Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:08

Болаларни пахта теришга мажбурлаган саккиз раҳбар жаримага тортилди


Cамарқанд вилоятида талабалар пахта топширмоқда
Cамарқанд вилоятида талабалар пахта топширмоқда

Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги 27 декабрда тарқатган хабарга кўра, ўтган пахта териш кампаниясида ёши 18 га етмаган болаларни пахта йиғим-теримига мажбурлаган саккиз нафар раҳбар жаримага тортилган.

Меҳнат вазирлиги меҳнатга мажбурлаш ҳолатлари мустақил жамоат ташкилотлари томонидан аниқланганини билдирди.

Болаларни меҳнатга мажбурлашни бартараф этишга қаратилган мониторинг Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ) тавсияси билан амалга оширилмоқда.

4,7 миллион сўм жарима

Ўзбекистонда расман 19 сентябрдан бошланиб 31 сентябргача давом этган пахта йиғим-терими кампаниясини мониторинг қилиш натижаларига кўра, ёши 18 га тўлмаган болаларни пахта теришга мажбурлаган учта ўрта мактаб, иккита касб-ҳунар коллежи директори, иккита фермер хўжалиги раҳбари ва бир поликлиника бош врачи маъмурий жавобгарликка тортилган.

Меҳнат вазирлиги баëнотида айтилишича¸ бу расмийлар жами 4,7 миллион сўмлик жаримага тортилган.

Меҳнат вазирлиги таъкидича¸ Давлат инспекциясига келиб тушган 30 та шикоятдан ўнтасига қонуний чоралар кўрилган, еттита ариза бўйича текширув ўтказилиб¸ меҳнат тартибини бузган шасхлар билан тушинтириш ишлари олиб борилган, 13 та аризада келтирилган важлар асоссиз, дея топилган.

"Агар ҳокимиятдан буйруқ бўлмаса..."

Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ҳолатларини тадқиқ этиб келаëтган Ўзбекистон-Германия форуми раҳбари Умида Ниёзова, пахта мавсумида болаларни меҳнатга мажбурлаган саккизта раҳбарнинг жазолангани ҳақидаги хабарни "жуда кулгили" деб баҳолади:

- Aгар меҳнатга мажбурлаш учун жазолаш керак бўлса, бу ишни аввало Шавкат Мирзиёев, вилоятлар ва туманлар ҳокимларидан бошлаш керак. Агар ҳокимиятдан буйруқ бўлмаса, на бирор мактаб директори ва на бош врач ўз ходимларини пахта теримига юбормайди, - деди Умида Ниёзова.

Унинг таъкидлашича, 2016 йилги пахта йиғим-терими мавсумида ҳам мажбурий меҳнатдан фойдаланиш Ўзбекистон бўйлаб давом этган.

Ўзбекистон ҳукумати ва Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ўртасида 2012 йил имзоланган битимга мувофиқ, Тошкент ҳукумати ёши 18 га тўлмаган болаларни пахтага чиқармаслик мажбуриятини зиммасига олган.

Айни битим ортидан Ўзбекистонда 2014-2016 йилларга мўлжалланган "Муносиб меҳнат дастури" қабул қилинган.

Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ва Ксаба уюшмалари иттифоқи биргаликда мажбурий меҳнатга қарши чиқарган варақа
Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ва Ксаба уюшмалари иттифоқи биргаликда мажбурий меҳнатга қарши чиқарган варақа

"Муносиб меҳнат дастури"ни амалда татбиқ этиш учун Ўзбекистон ҳукуматига АҚШ Меҳнат департаменти томонидан 6 миллион доллар ажратилган.

Умида Ниёзова бундай назорат механизми амалда иш бермайди, деган фикрда:

- Механизмдаги камчилик шуки, Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ташкилотчиси давлатнинг ўзи ва ўзбеклар мажбурий пахта териш давлат сиёсати эканини яхши билишади. Ўз раҳбаринг сени пахтага юбориб турса, сен у билан муносабатларни бузишни истамайсан. Биз юзлаб одам билан гаплашдик, лекин ҳеч ким шикоят қилиш ҳаққидан фойдаланаман, деб айтмади. Ҳамманинг оғзида бир жавоб, "буйруқ тепадан келаётган бўлса, шикоят қилишдан нима фойда, - дейди Умида Ниёзова.

Мажбурий меҳнат сақланиб қолмоқда

Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги саккизта раҳбар жазолангани ҳақидаги хабарни ​Европа парламенти Ўзбекистондан импорт қилинаётган пахта ва тўқимачилик маҳсулотларига солиқни камайтириш ҳақидаги протоколни ратификация қилиш учун овоз беришидан икки ҳафта ўтиб эълон қилди.

Европарламентнинг бундай қарор олишига Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон пахта саноатида болалар меҳнатидан фойдаланилмаётгани ҳақидаги хулосаси туртки бўлган.

Айни пайтда Ўзбекистон пахта саноатида мажбурий меҳнат сақланиб қолмоқда.

Кейинги йилларда расмийлар йўқотилган ёш болалар меҳнати ўрнини тўлдириш учун вояга етганлар меҳнатидан янада кўпроқ фойдаланмоқда.

Anti-Slavery International, Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари Ассоциацияси, Cotton Campaign, Human Rights Watch, Инсон ҳуқуқларига доир Ўзбекистон-Германия форуми тўплаган маълумотларга кўра, 2016 йилда Тошкент ҳукумати юз минглаб аҳолини пахта теримига мажбуран сафарбар қилган.

XS
SM
MD
LG