Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:44

Олмалиқдан Жиззахга пахтага юборилган 24 яшар йигит муштлашув оқибатида комага тушди


Пахта хирмони ва теримчи
Пахта хирмони ва теримчи

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳридан Жиззах вилояти Дўстлик туманига пахта териш учун юборилган 24 яшар Соҳибжон Муталибов маҳаллий йигитлар билан чиққан муштлашув оқибатида олган жароҳатларидан комага тушди.​

Дўстлик туман Ички Ишлар бўлими ходимлари воқеа юзасидан айни туманда истиқомат қилувчи 23 яшар Хушвақт Мардибоевга нисбатан қидирув эълон қилди.

Дўстлик ИИБ навбатчисининг Озодликка маълум қилишича, 28 сентябрь куни Дўстлик шаҳарчаси марказида Хушвақт Мардибоев Олмалиқ Кимё заводидан пахта теримига келган 24 яшар оддий ишчи йигит Соҳибжон Муталибовни уриб, бош чағаноғини ёриб ташлаган.

Озодлик гаплашган воқеа тафсилотидан хабардор манбалар¸ жанжалнинг маиший тортишувдан келиб чиққанини билдирди.

Соҳибжон Муталибов беҳуш ҳолатда туман марказий шифохонасига ётқизилган, Хушвақт Мардибоев эса воқеа жойидан қочишга муваффақ бўлган.

Дўстлик тумани ИИБ навбатчиси Хушвақт Мардибоевни қидириш амалиёти давом этаётганини билдирди.

Унинг қўшимча қилишича, Хушвақт Мардибоев билан бўлган "муштлашув" пайтида Соҳибжон Муталибов бошидан лат еган ва беҳуш ҳолатда туман марказий шифохонасига ётқизилган.

Дўстлик тумани марказий шифохонасининг ўзини таништирмаган шифокори Соҳибжон Муталибовнинг "аҳволи ўта оғир ҳолатда реанимацияда қолаëтгани"ни тасдиқлади.

"Мия шишган. Калла чағаноққа сиғмаяпти. Шиш қайтмагунича бир нарса дея олмаймиз. Бош суяги ёрилган. Етмиш миллиграм қон қотиб қолган," деди даволовчи шифокорлардан бири.

Соҳибжоннинг отаси Қурбонали Муталибовнинг айтишича, ўғли тўрт кундан буён беҳуш ётибди.

- Сув қуяяпмиз, овқатни шлангдан бераяпмиз. Комада тўрт сутка бўлди. Докторлар кўзини очмагунича ҳеч нарса қила олмаймиз, ҳеч нима дея олмаймиз, дейди, - деди жабрдийданинг отаси.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Озодликка 1 октябрда маълум қилишича, “мазкур ҳолат бўйича 29 сентябрь куни Жиноят Кодексининг 104-моддаси 1-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилган”.

Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 104-моддаси "қасддан шикаст етказиш" жинояти ва унга бериладиган жазони ўзи ичига олади.

Ўзбекистонда ҳар йили пахта терими мавсумида ҳалокатли ҳодиса ва воқеалар қайд этилади.

Шу йилнинг 18 сентябрь куни Бухоро-Қоровулбозор йўлининг Когон тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида ​автобусда газ баллони портлаши оқибатида пахтага бораётган 5 киши ҳалок бўлган ва яна 21 одам турли даражада жароҳат олган эди.

29 сентябрда эса Самарқанд вилоят, Иштихон туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида пахта теримига кетаётган 3 аёл ҳалок бўлди. Орадан бир кун ўтиб ҳодисада тан жароҳати олган тўртинчи аёл Иштихон туман марказий шифохонасида вафот этди.

XS
SM
MD
LG