ҳамкорликда ишлаб чиқдик. Қозоғистонлик дўстларимиз газ қувурининг ўз ҳудудидан ўтувчи қисмини таъмирлади, Ўзбекистон ҳам ҳудди шундай ишни амалга оширди. “Газпром” ҳам бу ишни Россия ҳудудида бажариши керак эди. Чунки газ Совет Иттифоқи пайтида бир томонга оқар эди, ҳозир эса уни бошқа томонга жўнатишимиз керак бўлади”, - деб айтган Путин.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги аввалроқ жорий йилнинг 1 октябридан Россия газини сотиб олиш бошлашнишини маълум қилган эди.

4 октябрда Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев Россиядан Ўзбекистонга газ транзити фақат ой охирига бориб бошланишини мумкинлигини айтди. Унга кўра, Қозоғистон газ қувурларини таъмирлаш ишларини эндигина якунламоқда.

Расмий Тошкент “Газпром” билан июнь ойи ўртасида Ўзбекистонга табиий газ етказиб бериш бўйича икки йиллик шартнома имзолагани хабар қилинган эди. Шартномага кўра, Россиядан табиий газ Қозоғистон орқали “Ўрта Осиё – Марказ” қувури орқали узатилиши, етказиб берилажак газ ҳажми йилига тақрибан 2,8 миллиард куб метрни ташкил этиши айтилган.

Ўзбекистон томони Кремль назоратидаги рус матбуотининг Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги уч томонлама "газ иттифоқи" тўғрисидаги талқинини рад этган ва газ соҳасидаги ҳамкорлик тижорий келишувлар асосида амалга оширилишини таъкидлаган.

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 2022 йилнинг 7 декабрида журналистлар билан мулоқот чоғида Тошкент “ҳеч қачон газ эвазига сиёсий шартларга рози бўлмайди”, деб айтган. Вазирга кўра, Россия билан газ етказиб бериш бўйича шартнома тузилиши иттифоқ тузилишини англатмайди.

Президент Мирзиёевнинг Россияга бу галги ташрифи унинг АҚШ ва Германияга ташрифлари ортидан юз бермоқда.

Таҳлилчилар Украина уруши фонида Россия ва Хитой ўртасидаги Марказий Осиё минтақасининг аҳамияти ошгани, Ғарб минтақа давлатларига Москва ҳамда Пекинга муқобил ҳамкорлик таклиф қилаётганини айтишади.

Расмий Тошкент Украинадаги уруш бўйича нейтрал позицияни эгаллаганини айтиб келади, аммо Тошкентдаги ғарблик дипломатлар ва экспертларга кўра, бу “нейтраллик” Киевдан кўра Москвага яқинроқдир.

Уруш бошланганидан буён президент Шавкат Мирзиёев бирон марта Украинани тилга олмаган, украиналик ҳамкасби Владимир Зеленский билан мулоқот қилмаган.

Форум

XS
SM
MD
LG