Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:03

Пахтага мажбурий чиқарилган ўқитувчилардан “ўз хоҳишим билан” деган ариза олинди


Кармана туманидаги 30-мактаб ўқитувчилари пахта теримига мажбуран чиқарилди
Кармана туманидаги 30-мактаб ўқитувчилари пахта теримига мажбуран чиқарилди

Навоий вилояти Халқ таълими бошқармаси 6 ноябр куни Кармана туманидаги 30-мактаб ўқитувчиларининг пахта теримига мажбуран чиқарилганини инкор этиб, ўқитувчиларнинг ўз хоҳишлари билан пахта тергани чиққани ҳақида расмий баёнот берди.

Бу баёнотни ўқиган мактаб ўқитувчиларининг айтишларича, улар ҳар якшанба куни ва кузги таътилда директор тазйиғи билан пахта теришга мажбуран чиқарилган.

Вилоят ва туман халқ таълимидан келган текширувчиларга эса ўқитувчилар мактаб директори нигоҳи остида “ўз хоҳишлари” билан теримга чиққанини ёзиб берганлар.

Мактаб директори ўқитувчилар теримга чиқарилгани ҳақидаги аноним сўровномани ёзаётганда у хонада бўлмаганини иддао қилмоқда.

Кармана туманидаги 30-умумтаълим мактабидан бир гуруҳ ўқитувчиларнинг Озодликка юборган мактубида кузги таътил бошлангани билан улар мажбуран пахта теримига чиқарилгани ёзилган:

Аммо мактаб директори қирққа яқин коллективни пахта теримига ҳайдади


“Навоий вилояти Кармана тумани 30-мактаб жамоаси номидан ёзмоқдамиз. 4-11 ноябрь кунлари ўқувчилар кузги таътилга чиқди. Биз – ўқитувчилар ҳам таътилдан фойдаланиб, озгина нафас ростлаймиз, келгуси чорак дарсларига тайёгарлик кўрамиз деб ният қилган эдик. Аммо мактаб директори барча педагог-ўқитувчилар – қирққа яқин коллективни пахта теримига ҳайдади. Халқ таълими ва Меҳнат вазирлиги ушбу ҳолат бўйича чора кўради деган умиддамиз”

Бу мактуб Озодликка 5-ноябр куни келиб тушган.

Ўқитувчилар ўз мактубларига далада тушган расмларни ва теримга мажбурланган 39 нафар ўқитувчи рўйхатини ҳам тақдим қилган.

Кармана туманидаги 30-мактабидан пахтага мажбуран чиқарилган ўқитувчилар рўйхати
Кармана туманидаги 30-мактабидан пахтага мажбуран чиқарилган ўқитувчилар рўйхати

Ўқитувчилар пахта теримига мажбуран чиқарилгани ҳақидаги расмларни ижтимоий тармоқларда тарқатганидан сўнг, 6-ноябр куни вилоят халқ таълими бошқармаси, туман халқ таълими бўлимидан махсус комиссия келиб вазиятни жойида ўрганишга ҳаракат қилган.

6-ноябр куни мактаб директори ўқитувчиларга пахтага чиқмасликка, иш ўринларида бўлиш ҳақида фармойиш берган.

Бу ҳақда Озодликка гапирган, исми сир қолишини сўраган ўқитувчилардан бирининг айтишича, текширувчилар гуруҳи ўқитувчилардан аноним сўровномани тўлдириб беришни сўраган:

Мактаб директори айланиб ким қандай сўровномани тўлдираётганини кузатиб турди


“Бу ёғи энди одатдаги спектакл бўлди. Юқори ташкилотлардан келган текширувчилар ким интернетга қўйди бу расмларни, сизлар хоҳишларингиз билан чиққансизлар, шарт эмас эди интернетга қўйиш, пахта миллий бойлигимиз каби гапларни айтишди. Кейин ҳамма ўқитувчиларга сўровнома беришди. Сўровномада мажбурладими, ўз ихтиёрингиз билан чиқдингизми, ким мажбурлади деган саволлар бор эди. Лекин, мактаб директоримиз айланиб ким қандай сўровномани тўлдираётганини кузатиб турди. Бундай ҳолатда ким ҳам мажбурлади деб ёзардик, ҳаммамиз ўз ихтиёримиз билан деган жойига чизиб бердик. Шу билан спектакл тугади”

Кармана туманидаги 30-мактаб ўқитувчилари пахта теримига мажбуран чиқарилди
Кармана туманидаги 30-мактаб ўқитувчилари пахта теримига мажбуран чиқарилди

Исми сир қолишини сўраган бошқа ўқитувчининг айтишича, пахта мавсуми бошлангандан бери дам олиш кунлари ҳам улар мажбуран пахта теримига чиқарилган:

“Кармана тумани Нарпай ҚФЙдаги “Қурбон Тоҳир” фермер хўжалигида пахта тердик. Директор пахтага чиқиш ёки ҳашарчи учун кунига 35 минг сўмдан беришни талаб қилди. Ноилож, ёш болаларимизни ташлаб далага чиқдик. Ҳатто ҳомиладор ҳамкасбларимиз ҳам пахта теришга мажбур бўлди. Дардимизни кимга айтишни билмадик"

Кармана туманидаги 30-мактаб директори Камола Темирова Озодлик билан суҳбатда, ўқитувчиларнинг пахта теримига мажбуран чиқарганини инкор қилди ва сўровнома пайтида синфда бўлмаганини иддао қилди:

“Бу воқеа 27 октябр, якшанба куни содир бўлган. Олти нафар бошланғич синф ўқитувчиларимиз ўзлари ташаббус кўрсатиб, менинг ҳеч қандай хабарим йўқ, пахта тергани чиқишган. Фермер Қурбонов Зойир ака сизлар ўқитувчиларсиз, сизларга териш мумкин эмас, деб киргизмаган. Лекин булар сизларга озгина ёрдам берайлик деб илтимос қилишган. Бўлган воқеа шу, бизларда мажбурий меҳнат йўқ. Бугун ўқитувчилардан сўровнома олинганда мен у хонага кирганим ҳам йўқ ва у сўровнома қайси синфда олинганини ҳам билмайман”

Ўзбекистонда мажбурий меҳнат тақиқланган бўлса-да, Озодликка келаётган хабарларда бюджетдан маош олиб ишлайдиган корхона ва ташкилотлар ходимларини пахта теримига мажбуран жалб этиш давом этаётгани кўринади.

Хабарларда мажбурий меҳнат борлиги фото ва видеолар билан исботланган бўлса-да, лекин ташкилотлар раҳбарлари зўр бериб бу фактларни инкор қилишга уринмоқда.

Жумладан, “Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ўқувчилари ҳам 19 октябрдан буён Учқўрғон туманидан пахта тераётгани ҳақида Озодликда мақола чиққач, “Ватанпарвар” ташкилотининг Наманган вилоят кенгаши буни рад этиб, ҳатто “ахборот шантажи” деб атаган эди. Аммо, уларнинг ёзишича, "биз ҳали ҳам пахта майдонидамиз...”

Тошкент вилояти Оҳангарон тумани “Ғаллақудуқ” МФЙ Қурувчилар кўчасида жойлашган 48-манзил колониясидан ёзган маҳкумларга кўра, ИИВ жазони ижро этиш бошқармасига тегишли колонияда жазо ўтаётган маҳкумлар пахта теримига олиб чиқмоқда. Маҳкумлардан бири хотинининг айтишича, 80 кило нормани бажармаган аристонларга колония нозирлари жазо қўлламоқда...”

XS
SM
MD
LG