Линклар

Шошилинч хабар
17 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:31

Матбуот шарҳи: Юлдуз ҳожи Усмонова паранжида ашула айтди


Хонанда Юлдуз Усмонова.
Хонанда Юлдуз Усмонова.

Жанубий Кореяда ишлашга номзодларни синовдан ўтказган миграция вакиллари ўзбек матбуоти танқидига нишон бўлди. Тошкент вилоятида тадбиркорлар ҳуқуқини бузган мансабдорлар жавобгарликка тортилди. Юлдуз Усмонова концертида биргина парда учун 1300 метр мато сарфланди.

________________________________________________________________

Ташқи меҳнат миграцияси қора қозонини қайнатиш учун Кореяга отланган фуқаролар устидан кулмоқда

Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан Жанубий Кореяда ишлашга номзодлар ўртасида ўтказган тест синови фуқароларнинг кучли эътирозига сабаб бўлди (“Жамият”, 7 апрель). Тест жараёнида берилган “Носир Хисрав 7 йил давом этган 2 та саёҳатда қанча масофани босиб ўтган?”, “Евроосиё материгида аҳоли зичлиги қанчани ташкил этади?”, “Туркистон тоғ тизмасининг қанча баландликларида арчазорлар учрайди?”, “Ўз умрини “боғ умрим” деб атаган шоир ким?” каби саволлар ҳақли норозиликлар уйғотган. “Таажжуб! Рўзғорини бут қилиш, қора қозонини қайнатиш учун хорижга ишлашга кетаётган одамнинг бу каби саволлар жавобини билиши нима учун ёки ким учун керак бўлди экан?! Чет элдан иш излаётган юртдошларимиз бу даражадаги маълумотларга эга бўлганида аллақачон ўзимизда иш топган ёки қайсидир олий таълим муассасасида ўқиётган бўлмасмиди?” деб ёзади газета. Қайд этилишича, бу йил агентликка 90 мингга яқин фуқаро Кореяга ишга бориш истагида он-лайн ариза берган. Улардан 3000 нафари Кореяда ишлаш имконига эга бўлади.

Тошкент вилоятида тадбиркорлар ҳуқуқини бузган мансабдорлар жавобгарликка тортилди

Тошкент вилоятида тадбиркорлар ҳақ-ҳуқуқларини бузган бир қатор мансабдорлар жавобгарликка тортилди (“Ҳуқуқ”, 13 апрель). Жорий йил биринчи чорагида тадбиркорларнинг “ягона дарча” марказига мурожаатлари бўйича 39 та ҳолатда қонунбузарликка йўл қўйилган. Шу боис Чирчиқ шаҳар бош архитектори М.Эшмуҳаммедов, Чиноз туман ҳокимлиги бош мутахассиси М.Зуфаров, Қибрай туман бош архитектори Ш.Мирзоидовга нисбатан жавобгарлик юзасидан иш қўзғатилган. Вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Алишер Қораевга кўра, текширувларда тадбиркорларга нисбатан қонунга зид ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш ҳолатлари ҳам қайд этилмоқда.

Юлдуз Усмонова 10 йиллик танаффусдан сўнг катта саҳнага қайтди

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова 10 йиллик танаффусдан кейин Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройида концерт берди (“Даракчи”, 13 апрель). Турли жанрлардаги 21 та композицияни ижро этган хонанда “Дунё” номли қўшиғини бошига паранжи ташлаган кўйи куйлаган. “Азизларим, меҳрибонларим, йиллар ўтиб, соғлик-омонликда дийдор кўришганимиздан бениҳоя хурсандман. Дийдор кўришишимизга сабаб бўлганларнинг ҳаммаларига Аллоҳдан жамики эзгуликларни сўраб қоламан” деган хонанда концерт аввалида. Қайд этилишича, концерт декорацияси 9 кун давомида тайёрланган. Саҳна учун 1300 метр оқ ҳарир матодан махсус парда тиктирилган.

XS
SM
MD
LG