Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:32

Пахта билан боғлиқ икки фалокат: Бухорода зобит машинасида ёниб кетди; ҳашарчи тўла автобус зовурга ағдарилди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Бухоро вилояти Жондор туманида 30 октябр куни Олот тумани ИИБ ЖҚ бўлими тезкор ходими бошқарган машинанинг пахта юклаган трактор прицепига бориб урилиши оқибатида машина ёниб кетди, зобит воқеа жойида ҳалок бўлди.

Бу воқеадан икки кун аввал эса, шу туманнинг Оғар қишлоғида ҳашарчиларни пахтадан олиб қайтаётган автобус "Матиз" автомашинасига урилиб, сув тўла зовурга ағдарилиб кетган.

"Матиз" ҳайдовчиси оғир жароҳат билан касалхонага ётқизилган, ҳашарчилар енгил тан жароҳати олган.

Жондор ва Олот тумани ИИБ мулозимлари шундай воқеа бўлганини тасдиқлади.

Олот тумани ИИБнинг тергов бўлими зобити Шоҳидбек Жумаев 30 октябрь куни кечки соат саккизларда Хумин қишлоғи яқинидаги айланма йўлда содир бўлган автоҳалокатда ёниб кетган.

Воқеа гувоҳларидан бирининг Озодликка айтишича, Шоҳид Жумаев бошқарган “Равон” автомобили катта тезликда пахта юклаган трактор прицепининг орқасидан келиб урилган:

У боланинг ўзи ҳам ўтирган жойида ёниб, кул бўлиб қолганини кўрдик


“Уголовный розыскда ишлаган экан бу бола. 30 октябр куни Бухоро шаҳридан қайтаётган экан. Биз пунктга пахта топширгани борган эдик. Заводнинг олдида разворот бор. Ўша ерда пахта ортган трактор бурилаётган экан, бу жуда катта тезликда келиб, прицепнинг орқасидан солган. Удар шунча қаттиқ бўлганки, мошинасидаги газ баллони портлаб кетган. Пахта ҳам ёнган, мошина ҳам. У боланинг ўзи ҳам ўтирган жойида ёниб, кул бўлиб қолганини кўрдик”

Олот тумани ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

“Ҳа, тўғри, тракторнинг орқасидан келиб урган. Яхши оперативник бола эди, фалокатда, энди”

Бу воқеадан икки кун аввал, 28 октябрь куни Жондор туманининг Оғар қишлоғида ҳашарчиларни пахтадан олиб келаётган автобуснинг “Матиз” автомобили билан тўқнашиб кетган.

Воқеа гувоҳларидан бирининг айтишича, автобусда маҳалладан йиғилган пахта терииш отряди ҳашарчилари бўлган:

Автобус четга оламан деб, зовурга чаппа бўлган


“Кечки соат еттиларда бўлган бу воқеа. “Матиз”нинг ҳайдовчиси маҳаллий фермерлардан бири экан. Қарама-қарши томондан келиб, автобусга тўқнашиб кетган. Автобус четга оламан деб, зовурга чаппа бўлган. Тасодиф туфайли ҳеч ким қаттиқ жароҳат олмаган. “Матиз”нинг эгаси эса оғир жароҳат билан касалхонага ётқизилган”

Жондор тумани ички ишлар бўлимининг мулозими бу воқеада қаттиқ жароҳат билан ҳеч ким касалхонага мурожаат қилмаганини айтди.

Ўзбекистонда пахта мавсумида пахта терими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари тез-тез содир бўлиб туради.

Жумладан, Сирдарё вилоят, Боёвут туманига пахта теримига олиб чиқилган ҳарбийлардан икки нафарини 13 октябрь куни трактор босиб кетган эди. Ҳарбий хизматга Фарғона водийсидан чақирилган бу икки аскар воқеа жойида ҳалок бўлди.

Фарғона вилояти Данғара туманидаги тўртта мактабнинг директор муовинлари 29 сентябрь куни кечки пайт A-373 магистрал​ йўлининг Қўқон шаҳридан ўтувчи қисмида автоҳалокатга учраган эди. Улардан икки нафари воқеа жойида ҳалок бўлди, қолган икки нафари оғир аҳволда касалхонага ётқизилди.

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида теримчиларни пахта даласига олиб кетаётган "Дамас" автомашинаси "Кобальт" автомобили билан тўқнашиб, ағдарилиб кетди. Ҳодиса 22 сентябрь, эрталаб Хўжайли туман касалхонаси рўпарасидаги йўлда содир бўлган.

Хўжайли туман Ички ишлар бўлими навбатчиси аварияда бир киши - 19 яшар йигит ўлганини, "Дамас" ва "Кобальт" машиналари ичида бўлган ўнга яқин одам жароҳатланганини Озодликка тасдиқлади.

XS
SM
MD
LG