Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:39

OzodDayjest: Парламент оналар ва болалар ўлими ҳамон юқори эканидан хавотир билдирди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Абдулла Арипов ички ишлар вазирлиги тизимига аёлларни кўпроқ жалб этиш керак, деган фикрда. Соғлиқни сақлаш вазирининг ҳисоботи депутатлар томонидан танқидий баҳоланди. Тошкент метрополитени рельсига тушиб кетган қиз тақдирига ойдинлик киритилди. Жорий ҳафта шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Бош вазир ички ишлар тизимида аёл кадрлар камлигини “дискриминация” деб атади

Ўзбекистон ички ишлар тизимида аёл кадрлар сонини ошириш мақсадида вазирлик академиясига қизлар учун қабул квотаси оширилади (“Постда”, 26 декабрь). Бу ҳақда мамлакат бош вазири Абдулла Арипов республика Хотин-қизлар қўмитаси ҳисобот конференциясида маълум қилган. Ҳукумат раҳбарига кўра, ИИВ академиясига қизлар учун белгиланган амалдаги 5 фоизлик квота кам. Умуман, ички ишлар тизимида аёл кадрлар камлиги А.Арипов томонидан “дискриминация”, дея баҳоланган. Бош вазир тизимда аёл кадрларнинг кўпайиши коррупциянинг камайишига хизмат қилишини таъкидлаган. Ушбу ҳисобот конференциясида лавозимига қайта сайланган Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева ҳам жамиятдаги патриархал қарашларни танқид қилган. “Аҳолимизнинг 80 фоизи оилада эркак киши пул топиши керак, аёл фарзандлар тарбияси билан машғул бўлиши лозим, деб ҳисоблайди. Жамиятда сақланиб қолган шу каби патриархал қарашлар хотин-қизларимизнинг муносиб иш ўринларига жойлашишига халақит бермоқда”, деган Т.Норбоева.

Соғлиқни сақлаш вазири депутатлар танқидига учради

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ҳисоботи депутатлар томонидан танқидий баҳоланди (“Жамият”, 21 декабрь). Депутатларга кўра, мамлакатда оналар ва болалар ўлими ҳамон юқорилигича қолмоқда. Чақалоқларнинг 25 фоизи бирламчи бўғинда нобуд бўлаётгани, ногирон болаларнинг туғилиши камаймаётгани ҳам хавотирлидир. Кейинчалик уларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳам ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Мамлакатнинг айрим туманларида болалар шифохоналари умуман фаолият кўрсатмаяпти. Пренатал марказларнинг ҳам аҳволи мақтагулик эмас. Эндокринология ва кардиология марказларидаги вазият ҳам ташвишли. Беморлар у ерда ётиб даволаниш учун пул тўлагач, навбати келишини уч ойгача кутишга мажбур бўлмоқда. Депутатларга кўра, соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар парламент томонидан ҳукумат даражасига олиб чиқилсагина ҳал этилмоқда. Ваҳоланки, соғлиқни сақлаш вазирлигининг ўзи тизимдаги камчиликларни бартараф этишда ташаббус кўрсатиши керак.

Метро рельсига тушиб кетган қиз ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини инсофга чақирди

​Ижтимоий тармоқларда Тошкент метрполитени рельсига қиз тушиб кетгани акс этган видео тарқалган эди. Тошкент шаҳар ИИББ ушбу ҳолат юзасидан изоҳ берди (“Даракчи”, 27 декабрь). ИИББ ахборот мультимедиа маркази вакили Феруза Элмуродовага кўра, видеода акс этган ҳодиса аслида жорий йил 29 июль куни Алишер Навоий бекатида рўй берган. 20 ёшли Гулбаҳор Б. ҳушини йўқотиб электропоезд яқинлашиб келаётган пайтда рельсга қулаган. Машинист зудлик билан фавқулодда тўхтатиш чорасини кўргани боис фожианинг олди олинган. Рельсга йиқилган қизнинг айрим жойлари тимдаланган, холос. Қиз ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги тахминлар ҳам рад этилган. Гулбаҳорнинг маълум қилишича, ўша куни имтиҳони балларини билиш учун йўлга чиққан. Имтиҳон вақтидаги ҳаяжон ва бобосининг вафоти туфайли стрессга тушиб қолган қиз метрода ҳушидан кетган. Бахтсиз ҳодисада омон қилган 20 ёшли Гулбаҳор ижтимоий тармоқда уни “ўз жонига қасд қилган иродасиз қиз” деб талқин қилаётганларни инсофга чақирган.

XS
SM
MD
LG