Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:55

OzodDayjest: Меҳнат вазири қўшиб ёзишларга барҳам бермоқчи


Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев тизимдаги қўшиб ёзиш муаммосини эътироф этди. Ички ишлар инспектори номусга тегишда гумонланувчидан 2000 доллар талаб қилди. Бойсунда ҳомиладор аёл Қрим-Конго геморрагик иситма касаллигидан вафот этди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Меҳнат вазири қўшиб ёзишлар тўхтатилишига ваъда берди

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ҳисоботида тизимдаги мавжуд қўшиб ёзиш ва сохталаштириш муаммоларини тан олди ва эндиликда улар тўхтатилади, дея ваъда берди (“Даракчи”, 30 май). Кейинги йилларда меҳнат вазирлиги мамлакатда ҳар йили бир миллионга яқин янги иш ўрни яратилаётгани ҳақида ёлғон ҳисобот тақдим этиб келган. Вазир 25 йил ичида меҳнат органларининг ўрни умуман қолмагани, меҳнат органлари хизмат хонасида оддий интернет ҳам бўлмаганини қайд этган. “Машинасозликка ихтисослашган коллежга бориб, пайвандчиликни ўргат, десангиз, на пайвандлаш қурилмаси бор, на асбоб-ускунаси... Яна шунча одамни касбга ўргатяпмиз деб ўзимизни ўзимиз алдаяпмиз. Энди амалда касбга ўқитишнинг фундаментал тизимини ўзгартирамиз”, деган вазир Ш.Кудбиев.

Бўстонлиқда ички ишлар инспектори 2000 доллар билан ушланди

Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани ички ишлар бошқармаси тизимида ишлаб келган профилактика инспектори жиноий жавобгарликка тортилди (“Инсон ва қонун”, 28 май). Исми ошкор этилмаган ички ишлар ходими номусга тегиш жиноятида гумонланаётган шахсдан терговчи билан гаплашиб ишни босди-босди қилиш эвазига 3000 доллар пул талаб қилган. Бу орада гумонланувчига нисбатан очилган иш тасдиғини топмагани сабаб тугатилган. Аммо тамагир инспектор ундан пул талаб қилишда давом этган. Ички ишлар ходими ўша шахсдан 2000 доллар олаётганда ушланган. Бўстонлиқ туман жиноят ишлари бўйича суди раиси Баҳодир Қораевга кўра, инспекторга тегишли жазо тайинланган. Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Сурхондарёда ҳомиладор аёл Қрим-Конго геморрагик иситма касаллигидан вафот этди

Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Омонхона қишлоғида яшаган, 1995 йилда туғилган З. Х. Қрим-Конго геморрагик иситма касаллигидан вафот этди. Бу ҳақда бир қатор матбуот нашрлари хабар берди. Ҳомиладор аёл аҳволи оғирлашгач, туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган ва шу ерда вафот этган. Қайд этилишича, текширувлар марҳуманинг яқинларига хавфли касаллик юқмаганини кўрсатган. Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бўлим бошлиғи Фарҳод Қурбонбековга кўра, 2018 йилда 2017 йилга нисбатан касаллик анча кўпайган. 2017 йилда 17 нафар бемор қайд этилган бўлса, 2018 йилда 30 бемор рўйхатга олинган. Ушбу хатарли хасталик асосан чўпонларда кузатилаётгани маълум қилинган.

XS
SM
MD
LG