Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:33

“Курсантларнинг пахта териши президентнинг гапини бажармасаям бўлаверади деганими?”


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Шу йил 12 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев “Бу йил пахтага мактаб, институт – умуман, бирорта бюджет ташкилотлари олиб чиқилмайди. Эсларингдан чиқмасин” деб таъкидлаган эди.

Бу хитоб кўп йиллар мобайнида пахта теримига мажбурий жалб этиб келинаётган Қуролли кучлар ҳамда Ички ишлар академиялари ва Миллий гвардия институти курсантларига қувонч бағишлади. Бироқ кўп ўтмай қувончлар сўнди.

Президент тақиқлаганига қарамай мазкур олий ўқув юртлари курсантларини ҳар йилгидек теримга жўнатиш учун тайёргарлик бошлаб юборилган. Катта эҳтимол билан айтиш мумкинки, тез кунларда бу таълим даргоҳларининг эркак ўқитувчилари ва курсантлари пахтага жўнаб кетади. Терим эса камида бир ярим ёки икки ой давом этади.

Курсантлар яна теримга жалб этилса, қуйидаги хулосалардан бирига келиш мумкин:

Биринчи хулоса. Президентнинг топшириқлари ҳар доим ҳам бажарилавермайди.

Иккинчи хулоса. Ўзбекистон ҳукумати ҳали инсон ҳуқуқларини тўлиқ таъминлашга, шу жумладан, мажбурий меҳнатни тугатишга қодир эмас.

Айни вақтда Ички ишлар академиясида кундузги таълим муддати уч йил ҳисобланади. Агар академия курсантлари ҳар йили икки ой пахта теришга юборилса, уч йилда жами олти ой таълим олиш имконини бой беради. Академияда атиги икки ярим йил ўқиб чиққан ходимлардан малакали терговчи, профилактика нозири чиқиши мумкинми?!

Бундан уч йил олдин бош вазир Абдулла Ариповнинг қатъий топшириғига кўра олий таълим муассасаларининг талаба ва ўқитувчилари теримдан озод этилиб даладан ўқишга қайтарилган эди. Бироқ шунда ҳам курсантлар теримдан озод этилмаган эди. Ўтган йили эса курсантлар фуқаролик кийимида ниқобланган ҳолда пахта теримига жалб этилди.

31 август куни Ўзбекистон мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган байрам тантанасида президент Мирзиёев “Бугун бир фикрни қатъият билан таъкидлашни зарур, деб биламан: Ўзбекистондаги демократик жараёнлар энди орқага қайтмайдиган, муқаррар тус олди” деб таъкидлаган эди.

Бироқ икки ой ҳам ўтмай Қуролли кучлар ва Ички ишлар академиялари, Миллий гвардия институтларининг курсант ва ўқитувчиларининг Жиззахга пахта теримига жўнатилиши демократик жараёнларнинг олдинга силжишини англатадими ёки ортга қайтишиними?”

(Бу хабар "Paxtagram"га 18 сентябрь куни келган)

​----------------------------------------------------------------------

Илтимос, "PaxtaGram" лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг!​

"PaxtaGram" лойиҳасида Сиздан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди. ******************************************************************************

Муҳим эслатма: "PaxtaGram" лойиҳасида бериладиган маълумотлар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG