Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:35

OzodDayjest: ЎзЛиДеП бўлажак сайловдаги ғалабаси нақд эканини иддао қилди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Олий суд раиси ўринбосари буюртмаси билан қамалган тадбиркор адолат сўради. ЎзЛиДеП мамлакат сиёсий саҳнасида ўз ўрнини боса оладиган партия кўзга ташланмаётгани аксиома эканини иддао қилди. Журналистика университети ректори миллат тилини инсон ДНКсига менгзатди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Самарқандлик тадбиркор Олий суд раисининг собиқ ўринбосари буюртмаси билан ноҳақ қамалганини айтмоқда


Оғир иқтисодий жиноятларда айбланиб маҳкамага тортилган самарқандлик тадбиркор Шерзод Бурҳонов адолат истайди (www.daryo.uz, 24 октябрь). Суд 2017 йил февраль ойида унга 12 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Маҳкама якунида, шунингдек, 6 та автомашина ва 4,5 миллиард сўмга баҳоланган “Алмаз золотой дворец” ресторани мусодара қилинган.

Тадбиркор иддаосига кўра, уни туҳмат билан қамашга Олий суд раисининг собиқ ўринбосари Баҳодир Деҳқонов кўрсатма берган. “Биласизми, суд қандай ўтди, худди театрдек. Бўйнимга ноҳақ айбловларни қўйишди”, дейди у.

Қайд этилишича, Шерзод Бурҳонов қамалгач, 350 киши ишлаб келган “Алмаз Мастура Алмос” бахмал цехи фаолияти ҳам тўхтаган ва ишчилар тирикчилик учун чет элга кетиб қолган.

Шерзод Бурҳонов айбсизлигини айтиб, президент Шавкат Мирзиёевдан ўзига қўйилган айбловларни қайтадан кўриб чиқишда ёрдам сўраган.

Сайловда либерал-демократик партия ғалаба қозониши “аксиома” дея иддао қилинди


Ўзбекистонда 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган парламент ва маҳаллий кенгашлар сайловида либерал-демок­ратик партия (ЎзЛиДеП) ғалаба қозонади, деб ёзди мазкур партиянинг расмий нашри (“XXI аср”, 24 октябрь). Қайд этилишича, сайлов кампаниясига старт берилганидан буён турли интернет платформаларда ташкил этилган расмий ва норасмий ижтимоий сўровларда либерал партия кўп овоз йиғишга муваффақ бўлган. ЎзЛиДеП бўлажак сайловда ғалаба қозониши, умуман, сиёсий саҳнада унинг ўрнини боса оладиган партия кўзга ташланмаётгани аксиомадир, деб иддао қилади партия нашри.

Ўзбекистонда 20 сентябрь куни сайлов кампанияси бошлангани эълон қилинди. Унда “Миллий тикланиш”, “Адолат”,Либерал-демократик, Экологик ва Халқ демократик партиялари қатнашмоқда.

Қудратхўжаев: Эркак аёлини рашк қилганидек, ўзбеклар ўз тилини бошқа тиллардан қизғаниши керак


Ўзбекистонда ўтган давр мобайнида ўзбек тилининг ривожи учун жуда кам иш қилинди, дейди Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, сиёсий фанлар номзоди Шерзодхон Қудратхўжаев (www.uza.uz, 21 октябрь). Суҳбатдошга кўра, миллат учун тил бу ҳар бир инсоннинг ДНКси кабидир. Шундай экан, инсон тилини ўзгартирса, нафақат тил, балки миллат ҳам ҳалокатга юз тутади.

“Сохта социализм даврининг салбий таъсиридан тўла-тўкис холи бўлганимизча йўқ. Байрамларни яхши кўрамиз. Яхши байрамларимиз ҳам бор… Лекин 364 кун ўзбек тилига лоқайдлик кўрсатиб, фақат 21 октябрнигина байрам қиладиган бўлсак, бу нотўғри”, деган Ш.Қудратхўжаев. У, шунингдек, ўзбеклар бағрикенг миллат сифатида ном чиқаргани, аммо бу борада ҳам чегара бўлиши кераклигини таъкидлаган.

“Эркак аёлини рашк қилгани каби, биз ҳам ўз тилимизни бошқа тиллардан қизғанишимиз, унга гард юқтирмаслигимиз лозим”, деган ректор Шерзодхон Қудратхўжаев.

XS
SM
MD
LG