Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:35

Бош прокуратура: С. Юсупов танасида қийноқ аломатлари аниқланмади (ВИДЕО)


Ўзбекистон Бош прокуратураси шу кунда ДХХ ҳибсхонасида сақланаётган Саид-Абдулазиз Юсупов қийноққа тутилганига оид даъволарни рад этди.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Саид-Абдулазиз Юсупов шу йил 10 май куни фирибгарликда айбланиб қўлга олинган эди.

Расмий баёнотда айтилишича, 8 июнь куни прокуратура томонидан тайинланган ҳимоячи А. Шаймардонов ва тергов устидан назорат олиб борувчи прокурор Д. Рахматуллаев бошчилигидаги мутахассис шифокорлар Юсуповни тиббий кўрикдан ўтказган ва "унинг танасида бирон-бир тан жароҳати ёки қийноқ аломатлари аниқланмаган".

Шунингдек, Юсупов ҳимоячиси Шаймардоновга берган ёзма тушунтиришида ўзига нисбатан тергов жараёнида "ҳеч қандай жисмоний ёки руҳий тазйиқлар ўтказилмагани, ҳозирда касаллиги бўйича тегишли дори воситалари ва тиббий муолажаларни ўз вақтида олаётганини билдирган"и айтилди.

Баёнотда келтирилишича, тиббий текширув 7 июнь куни Юсуповнинг онаси Ж. Бакаева тергов жараёнида ўғли жисмоний қийноққа солинаётганини айтиб, Бош прокуратура раҳбариятига мурожаат қилгани учун ўтказилган.

Саид-Абдулазиз Юсупов шу йилнинг 10 майида Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноят (катта миқдорда фирибгарлик) содир этганликда гумон қилиниб ушланган ва ДХХ тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган эди.

Ўшанда прокуратура бунинг "Юсупов томонидан содир этилган рецидив жиноят бўлиб, аввал хам ЖКнинг ушбу моддаси буйича жиноий жавобгарликка тортилганлиги"ни билдирган эди.

Республика Суд-тиббий экспертиза маркази қон-томир касаллиги бўлган Юсуповнинг саломатлиги қамоқда сақланишига тўсқинлик қилмаслиги ҳақида хулоса берганди.

Маҳбуснинг яқинлари Саид-Абдулазиз Туркияда Мирзиёев ҳақида "Янги Ўзбекистон: ривожланиш стратегияси ва либераллашув" номли рус тилида китоб чоп этишга тайёрланаётган пайтда ҳибсга олинганини айтганди.

12 май куни Facebook тармоғида Саид-Абдулазизнинг укаси экани айилаётган Муҳаммад Юсупов cаҳифасида Саид-Абдулазиз Юсуповнинг президентга мурожаат қилган видеоси пайдо бўлган ва қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарган.

Видеода 1982 йилда туғилган Юсупов ўзига нисбатан очилган жиноий иш журналистик фаолияти билан боғлиқ бўлганини иддао қилган, ўзини президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсатнинг ашаддий ҳимоячиси эканини билдирган.

Саид-Абдулазиз Юсупов 2017 йилнинг декабридан буён Ўзбекистон Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат жамғармаси директори лавозимини эгаллаб келаётганди.

Бу жамоат фонди 2005 йилда Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 3680 –сонли Қарори билан тузилган.

Бунга қадар у “Маданият ва маърифат” телеканалида “Оқ ва қора” кўрсатувини олиб борган.

XS
SM
MD
LG