Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:49

OzodDayjest: Автомобиль нархи ошиши ҳатто мум тишлаган сиёсатчиларни ҳам жунбушга келтирди


Депутатларни оддий халқ орасида талаб кучли бўлган Damas, Spark, Nexia каби автомобилларнинг нархи оширилгани жунбушга келтирган.
Депутатларни оддий халқ орасида талаб кучли бўлган Damas, Spark, Nexia каби автомобилларнинг нархи оширилгани жунбушга келтирган.

Автомобиллар нархининг оширилиши депутатларнинг ҳам эътирозига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистонда шажарани аниқлаш имконини берувчи янги экспертиза тури жорий этилади. Озодбек Назарбеков халқни мардикорлик кайфиятидан халос этиш йўлини айтди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

_____________________________________________________________

Автомобиль нархининг ошиши сукутга ўрганган сиёсатчиларни ҳам тилга киритди


Ўзбекистондаги монопол ширкат – “UzAuto Motors” автомобиллари нархи 21 фоизга қадар оширилгани аҳоли орасида норозилик келтириб чиқарди (www.uza.uz, 10 март). Бу ҳол ҳатто сукутга ўрганган, “тилсиз-забонсиз” сиёсатчиларни ҳам жунбушга келтирди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоев автомобиль нархи ошишига нисбатан “Камбағални туянинг устида ҳам ит қопади” деган мақолни ишлатган. Оддий халқ орасида энг талабгир ҳисобланган Damas, Spark, Nexia каби автомобиллар нархи оширилиб, ўзига тўқ табақа ҳарид қиладиган Malibu, Tracker, Equinox ва бошқа уловлар нархи ўзгаришсиз қолгани ҳам кучли эътироз уйғотган.

“Биздаги автомашиналар дунё бозориникидан икки баробар қиммат. Бу ҳукуматнинг омадсиз заводни тўхтаб қолишидан қўрқиб қилаётган иши, деб ўйлайман”, деган сенатор Абдуқодир Тошқулов.

Сиёсий партиялар лидерлари ҳам машина нархи ошишини қоралаган. Фақатгина “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров монопол автоширкатнинг ёнини олган. Айни пайтда депутатлар ёки сиёсатчилар автоширкатни монопол мавқедан маҳрум қилиш ва автомобиль бозорида эркин иқтисодий муносабатларни йўлга қўйиш борасида қатъий таклиф бермаган.

Амир Олимхоннинг авлодлари эканини даъво қилаётганлар янги усулда текширилади


Ўзбекистонда шажарани аниқлаш имконини берувчи янги экспертиза тури жорий этилади (www.kun.uz, 7 март). Бу ҳақда Республика суд экспертиза марказининг лаборатория мудири Дилобар Аҳмедова маълум қилган. Бу ўринда Y-хромосома орқали инсонларнинг генетик келиб чиқиши ва шажарасини аниқловчи янги усул ҳақида гап кетмоқда.

Y-хромосома, одатда, ота авлоддан наслдан наслга ўтадиган генетик белги ҳисобланади. Ушбу текширув усули орқали одамнинг шажарасини аниқлаш мумкин. Дилобар Аҳмедовага кўра, ушбу экспертиза турига кўплаб фуқаролар қизиқиш билдирмоқда. Марказга ҳатто амир Олимхоннинг авлодларимиз деб даъво қилган кишилар ҳам мурожаат қилган. Эндиликда уларнинг даъвосига экспертиза йўли билан аниқлик киритилади.

Қайд этилишича, жорий этилиши режалаштирилаётган экспертиза орқали одамларнинг этногенетик келиб чиқиши, яъни турк, араб, тожик ёки бошқа этник гуруҳга мансублигини ҳам аниқлаш мумкин бўлади.

Озодбек Назарбеков: Ўзбек халқи мардикорлик кайфиятидан қутулиши лозим


Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков тарихчи олимлар билан учрашувда ўзбек халқининг миллат сифатида ишончи сусайиб кетгани ҳақида гапирди (www.xabar.uz, 10 март). “Ҳозир бизда миллат сифатида ўзимизга бўлган ишонч жуда сусайиб кетган. Таъбир жоиз бўлса, мардикорчилик кайфияти бор. Биз миллий ғуруримизни кўтариш учун ғояни кучайтиришимиз лозим. Ёшларимизнинг қаддини кўтаришимиз лозим”, деган у. Миллий ғурурни кўтаришда эса О. Назарбеков тарихий фильмларнинг аҳамияти катта эканини таъкидлаган.

Маданият вазири тарихчи олимлар ва мутахассислар билан султон Жалолиддин Мангуберди сериали суратга олиниши юзасидан маслаҳатлашган. О. Назарбековга кўра, ушбу мавзуда дунё даражасида фильм суратга олиш учун бадиийликка жиддий эътибор бериш керак. Акс ҳолда, фильм токчада чанг босиб қолиб кетади. Айни пайтда хонанда-вазир Жалолиддин Мангуберди мавзуси жуда нозик экани ва уни увол қилиб қўймаслик лозимлигини ҳам уқтирган.

XS
SM
MD
LG