Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:07

OzodDayjest: Сенат раиси минглаб ўқувчи ҳаёти хавф остида эканидан огоҳлантирди


Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев.
Олий Мажлис Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев.

Муаммоларни кўтараётган таниқли депутат босим остида қолди. Сенат раиси Ўзбекистонда қўлбола иситиш тизими ўқувчилар ҳаётига хавф солаётганига эътибор қаратди. Чегирмали чипталар чайқовга чиқиб кетгани қораланди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Олий Мажлис депутати халқ муаммоларини кўтараётгани учун унга босимлар бўлаётганини айтди

Расмий идоралар парламентга нисбатан беписанд муносабатда бўлаётгани депутатларнинг ўз вазифасини тўлақонли бажаришига ғов бўлмоқда (“XXI аср”, 20 декабрь). Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев маълум қилган. Депутатга кўра, идора ва ташкилотларнинг масъуллари парламент аъзоларига “Булар ким бўлибди, ўзича” қабилидаги менсимай муносабатда бўлмоқда. Айрим ташкилотлар эса расмий депутатлик сўровларига ҳам беписандлик қилмоқда. Масалан, “Қиш­лоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси бир гуруҳ фуқароларни асоссиз сарсон қилаётгани, ўзининг яширин ишларини президент қарори билан хаспўшлашга уринаётгани юзасидан расман депутатлик сўрови киритилган, аммо ширкат бунга эътиборсиз муносабатда бўлмоқда. Шунингдек, Олий Мажлис депутати Р. Кушербаев масъуллар олдига халқ муаммосини ҳал этиш борасида талаблар қўяётгани учун шахсан унга билвосита босимлар бўлаётганини айтган. Танқидий чиқишлари билан танилган депутат айнан қайси идора ёки ташкилотлар босим қилаётганини очиқламаган. Аммо у парламентни бор қилиш ҳам, йўқ қилиш ҳам халқнинг қўлида эканини урғулаган.

Сенат раиси: Мактаблардаги қўлбола иситиш тизими ўқувчилар ҳаётига хавф солмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев мамлакат мактабларидаги иситиш тизими хавфли ҳолатда экани ҳақида бонг урган (“Даракчи”, 20 декабрь). Сенатнинг 17-ялпи мажлисида сўзлаган Н. Йўлдошевга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолати кўп учраётганига қарамай, мактабларда болалар ҳаётига хавф солувчи иситиш печларидан фойдаланилмоқда. Масалан, Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятларида ўтказилган ўрганишлар шуни кўрсатганки, мазкур ҳудудлардаги 170 га яқин мактаб мўрили чўян ва қўлбола печкалар билан иситилмоқда. Бошқа вилоятларда ҳам аҳвол бундан яхшироқ эканига кафолат йўқ. Сенат раиси болалар соғлиғи ва ҳаётига хавф соладиган ушбу муаммони бартараф этиш бўйича таклиф билан чиқмагани учун Халқ таълими ва Соғлиқни сақлаш вазирликларига танбеҳ берган. Бу ҳол эртага мудҳиш оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Чегирмали чипталар чайқовчилар қўлига ўтиб кетган

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ 30 декабрдан 3 январга қадар маҳаллий ва “Афросиёб” тезюрар поезди чипталари чегирма асосида сотилишини очиқлаган, аммо йўловчилар чипта харид қилолмаётганидан шикоят қилган (“Оила даврасида”, 20 декабрь). Темир йўл кассаларида 20 декабрдан 5 январга қадар муддат учун чипта қолмагани маълум қилинган. Газета ўрганишларига кўра эса, кассада “қолмаган” чипталарни таниш-билиш орқали топиш мумкин. Чегирмали деб ваъда қилинган чипталар қора бозорга – чайқовчилар қўлига чиқиб кетган. Қайд этилишича, янги йил кунлари ва байрам арафасида темир йўл қатновига талаб кучаяди. Ана шундай паллада чипта савдосида турли ўйинлар қилинаётгани йўловчиларга қийинчилик туғдирмоқда. Бу ҳол, қолаверса, ички туризмни ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни йўққа чиқармоқда.

XS
SM
MD
LG