Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:00

Тошкентда тадбиркордан $120000 пора талаб қилган солиқчи қўлга олинди


Пойтахт туманларидан бирида ишлайдиган солиқчи порахўрлиги учун 10 йилга қамалди. Қашқадарёда йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинма бошлиғи офицерлик погонига номуносиб ишга қўл урди. Чилонзор туман ҳокимлиги вакиллари миллионлаб сўм маблағни ўзлаштиргани учун жавобгарликка тортилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

________________________________________________________________

Солиқ мансабдори “PSM Group” компанияси раҳбаридан 120 минг доллар пора талаб қилди

Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек туман давлат солиқ инспекцияси бош тафтишчиси порахўрлиги учун 10 йилга озодликдан маҳрум этилди (“Ҳуқуқ”, 30 март). Исми ошкор этилмаган солиқ мансабдори “PSM Group” ширкатига тегишли фирма фаолиятини текшириб, бир қатор камчиликларни аниқлайди. Солиқ амалдори камчиликлардан кўз юмиш эвазига компания раҳбаридан 120 минг доллар пора талаб қилади. Амалдор ва тадбиркор ўзаро савдолашиб пора миқдорини 80 минг долларга туширишади. Тадбиркор айни пайтда тамагир солиқ мансабдори устидан ҳуқуқ идораларига шикоят қилади ва у талаб этилган миқдордаги порани олаётганда қўлга туширилади.

Қашқадарёда йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинма бошлиғи нафсига эрк берди

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинма бошлиғи, майор Зафар Хамраев офицерлик погонига номуносиб жиноятга қўл урди (“Постда”, 25 март). З.Хамраевга фуқаро И.Яхшибоев номига расмийлаштирилган ҳайдовчилик гувоҳномаси ва талон сохталаштирилгани ҳолатини ўрганиш топширилади. Ўрганиш жараёнида ҳужжатлар чиндан ҳам қалбакилаштирилгани ва фуқаро И.Яхшибоев уларни фуқаро Олим Абдуллаевдан олгани маълум бўлади. Шундан кейин майор З.Хамраев ҳужжатларни сохталаштиришда гумонланаётган О.Абдуллаевни суҳбатга чақириб, ундан 5000 доллар пора талаб қилади. Ички ишлар идорасида бўлиб ўтган “савдо”да “хизмат ҳақи” 1100 доллар бўлишига келишилади. Шу ернинг ўзида майор Хамраев 200 доллар “аванс” олади. Зафар Хамраев поранинг қолган қисмини беришини сўраб фуқаро О.Абдуллаевнинг ҳоли жонига қўймай муттасил қўнғироқ қилавергач, у майор устидан ҳуқуқ идораларига шикоят қилади. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинма бошлиғи поранинг қолган қисмини олаётганда қўлга туширилган. Ички ишлар зобитига қандай жазо тайинлангани очиқланмаган.

Чилонзор туман ҳокимлигидаги бошқарма бошлиғи миллионларни талон-тарож этгани фош қилинди

Тошкент шаҳри Чилонзор тумани ҳокимлиги Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи 2012 йилдан 2016 йилга қадар жуда катта миқдордаги маблағларни ўзлаштиргани фош этилди. Бу ҳақда туман прокуратураси вакили Дилшод Сабиров “Ҳуқуқ” нашрига маълум қилади. Исми ошкор этилмаган мансабдор 4 йил давомида аслида ишламаган ходимлар номига маош ёзиб, 390 миллион сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштирган. Бундан ташқари, бошқарма бошлиғи зиммасидаги вазифасига совуққонлик билан қараган – ҳудуддаги йўл ва йўлакларни таъмирлаш ишларини сифатсиз бажарган. Ҳокимлик бошқарма бошлиғи раҳбарлигидаги жиноий гуруҳ ҳужжатларни сохталаштириб, жуда катта миқдордаги ёқилғи-мой ва асфальт-бетон маҳсулотларини ҳам ўмарган. Қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди айбдорларга тегишли жазо тайинлаган.

XS
SM
MD
LG